ЎзА Ўзбек

09.08.2018 12:26 Чоп этиш версияси

Ҳокимлар инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқига эга

Ҳокимлар инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқига эга

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлар 10 млн. АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқи берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти хусусидаги шарҳимизни давом эттирамиз. 

Илгари инвестицион шартномалар фақат ҳукумат даражасида тасдиқланар эди. Мазкур Фармон билан эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига 10 млн. АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқи берилди. 

Жорий тартибга асосан, ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш муддати уч йилдан ўн йилгача этиб белгиланган. Шу билан бирга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ер участкасини ижарага бериш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган. Эндиликда туман ҳокимлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга 50 йилгача муддатга ижарага бериш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Доимий эгалик қилиш ҳуқуқи аукцион орқали сотиладиган бўлди. Яъни меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш амалиёти жорий этилди.

Ер участкасини ижарага бериш тартибининг ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқидан афзал томони шундаки, инвесторга ер учаскаси доимий фойдаланиш учун керак бўлмаслиги мумкин. Шундай ҳолларда у ижара муддати тугаши билан киритган мол-мулкини ўзи билан олиб чиқиб кетиши мумкин бўлади.

Соддалашган жараён

Эътиборлиси, Фармонда Адлия вазирлигининг қатор ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Хусусан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача КАМАЙТИРИЛДИ;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий жисмоний шахс ҳам қатнашишига имкон яратилди;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача КАМАЙТИРИЛДИ;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараварга КАМАЙТИРИЛДИ (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг 32 ва 16 баравари миқдорида эди);

акциядорлик жамиятлари устав фондининг энг кам миқдори 400 миллион сўм этиб белгиланди (илгари 1,6 млрд. сўм эди).

Экспортга рағбат

Фермерларга ўз маҳсулоти учун мустақил нарх белгилашига рухсат берилди. Илгари экспорт контрактларини тузаётганда “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархларда тузишлари лозим эди. Эндиликда эълон қилинган нархлардан паст бўлган нархлар бўйича ҳам шартномалар тузиш мумкин.

Жорий амалиёт бўйича тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб-рақамига валюта тушумлари шартномада кўрсатилган муддатдан 180 кундан ортиқ кечиктирилмаслиги лозим. Акс ҳолда, уларга нисбатан кечиктирилган валюта суммасининг 100 фоизи миқдоригача жарима солиш кўзда тутилган. Фармон билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, бу тартиб БЕКОР ҚИЛИНАДИ.

Виза имтиёзлари

Мамлакатимизга инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга КЎП МАРТАЛИК УЧ ЙИЛЛИК ВИЗА олиш имкони яратилди. Бунинг учун инвестор хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш шарти билан энг кам ойлик иш ҳақининг 8 500 бараваридан (1,5 млрд сўм) кам бўлмаган миқдорда ёки хорижий корхона ташкил этиш шаклида инвестиция киритиши лозим. 

Шунингдек, мазкур визанинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш ҳуқуқи берилади. 

Илгари кўп марталик визаларнинг узоқ муддати бир йилни ташкил қилиб, унинг муддатини узайтириш учун Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига кириб-чиқиш зарур эди.

Истиқболдаги вазифалар

Фармон билан Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра:

инвестициявий фаолиятни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати лойиҳасини жорий йилнинг охиригача тайёрлаш;

ер участкаларига нисбатан хусусий мулк ҳуқуқини босқичма-босқич жорий этиш;

лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан ислоҳ қилиш;

акцияларни бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштиришни кенгайтириш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ЎзА
6 536