ЎзА Ўзбек

07.07.2018 09:30 Чоп этиш версияси

Оила муҳим ҳаётий қадриятлигича қолмоқда

Оила муҳим ҳаётий қадриятлигича қолмоқда
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Оила ва жамият: маънавий ва ахлоқий олам” мавзуида ижтимоий сўров ўтказилди. Унда Ўзбекистон жамоатчилигида оила ва никоҳ, фарзандлар туғилиши ва тарбияси, баркамол авлодни вояга етказиш масалалари бўйича тенденциялар аниқланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида оила институти, маънавий-ахлоқий асослар ва анъанавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни никоҳ ва оилавий ҳаётга тайёрлаш, низоли ҳолатлар, ажралишларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилмоқда.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўров шуни кўрсатдики, оила фуқаролар учун замонавий жамиятнинг энг муҳим мақсадларини белгилайдиган муҳим ҳаётий қадрият ҳисобланади.

Мониторинг натижаси оила қуришдаги энг мақбул ёш – эркаклар учун 24-25, аёллар учун 21-23 ёш, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони кўпайганини кўрсатди.

Тадқиқот жараёнида фуқаролар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш зарурлигини тушуниб етаётгани аниқланди.

Аксарият сўров иштирокчилари (93,8 фоиз) никоҳ қураётган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш шарт, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бу соғлом фарзанд туғилиши, соғлом оила шаклланишига хизмат қилади.

Сўров натижаларига кўра, аксарият фуқаролар (98,8 фоиз) никоҳ тузишда ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтиш шарт, деб ҳисоблайди.

Юртдошларимиз турмуш қуришда ота-она дуосини олиш муҳимлиги борасида якдил эканини намоён қилди. Аксарият аҳоли (99,5 фоиз) ёши, этник келиб чиқиши, моддий жиҳатдан таъминланганлик даражасидан қатъи назар, ёш оила учун ота-она дуоси оилавий бахтнинг асосий шарти ва кафолати, деб эътироф этмоқда.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўров шуни кўрсатдики, аксарият фуқаролар учун фарзанд оила мазмуни ҳисобланади. 68,3 фоиз фуқароларнинг фикрича, икки ёки уч нафар фарзанди бор оилани тўлиқ, фаровон ва бахтли оила, деб ҳисоблаш мумкин. Фуқаролар аёлнинг 22 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёши – биринчи фарзанд туғилиши учун энг мақбул давр эканини билдирган. Тўнғич фарзандни дунёга келтириш учун 23-25 ёш бўлиш энг муносиб ёш, деган фикрдаги респондентлар сони ҳам ортган. 

Ўзбекистонда расмий никоҳдан ўтган эр-хотиннинг бирга яшаши оила-никоҳ муносабатларининг анъанавий ва кенг тарқалган меъёрларидан саналади. Сўровнинг 87,7 фоиз иштирокчиси эр-хотин эканини билдирган. Қатнашчиларнинг қарийб ярми (44,7 фоиз) – нуклеар, яъни эр-хотин ва болалар ҳисобланади.

42 фоиз сўров иштирокчиларининг оиласида низолар содир бўлиб туради. Маълум бўлишича, оиладаги низолар асосан эр-хотин ўртасида юз беради, кейинги ўринда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туради.

Жамоатчилик фикри шуни кўрсатдики, фуқароларнинг 64,4 фоизи ҳар бир ҳаракатини маҳаллада қабул қилинган ахлоқ қоидалари ва меъёрларидан келиб чиқиб амалга оширади. 38,7 фоиз фуқаролар оилада мураккаб вазиятлар юз берганда, маҳалланинг ахлоқий-руҳий мададига таянади. Мамлакатимизнинг аксарият фуқароси (70 фоиз) ажралишларга нисбатан салбий муносабатда. Тадқиқот Ўзбекистонда оила жамият учун ўзининг ижтимоий ва ахлоқий аҳамиятини сақлаб қолганини кўрсатди.

Ўзбекистон аҳолиси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, оила институтини мустаҳкамлаш, эр-хотин, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик
фикрини ўрганиш маркази
материаллари асосида ЎзА мухбири 
Аблай КАМОЛОВ тайёрлади

8 249