Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 16:26 Чоп этиш версияси

"Оилалар ва болаларни ҳимоя қилишда ижтимоий ёндашув" мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинар ишида маҳалла, хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маҳаллий ҳокимликларнинг ёшлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларининг масъул ходимлари қатнашди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Г.Маъруфова ва бошқалар мамлакатимизда болалар, ёшлар, хотин-қизлар, оилалар манфаатларини ҳимоялаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселекторда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни атрофлича ўрганиш, аниқланган долзарб масалаларни жойида ҳал этиш, бу жараёнда, айниқса, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан аҳоли билан бевосита иш олиб бориш, хонадонларга кириб, оилалардаги маънавий-ижтимоий муҳитни атрофлича ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга тиббиёт, таълим масканлари фаолиятини атрофлича таҳлил этиш юзасидан қўмитанинг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлиги янада кучайтирилмоқда.

Мазкур жамоат ташкилоти ҳамда ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси билан биргаликдаги "Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хизматларни ривожлантириш" лойиҳаси алоҳида эҳтиёжли оилаларга маънавий, ҳуқуқий, ижтимоий кўмак кўрсатишни сифат жиҳатдан янада такомиллаштиришга қаратилгандир.

– Маҳалламиздаги оилаларни турли низолар, кўнгилсиз ҳолатлардан асрашда маҳаллий ҳокимлик вакиллари, психологлар, шифокорлар ҳам кенг жалб этилган, – дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Ойбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси, Аёллар маслаҳат маркази раҳбари Муҳайё Мусаева. – Бу эса ажримларнинг олдини олишда, ёшлар тарбиясига доир ишларни тўғри ташкил этишда кутилган натижаларни бермоқда.

Семинар машғулотларида Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг мутахассислари, ҳуқуқшунос ва психологлар томонидан ижтимоий ҳимоянинг норматив-ҳуқуқий асослари, баркамол авлодни вояга етказишда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, соҳа муассасалари фаолиятини ва ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 554






Все о погоде - Pogoda.uz