ЎзА Ўзбек

09.04.2019 11:22 Чоп этиш версияси

Ҳокимга қарши жанжал кўтарган тадбиркорларга ҳоким жавоб қайтарди

Ҳокимга қарши жанжал кўтарган тадбиркорларга ҳоким жавоб қайтарди

ЎзА веб-сайтида 2019 йил 8 апрель куни “Қанликўлда тадбиркорлар туман ҳокимига қарши жанжал кўтармоқда” номли Қанликўл тумани тадбиркорларининг мурожаати чоп қилинганди.

Мурожаатда тадбиркорларнинг туман ҳокимлиги томонидан уларнинг келишувисиз савдо дўконларининг бузилиши режалаштирилаётганлиги, лекин унга компенсация пули тўланмаслиги маълум бўлганлиги бўйича шикояти берилган. Мазкур мурожаат юзасидан туман ҳокими Д.Толибаев ЎзАга тадбиркорларнинг ҳеч бирининг дўкони бузилмаганлигини, лекин огоҳлантирилганлигини, дўконлар бузилган тақдирда ҳам уларга компенсация пули тўланиши ёки қурилиш учун ер майдони берилиши назарда тутилганлигини маълум қилди.

Ушбу тадбирлар Қанликўл тумани марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Ҳукумат топшириқларини ижро этиш юзасидан олиб борилаётганлигини таъкидлайди. Қуйида туман ҳокимлиги томонидан ёзма равишда берилган расмий муносабатини эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

“Қанликўл тумани ҳокимининг 2019 йил 27 март куни “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 25 мартдаги Қанликўл туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақидаги 17-сонли мажлис баёни топшириқларининг бажарилишини таъминлаш тўғрисида”ги 660/3-сонли қарори қабул қилинган.
Туман марказини замановий архитектуравий кўринишга келтириш мақсадида туманнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, ушбу бош режада Қанликўл тумани марказидаги «Гарезсизлик» кўчаси, туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси бинолари ёнида жойлашган 54 та эски савдо дуконлари ўрнига аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш марказлари ва дорихоналар қуриш режалаштирилган. «Гарезсизлик» кўчасининг торлиги, кўчанинг бир томонида туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, иккинчи томонида эски савдо ўринларининг жойлашганлиги, кўчада автомобил қатновининг кўплиги оқибатида йул транспорт ходисалари кўп учрамокда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг 2019 йил 25 март кунги мажлис баённомасининг 20 бандида Қанликўл тумани маркази замонавий архитектура қиёфасини яхшилаш мақсадида “Гарезсизлик” кўчаси буйидаги марказий касалхона биноси олдида жойлашган эски савдо дўконларини «Алтинкўл гузари» кўчаси бўйида жойлашган янгидан қурилган Қанликўл деҳқон бозори атрофига кўчириш чораларини кўриш топширилган. Кўчириб ўтиладиган савдо дуконлари учун тадбиркорларга қулай шароит яратиш мақсадида Қанликўл деҳқон бозори ёнидан ер майдонлари ажратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарори асосида тегишли тартибда баҳолаш ва компенсация тўловларини амалга ошириш ишлари олиб борилади. Ушбу масалалар юзасидан жорий йил 23 март куни туман ҳокимлигида ҳоким ва тадбиркорлар учрашувида тушунтиришлар берилган эди. 

Туман марказидаги «Гарезсизлик» кўчаси бўйида жойлашган 54 та эски савдо дўкон эгаси бўлган тадбиркорларга иморатларини бузиб кўчириш, берилган ер участкаларига янгидан дўкон иморати қуриб биткизилганга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2853-сонли қарори 10-хатбошига асосан «NBU BUNYODKOR INVEST» бозор қурилиш дирекцияси томонидан «Олтинкўл гузари» кўчаси бўйида 2018 йилнинг май ойида тўлиқ қуриб битказилган қиймати 4 млрд 152,3 млн. сўмлик 178 ўринли супермаркет биноси, 1 та 100 ўринли, 1 та 50 ўринли навеслардан фойдаланган ҳолда савдо фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги тушунтирилди. 

Бугунги кунда туман марказидаги «Гарезсизлик» кўчаси бўйида жойлашган 54 та эски савдо дўконларида бузиш ёки бошқа ўринга кўчириш ишлари бошланмаганлигини ҳамда биронта тадбиркорнинг дўкон иморатига зарар етказилмаганини маълумот учун билдирамиз”. 

Қанликўл тумани ҳокимлиги

ЎзА
12 620