ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Оилавий ажримларга сабаб нима?

Оиладаги нотинчлик, ажримлар сабаб фақат эр-хотин азият чекмайди. Бундай ҳолатларда ўша оила фарзандлари – эртамиз эгалари бўлган ёшлар камолоти ҳам сўроқ остида қолади.

Халқимизда “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақол бор. Баракаси, хотиржамлиги ариган оилада эса тинчлик, фаровонлик бўлмайди. Бир оиланинг равнақи мамлакат тараққиётига дахлдор экани ҳам шундан.

Мамлакатимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ажримлар камайиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ апрель ойидан маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Ажралишларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари эр ёки хотин никоҳни бекор қилиш бўйича даъво ариза билан мурожаат этганида, томонларнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг “Яраштириш комиссияси”га бу ҳақда хабар юборади. Агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг “Яраштириш комиссияси” эр-хотинни муросага келтириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда шахсан хабардор қилиниши шарт.

Бундан олдин ҳам яшаш жойидаги “Яраштирув комиссияси”нинг хулосалари олинган, аммо бу ажрашувчи томонларнинг ўзларига қолдирилгани учун ижобий ечим кам кузатилган. Мисол учун, ФҲДЁ бўлимига эр-хотин ўзаро ихтиёрий розилик асосида ажрашиш тўғрисида мурожаат этганида, уларга ўйлаб кўриш учун 3 ойлик муҳлат берилган. Улар қайсидир йўллар билан “Яраштирув комиссияси”нинг хулосасини ёздириб олиб келишган. Ажрашаётган оила муҳокамага қўйилмай, ҳатто, бу ажримдан “Яраштирув комиссияси”нинг аъзолари хабардор қилинмай ҳам хулосалар ФҲДЁ бўлимларида аризага илова этиб тикиб қўйилаверган.

“Яраштирув комиссияси” аъзоларининг ҳар бир хабарнома асосида берган хулосаси мониторинг қилиб борилиши айни муддао бўлди. Шунингдек, бундан буён ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари ҳам хабарнома асосида ўша оилаларни тўлиқ ўрганиб чиқиши белгилаб қўйилди.

Барча оилавий ажримларга қарши курашса, бундай ҳолатларнинг олдини олишга имкон қадар ҳаракат қилса, бу борадаги қонуний меъёрларга амал қилса, кутилган натижага эришилади.

Бир неча ой муқаддам турмуш қурганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган М.Г. исмли келинчак судга ўз ихтиёри билан никоҳ бекор қилинишини сўраб мурожаат қилди. Ажрим сабаби жувоннинг холаси унга чет давлатга ишлагани кетган эри бошқасига уйланибди, деган гапни топиб келгани экан.

Гулистон шаҳар прокуратураси аралашуви билан куёв хориждан чақиртирилди. “Яраштирув комиссияси” аъзолари ҳар иккиси билан суҳбатлашиб, вазиятни ўрганди. Олиб борилган тушунтириш ишлари ўз самарасини берди. Келин ўз хатосини англаб, аризасини қайтариб олди. Куёв, туғилажак фарзандим тирик етим бўлишини истамайман, турмуш ўртоғимнинг ноҳақ айбловини кечирдим, деди. Шаҳар прокурори куёвга шу ердан иш топишга амалий ёрдам кўрсатди.

Оилавий муносабатларни тўғри шакллантиришда, ҳар бир оила мустаҳкамлигини таъминлашда ҳамкорлик яхши самара бериши азалдан маълум. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортган.


Лола Муродова,

Гулистон шаҳар никоҳ уйи мудираси.

8 558
ЎзА