ЎзА Ўзбек

15.08.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда кекса авлод тажрибасига суяниш жуда муҳим

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда кекса авлод тажрибасига суяниш жуда муҳим Хоразм вилояти Урганч шаҳрида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Оила – муқаддас. Унинг осойишталиги, мустаҳкамлигини таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби масалаларда кекса авлод тажрибасига суяниш, ёшлар тарбиясида маҳалла фаолларининг таъсирини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Фарзанднинг одобли, оқибатли бўлиб улғайиши учун оилада миллий қадриятларимизга таянилган тарбия муҳити бўлиши керак. Шу боис ота-боболаримиз ўғил уйлаб, қиз чиқараётганда бўлғуси оиланинг тинчлиги, мустаҳкамлигини сақлашга астойдил ҳаракат қилган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда ана шулар ҳақида сўз юритилди. Оилавий ажримлар юзасидан амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари таҳлил этилди.

– Бугун айрим ҳолларда ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси ўринбосари Жамила Матжонова. – Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар кўпаймоқда. Оқибатда бегуноҳ болалар етим бўлиб, ота-она тарбиясидан четда қолмоқда. Бунинг сабаблари таҳлил қилинганда, оиладаги носоғлом муносабат, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар ана шундай ажримларга олиб келаётгани маълум бўлмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, уларга қарши курашишда маънавият ва маърифат, миллий қадриятларимизнинг ўрни беқиёс. Бунда ибратли оилалар, кўпни кўрган нуронийлар кўмагидан фойдаланмоқдамиз.

Тадбирда оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, оилавий низоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

А.Шокиров, ЎзА
6 616