ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилди
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасига кўра давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Суд ҳужжатни ҳақиқий эмас, деб топган тақдирда, бузилган ҳуқуқ ушбу Кодекснинг 11-моддасида назарда тутилган усулларда ҳимоя қилиниши керак.

Бухоро вилояти Ромитан тумани, Муғонча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Ж.Д.нинг Когон туман ҳокимининг қароридан норози бўлиб pm.gov.uz сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллаган мурожаати Бухоро вилояти адлия бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилди.

Туман ҳокимининг 2018 йил 9 апрелдаги қарорига асосан фуқаро Ж.Д.га мотель ва инновацион кўргазмалар маркази ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриш учун Когон туман «Истиқбол» МФЙ ҳудудидан 0,60 гектар ер майдони ажратилган. Бироқ 2020 йил 29 апрелдаги қарор билан туман ҳокимлиги ўз ваколат доирасидан четга чиқиб, тадбиркор Ж.Д.нинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуни талабларига зид равишда тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган туман ҳокимининг 2018 йи 9 апрелдаги қарорини бекор қилганлиги аниқланган.

– Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 26-моддаси, 2-қисмида ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ҳукумат ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зид келадиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўхтатилиши ва бекор қилиниши белгилаб қўйилган, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими катта маслаҳатчиси Анвар Рўзиев. – Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони 1-банди 2-хатбошисида 2018 йил 1 августдан давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса суд тартибида кўриб чиқилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 4-моддасига асосан ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Ушбу кодексининг 189-моддасининг 2-қисмига асосан суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Юқоридагилардан келиб, вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 187-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги тўғрисида»ги Низомга асосан туман Маъмурий судига ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси киритилди ва суднинг 2020 йил 26 июндаги қарорига асосан ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

2 321
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА