ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Оилавий меҳмон уйларига талаб ортмоқда

Оилавий меҳмон уйларига талаб ортмоқда

Тошкент вилоятида айни пайтда 150 та оилавий меҳмон уйлари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур меҳмон уйларида дам олувчилар ва сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган. Энг муҳими мазкур оилавий меҳмон уйлари фаолияти натижасида аҳоли бандлиги таъминланиб, турмуш фаровонлиги ошмоқда.

Сайёҳлик индустрияси, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини такомиллаштириш натижасида 2018 йилда вилоятга 3 миллион 500 мингдан зиёд, шу жумладан, 550 минг нафардан ортиқ хорижлик сайёҳлар ташриф буюрган. Бу ўтган йилларга нисбатан анча кўп. Айниқса, чет элдан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг оилавий меҳмон уйларига бўлган қизиқиши тобора ортмоқда. 

Оилавий меҳмон уйлари ташкил этишда Бўстонлиқ тумани улкан салоҳиятга эга. Гўзал ва мафтункор табиати, ўзига хос фусункор манзаралари, файзли гўшалари ҳар бир сайёҳни мафтун этади.

Бўстонлиқ тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари “Сиз келманг, ўзимиз борамиз” лойиҳаси доирасида туман марказидан 57 чақирим олисда жойлашган “Бурчмулло” ва “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр хизматни амалга оширди. Сайёр хизматда 60 га яқин фуқаро иштирок этган бўлса, уларнинг 29 нафари оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш юзасидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.

– Туманимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими кўпайиб, ички туризм жадал ривожланмоқда, – дейди Яккатут қишлоғида яшовчи Мамлакат Сулаймонова. – Илгари келган сайёҳларга ҳар ким ўзи билганича хизмат кўрсатар эди. Чунки, бошқариладиган тизим йўқ эди. Оилавий меҳмон уйларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этишни мақсад қилганмиз. Миллий таомларимизни шу ернинг ўзида, хорижлик сайёҳлар иштирокида тайёрлашни йўлга қўймоқчимиз. Туман давлат хизматлари маркази ходимлари кўрсатаётган тез ва қулай хизматдан мамнунмиз. Хорижлик сайёҳларни кутиб олиш, хизмат кўрсатиш, меҳмонлар билан муомала қилиш, соҳага оид қонун ҳужжатлари билан яқиндан таништириш мақсадида бир ҳафталик ўқиш ҳам ташкил қилинар экан. Бу албатта фаолиятимиз ривожига хизмат қилади.

Мамлакат опанинг таъкидлашича, тоғли қишлоқдаги асосий қатнов йўлларининг носозлиги, таъмирталаб ҳолга келиб қолгани шу ҳудуд аҳолиси учун ҳам, сайёҳлар учун ҳам кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Қишлоқ фуқаролари ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотлардан амалий ёрдам кутмоқда. Зеро, ушбу муаммонинг ижобий ҳал этилиши сўлим Бурчмулло ва Яккатут қишлоғига ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига хизмат қилади.

3 963
Авазбек Худойқулов, ЎзА мухбири