Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 12:03 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда китобхонлик тарғиботига бағишланган акция ўтказилди

Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими томонидан ўтказилган акция "Оилаларга маърифат улашиб" деб номланди. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига мувофиқ ташкил этилган акция доирасида фаол маънавиятчи ва тарғиботчилар туманлардаги маҳаллаларда тадбирлар ўтказди.

Мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, жорий йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Акция ташкилотчилари маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, серфарзанд оилалар хонадонларида бўлиб, уларга миллий қадриятларимиз, бой тарихимиз акс этган бадиий, илмий-оммабоп китоблар жамланмаси ҳамда ўқув қуролларини туҳфа қилди.

– Яхши китоб инсоннинг билимини оширади, дунёқарашини кенгайтиради, – дейди Музработ тумани Анорзор маҳалласида яшовчи Н.Шарипов. – Анчадан буён рўзғордан орттириб болаларга бирор бадиий китоб олиб беролганим йўқ. Бугун хонадонимизга бир гуруҳ тарғиботчилар келиб, болаларимизнинг ўқиши, дарсни ўзлаштириши билан қизиқди. Оиламизга ранг-баранг китоблар, ручка, қалам, дафтар сингари ўқув қуроллари туҳфа қилди. Рости, яқин орада бундай совға олмаган эдик, болалар жуда хурсанд бўлди. Айниқса, Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ойбекнинг “Навоий”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Эркин Аъзамовнинг “Эртаклар билан хайрлашув” китоблари хонадонимизга гўё нур олиб кирди.

Акция доирасида юзга яқин эҳтиёжманд оилага минг донага яқин китоб, шунингдек, ўқув қуроллари совға қилинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 585






Все о погоде - Pogoda.uz