ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

ОКМК: Инвестиция лойиҳаларининг ижроси йўлида

ОКМК: Инвестиция лойиҳаларининг ижроси йўлида

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига 2026 йилгача 2,9 миллион доллар инвестиция жалб этилиб, 2023 йилгача мис ишлаб чиқариш ҳажмини 28 фоиз, рух ишлаб чиқаришни эса 75 фоизга ошириш режалаштирилган.

Бу ҳақда комбинатга оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “ОКМК: Инвестиция лойиҳаларининг ижроси йўлида” мавзуида ташкил этилган навбатдаги пресс-турда маълум қилинди.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги мазкур комбинат мис-молибден, полиметалл, олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича нафақат Ўзбекистон, балки жаҳондаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Айни пайтда корхона ва унинг Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидаги таркибий бўлимларида 35 мингдан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилаётир.

Комбинатни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига илғор замонавий технологияларни, етук мутахассисларни жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани туфайли жамиятнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги ва сифати юксалмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.

OKMK press tur (3).JPG

Корхонанинг инвестиция дастури доирасида қиймати 3 миллиард 349,8 миллион доллар бўлган 5 та йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу жумладан, “Ёшлик I” конини ўзлаштириш” лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 2 миллиард 676,2 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилади. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига 74 миллион тонна руда қазиб олиш қувватига эга бўлган кон, 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имкониятга эга бўлган янги – 3-сонли Мис бойитиш фабрикаси, 275 минг тонна мис ишлаб чиқариш қувватига эга мис электролизи цехи, 55 минг куб метр кислород ишлаб чиқариш қувватлари қурилади.

Шунингдек, янги 2-эритиш (Ванюков) печи қурилиб, анод ва конвертор бўлими реконструкция қилинади. Комбинатда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳалар ҳисобига 6 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Бугунги кунда мазкур лойиҳа доирасида 272,5 миллион долларидан зиёд қийматдаги юқори унумли тоғ-кон техникаси импорт қилиниб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 55,4 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги техника, шунингдек, 5 миллиард сўмлик 36 дона электр асбоб-ускуналар етказиб берилди.

Айни пайтда объектда қурилиш-монтаж, тоғ-кон ва қазиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа бошланганидан буён жами 39 миллион куб метрдан зиёд ҳажмда қазиш ишлари бажарилди. 2017 йилда 3,2 миллион куб метр, 2018 йилда 13 миллион куб метр ва 2019 йилда 20 миллион куб метр қазиш ишлари бажарилган бўлса, 2020 йилда 25 миллион куб метр ҳажмда қазиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Йил якунига қадар ушбу лойиҳа доирасида ўзлаштириладиган инвестициялар ҳажми 225,2 миллион долларга тенг бўлиши кутилмоқда.

OKMK press tur (7).jpg

Қизил-олма кони базасида “Самарчук” ер ости кони қурилиши лойиҳаси доирасида эса қиймати 71,5 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилиши ҳамда лойиҳани амалга ошириш ҳисобига йилига таркиби олтинга бой 100 минг тонна руда қазиб олиш вазифаси белгиланган. Ҳозирги кунда бу ерда ер усти ишлари тугалланиб, шахтада кончилик ишлари давом этмоқда.

Яна бир муҳим лойиҳалардан бири – “Хом-ашёни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига 124,6 миллион доллар ўзлаштирилади. Шунингдек, “Қалмоққир” ва “Саричўққи” конларидан руда қазиб олиш ҳажми 3,1 миллион тоннага оширилади. Айни пайтда лойиҳа доирасида асосий технологик ускуналарни етказиб бериш ишлари давом этмоқда. Мазкур кондан 2017 йилда 37,2 миллион тонна руда қазиб олинган бўлса, лойиҳа ишга тушганидан кейин, аниқроғи 2021 йилда унинг қуввати йилига 40,3 миллион тоннага етказилади.

“Асосий ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва стабиллаштириш дастури” доирасида 2019-2022 йилларда мис бойитиш фабрикаси, мис эритиш ва рух заводлари қувватларини модернизация қилиш ва янгилаш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳани амалга оширилиши натижасида 357,5 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши билан бир қаторда, комбинат томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган чиқинди ҳамда заҳарли газлар миқдори сезиларли даражада камайишига эришилади.

Мухтасар айтганда, 5 та йирик лойиҳа доирасида 2019-2022 йилларда жами 1 миллиард 455,8 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиб, рудани қазиб олиш ҳажми 3 бараварга, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарилиши қарийб 2 бараварга, экспорт ҳажми 1,6 мартага, бюджетга тушумлар эса 1,3 мартага оширилади.

1 436
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА