ЎзА Ўзбек

23.11.2019 Чоп этиш версияси

Ҳокимликлар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас

Ҳокимликлар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас

Ер участкалари олиб қўйилаётган ҳудудда жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация тўланади. Ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигида қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифингда маълум қилинди.

Брифинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланди.

Мазкур қарор билан ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади.

Ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда харажатлардан устун келганда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.

Ҳокимликлар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас. Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади.

Ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади.

Келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади. Ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади.Адлия органлари компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганади ва ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади. Уларнинг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларга:

эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ерларга, участкаларига нисбатан татбиқ этилади;

мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур тартиб 2020 йил 1 январдан кучга киради.

Умуман тадбирда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжати ҳақида маълумот берилди.

3 435
Муҳайё Тошқораева, ЎзА