ЎзА Ўзбек

16.07.2018 15:35 Чоп этиш версияси

“Оила – табиат дурдонаси, ҳар қандай жамият ва маънавиятнинг бошланғич нуқтаси”

“Оила – табиат дурдонаси, ҳар қандай жамият ва маънавиятнинг бошланғич нуқтаси” Шу мавзуда Наманганда ўтказилган очиқ мулоқотда нималар муҳокама қилинди?

Ўзаро имзоланган меморандум доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари раислари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари масъул ходимлари, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари мудирлари, имом-хатиблар, ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг бугунги кўриниши, сабаб ва илдизлари таҳлил қилиниб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг жамоатчилик олдида турган вазифалар муҳокама этилди.

– Хотин-қизлар ўртасида жиноят содир этилиши, аёлларнинг қамоқхоналарда ўтириш ҳолатлари ҳуқуқий меъёрлардан ташқари миллий ва диний қадриятларимизга ҳам мутлақо зиддир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров. – Бунда турли омиллар билан бир қаторда носоғлом оилавий муҳит, ёш оилалар ўртасида ажрашишлар асосий роль ўйнамоқда. Масалан, шу йилнинг олти ойида мамлактимизда 4 минг 600 дан зиёд оилавий ажрашишлар қайд этилган. Ҳар ажрашган оилада ўртача икки нафардан фарзанд бўлса, 9 мингдан зиёд ўғил-қиз тирик етим бўлиб қолди, дегани. Бу масалага васийлик кенгаши, судлар, “Оила” илмий-амалий маркази, ФҲДЁ бўлимлари, маҳалла фаоллари, имомлар етарлича эътибор бермаяпти. Хўш, ота-она меҳри, тўкис оила тарбиясидан мосуво бўлган бундай болаларнинг ёки бир-икки фарзанди билан боқувчисиз қолган ёш онанинг келажакда жиноятчилик кўчасига кириб кетмаслигига ким кафолат беради?

Мулоқотда республика Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Г.Маърупова, Олий суд судъяси Б.Тангабоев ва бошқаларнинг оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишлар ва уларнинг сабабларини аниқлаш, олдини олиш, ёшларни оилага тайёрлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари юзасидан маърузалари тингланди.

– Бугунги мулоқотда мутасаддилар жиноятчиликнинг келиб чиқиш омилларидан бири сифатида оилавий ажримлар масаласига алоҳида эътибор қаратди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди раисининг ўринбосари О.Ҳасанов. – Сабаби, судларда кўрилаётган ишлар таҳлили жиноятчиликлар асосан турмушдан ажрашган аёллар, нотўлиқ оилада ўсаётган ўсмирлар ўртасида содир этилаётганини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугун жиноятчиликнинг олдини олишда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш керак.

Тадбирда вилоят шаҳар ва туманларидан ажрашиш учун судга ариза берган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, яраштириш тамойили асосида ўнлаб оилалар сақлаб қолинишига муваффақ бўлинди.

Акромжон Сатторов, ЎзА
4 881