ЎзА Ўзбек

26.07.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Ҳоким ёшларнинг муаммоларини ўрганди

Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов Кармана тумани ёшлари билан учрашди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган учрашувда вилоятдаги тижорат банклари ва турли мутасадди идоралар вакиллари, Кармана тумани ва Навоий шаҳридан ёш тадбиркорлар, иш билан банд бўлмаган йигит-қизлар иштирок этди.

Учрашувда дастлаб мазкур дастурнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди. Хусусан, иш билан банд бўлмаган ҳамда тадбиркорлик салоҳиятига эга ўғил-қизларга 7 фоизли имтиёзли кредит ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ёш ишбилармонлар сафи кенгайишида муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Навоий шаҳридаги Истиқлол маҳалласида яшовчи Жавоҳир Ҳайдаров олий таълим муассасасида таҳсил олади. Айни пайтда у ўз ҳовлисида чорвачиликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

– Бугунги тадбирда вилоят раҳбарига тадбиркорлик билан шуғулланиш истагим борлигини, бунинг учун лойиҳа ҳам тайёр эканини билдирдим, – дейди Жавоҳир. – Лойиҳам қўллаб-қувватланди ва 2 бош йирик, 3 бош майда шохли чорва харид қилишим учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Энди оиламизга қўшимча даромад келади. Бундан жуда хурсандман.

Кармана туманидаги Деҳқон маҳалласида яшовчи Маржона Ҳамроева сунъий қопламали мини-стадион қуришни бошлаган эди. Бироқ, ёш тадбиркорнинг қўли калталик қилиб, бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолди. Учрашувда унинг мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Банк томонидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

Давлат дастури доирасидаги бундай учрашувлар барча туман ва шаҳарларда давом этмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 324