Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.05.2018 10:47 Чоп этиш версияси

Олам ҳайратомуз тилсимларга бой

Олам ҳайратомуз тилсимларга бой
Ярим тунда баҳайбат бир ҳўкиз келиб, Хожа Аҳмад Яссавий қабри устига қурилаётган мақбара деворларини бузиб ташлайверган. Бу синоатнинг боиси нима эди? 

Олти асрки, Тошкент вилоятида жойлашган Занги ота қадамжоси ҳамюртларимиз мудом интиладиган, маънавий озуқ оладиган муаззам гўша ҳисобланади.

01.jpg

Зиёратгоҳнинг меъморий мажмуаси Занги ота ва унинг рафиқаси Анбар она мақбаралари, хонақоҳ шийпони ва дарвозахона, бир-биридан ажралиб турадиган мадраса, масжид, минора ва ҳовуздан ташкил топган. Қурилганидан бери бир неча бор таъмирланган бўлса-да, айнан мустақиллигимиздан кейин ушбу табаррук манзилга эътибор янада кучайди.

03.jpg

Мажмуа ҳудудида 1000 ўринли янги масжид, минора, таҳоратхона, ер ости ўтиш йўли, автотўхташ жойи, 3 қаватли меҳмонхона, миллий ҳунармандлик савдо дўконлари барпо этилди. Занги ота ва Анбар она мақбаралари ҳам қайта таъмирланди.

04.jpg

Мазкур мақбаранинг вужудга келиши ҳақида халқ орасида бир қанча фаразлар юради. Ривоят қилинишича, Амир Темур Туркистонга бориб, Хожа Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилгач, Пири комилнинг қабри устида мақбара барпо этишга фармон беради ва қурилиш ишлари дарҳол бошлаб юборилади. Мақбара пойдевори устида девор қад ростлайди.

06.jpg

Эрта тонгда уста-мардикорлар уйқудан туриб, не кўз билан кўр¬синларки, кечагина кўтарилган девор ағдарилиб, ғиштлар ҳар томонга сочилиб ётарди. Ҳамма ҳайратдан ёқа ушлайди. Усталар ишга киришиб, деворни қайта тиклайдилар. Афсуски, ўша аҳвол яна такрорланади. Не машаққату моҳирлик билан кўтарилган девор тунда қулаб тушаверади. Шундан кейин кечаси девор ёнига пойлоқчи қоровуллар қўйилади. Улар туни бўйи мижжа қоқмай девор атрофини кузатишади. Ярим тунда баҳайбат бир ҳўкиз келиб, деворни бузиб, ғойиб бўлади. Амир Темур бу воқеадан воқиф бўлгач, ҳайратга тушади ва бунда бир сир бор, аниқлаш лозим, деган қарорга келади.

07.jpg

Шу воқеадан сўнг Амир Темур бир туш кўради. Тушида эгнига узун оқ яктак кийган, бошига оқ салла ўраган, соқоли кўкрагига тушган нуроний қария Соҳибқиронга: “Эй Амир! Мақбарани аввал Занги ота учун қургин, сўнгра бу ишингни давом эттирасан. Шунда девор бузилмайди. Зеро, Занги ота дунёга келганда чақалоқни, Хожа Аҳмад Яссавийга кўрсатишган ва ундан суюнчи сўрашган. Ўшанда ул зот суюнчига: “Ҳар бир эзгулик аввал сизга, сўнгра бизга бўлсин, Аллоҳу акбар!” деб ҳиммат қилганлар. Занги отанинг қабрини топиш қийин эмас. Бунинг учун бир оқ туя олиб, яхши ният билан қўйиб юборасизлар ва унинг ортидан кузатиб борасизлар. Туя, албатта, Занги отанинг қабрини топиб беради”, деб кўздан ғойиб бўлади.

08.jpg

Амир Темур тушидаги ғойибона суҳбатдан ҳайратланиб, эртасигаёқ оқ туя топтиради ва уни йўлга солдириб, орқасидан тўрт-беш нафар одамни кузатувчи қилиб жўнатади. Оқ туя бир неча кун йўл босиб, ҳозирги Занги ота қишлоғига кириб келади. Шу ерга етганда туя таққа тўхтайди. Сўнгра йўлдан бироз четроқ чиқиб, тиз чўкади ва у ёқ-бу ёққа аланглайди. Кузатувчилардан бири тезда отдан тушади-да, туянинг атрофини қамчи билан чизиб қўяди. Айтишларича, шу белгиланган жойга дарвозахона (жиловхона) қурилган экан.

09.jpg

Туя шу чўкканча, ўрнидан турмай, ўрмалаб, юқори томонга қўзғалаверади. Мулозимлар унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб туришади. Бир жойга етганда туя бошини қибла томонга буриб, оёқларини чўз¬ганча, кучли наъра тортиб, жон беради. Кузатувчилар туя ётган жойни белгилаб, Занги отанинг қабри шу ерда бўлса керак, деган хулосага келишади. Воқеа тафсилотлари дарҳол Амир Темурга етказилади. Соҳибқирон эса тезда Занги ота мақбарасини қуриш ҳақида фармон чиқаради.

11.jpg

Мазкур мақбара қуриб битказилгандан кейингина, Амир Темур Аҳмад Яссавий мажмуасини бунёд этишга киришади.

13.jpg

Ҳа, олам ҳайратомуз тилсимларга бой. 

Олти асрдан буён қанча-қанча хонлар, жаҳонгирлар, лашкарбошилар, аллома-ю уламолар бу дунёдан ўтиб кетишди. Занги ота ёдгорлиги эса бизга тарихдан шоҳидлик бериб, ҳамон қад ростлаб турибди. Умид ва яхши ният билан бу ерга қадам қўйган, зиёратчилар қалбида эзгуликлар уйғотяпти.

Ситора Валиқулова

Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
10 849