ЎзА Ўзбек

23.07.2018 12:38 Чоп этиш версияси

Ҳоким сайёр қабул ўтказди

Ҳоким сайёр қабул ўтказди
Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов Ҳазорасп туманида сайёр қабул ўтказди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, одамларни бугунги кунидан рози қилишда давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, қувончу ташвишига шерик бўлиши ғоят муҳим саналади.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳазорасп туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳудуд ҳамда унга ёндош туманлар аҳолисининг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари эшитилди. Йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, таълим ва тиббиёт сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

4-faqat saytga.jpg

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлашга оид бўлди.

Овшар қишлоғида истиқомат қилувчи фермер Шоҳсанам Солиева сув танқислиги боис фермер хўжалигида юзага келган муаммо юзасидан мурожаат қилди. Фермернинг ташвишини тинглаган раҳбарлар шу ернинг ўзида тегишли ташкилотларга масаланинг ечими бўйича топшириқлар берди. Фермер ҳам бундан мамнун.

3--faqat saytga.jpg

– Хўжалигимиз вилоятнинг энг чекка ҳудудида жойлашган, – дейди Шоҳсанам Солиева. – Бу йил Амударёда сув кам бўлди. Оқибатда ғўза сувсизликдан азият чекмоқда. Кузда пахта ҳосили яхши бўлиши учун кўпроқ минерал ўғит бериш лозим. Вилоят раҳбари менинг муаммоим билан танишди ва ҳал қилди. Бундан албатта, хурсандман.

Жойларда ўтказилаётган бундай мулоқот ва сайёр қабулларда аҳолини қийнаётган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилаётгани одамларда давлатга, эртанги кунга ишончни мустаҳкамламоқда. 

А.Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
6 442