Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 20:24 Чоп этиш версияси

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда жамоатчиликнинг ўрни

Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги “Роҳат” маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда ажралишларнинг олдини олишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёш оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жисмонан соғлом фарзандларни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Очиқ мулоқотда ажралишларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, оилавий низоларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди. Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Мутахассислар томонидан Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқувчи вазифалар тушунтирилди.

Тадбирда вояга етмаганлар ва аёллар сақланадиган жазони ўташ муассасаларидан олинган видеолавҳалар намойиш этилди. Турли сабабларга кўра алоҳида яшаётган эр-хотинлар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида 2 ёш оила яраштирилди. 15 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

А.Мусаев, ЎзА
2 438