Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 12:37 Чоп этиш версияси

Оила ва никоҳ муносабатларининг ҳуқуқий асослари

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда 
жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 63-моддасидан.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Фуқароларнинг оила ва никоҳ муносабатларига оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда суд амалиётини умумлаштиришда судларнинг роли” мавзуида ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьялари, тегишли вазирлик ва идоралар, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий суд раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Х.Ёдгоров ва бошқалар мамлакатимизда оила институтини ҳар томонлама ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар бир оилани, ундаги соғлом маънавий муҳитни асраб-авайлаш бўйича дастурий чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Конституциямизда "Оила" деб номланган алоҳида бобнинг акс этиши халқимизнинг миллий ўзига хослиги, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимизга бўлган ҳурмат рамзидир. Ушбу бобда оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилган.

Тадбирда судлар амалиётидан келиб чиққан ҳолда оила ва никоҳ билан боғлиқ долзарб масалалар, хусусан, оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни ҳал этиш борасидаги хато ва камчиликлар, оила аъзоларининг, жумладан, ота-она ва болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳуқуқий жавобгарлиги, оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низоларнинг олдини олиш йўллари муҳокама қилинди. Фуқароларнинг мазкур йўналишдаги аризалари, мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонуний ҳал қилиш, бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, семинарда судлар томонидан қонун ҳужжатларини бир хил ва тўғри қўллаш амалиётини умумлаштириш лозимлиги ҳақида маърузалар тингланди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари, хусусан, оила ва никоҳ муносабатларига оид ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, ушбу масалага оид суд амалиётини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг "Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси доирасида "Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти" китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Қўлланмада никоҳ тузиш тартиби, унинг шартлари, тугатилиши, ота-она ва фарзандлар, эр-хотиннинг мулкий ва номулкий ҳуқуқ-мажбуриятлари, фарзандликка олиш ва уни бекор қилишнинг процессуал тартиби каби масалалар ёритилган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 066






Все о погоде - Pogoda.uz