Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 19:16 Чоп этиш версияси

Оилавий тадбиркорлик фаолияти талаб даражасида эмас

Оилавий тадбиркорлик фаолияти талаб даражасида эмас

Парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Оилавий тадбиркорлик – оила мустаҳкамлиги ва фаровонлиги пойдевори” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик, айниқса, оилавий бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани янги иш ўринлари яратиш, оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун қабул қилингач, бу борада амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил натижалари жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Давра суҳбатида оилавий тадбиркорликнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилиниб, миллий иқтисодиётда оилавий бизнес улушини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

– Халқимизнинг қадимий ҳунармандлик анъаналари, ишбилармонлик салоҳиятидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, оилавий тадбиркорликни оммалаштириш учун катта захира мавжуд, – дейди комиссия аъзоси Шуҳрат Полвонов. – Лекин ҳозир мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик кутилганидек ривожланяпти, дея олмаймиз. Хориж тажрибасига қиёсласак, қонунчилигимизда оилавий корхона, оилавий тадбиркорлик, деган тушунчалар йўқлиги аён бўлади. Ваҳоланки, чет элларда бу тизимга тадбиркорликнинг муҳим йўналиши сифатида қаралади.


Нурилло Насриев ЎзА
2 872