ЎзА Ўзбек

02.08.2018 17:34 Чоп этиш версияси

Ҳокимият светофор ўрнатишни салкам бир ойга чўзди, оқибатда...

Ҳокимият светофор ўрнатишни салкам бир ойга чўзди, оқибатда...
Пиёдалар ўтиш жойига биргина светофор ўрнатиш учун қанча вақт керак бўлади? Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги йўл ҳаракатини бошқарув техник воситалар ўрнатиш ва фойдаланиш департаменти биргина светофор ўрнатиш ишини 26 кунга чўзган.

Актриса Фарангиз Режаметова 20 июль куни Мирзо Улуғбек тумани, Абдулла Қодирий кўчасида тартибга келтирилмаган пиёдалар йўлакчасини кесиб ўтиш вақтида ЙТҲ оқибатида вафот этган. Қўққисдан катта тезлик билан келган автомобиль ҳайдовчиси актрисанинг ҳаётига зомин бўлган эди. Ушбу тартибга келтирилмаган пиёдалар йўлакчасида 30 июль куни светофор ўрнатилди. Шундан сўнг, интернетдаги ижтимоий тармоқларда, “светофор ўрнатилиши учун албатта, кимдир қурбон бўлиши керакмиди?”, деган иддаолар кўпайди. 

Ҳақиқатан ҳам, Абдулла Қодирий кўчасида светофор ўрнатилишига актриса ўлимидан кейин ҳаракат қилиндими? Унгача масъул идоралар “уйқуда”миди. Аслида айб кимда?

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида uza.uz мухбири Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматига мурожаат этди. Матбуот хизмати вакили бизга Абдулла Қодирий кўчасидаги пиёдалар йўлига светофор ўрнатиш учун Йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат қилиш бўлими томонидан буйруқ 26 кун аввал берилганлиги ҳақидаги ҳужжатни кўрсатди.

Ҳужжатда кўрсатилишича мазкур йўлга светофор ўрнатиш 4 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги йўл ҳаракатини бошқарув техник воситалар ўрнатиш ва фойдаланиш департаментига светофор ўрнатиш бўйича буйруқ берилган. Департамент эса светофорни 30 июль куни ўрнатган. Матбуот хизматининг далолат беришича, департамент томонидан светофорни ўрнатиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилганлиги сабабли, у 30 июлга қадар чўзилган. 26 кунга қадар чўзилган босқичма-босқич ишлар нималардан иборатлиги бизга қоронғи. Бахтсиз ҳодисадан 26 кун аввал светофор ўрнатишга буйруқ берган Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси эса 20 июлда содир бўлган актрисанинг ўлимида айбдор эмаслигини айтмоқда. Маълум бўлишича, ҳозирда светофорлар ўрнатиш ИИББ томонидан эмас, шаҳар ҳокимлиги қошидаги департамент томонидан амалга оширилади. Светофор ўрнатишга муҳтож кўчалар эса албатта, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан назоратга олинади. Қизиқ, биргина светофор ўрнатиш салкам бир ой вақт талаб қиладиган жараён бўлса, тартибга келтирилмаган кўчаларнинг ўнгланиш тезлигини тасаввур қилаверинг.

Анора Содиқова, ЎзА
7 780