ЎзА Ўзбек

30.07.2018 19:08 Чоп этиш версияси

Оила – муқаддас қўрғон

Ангор туманида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш, шунингдек, ёшларни оилага тайёрлаш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари М.Қобулова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бу жараёнда, айниқса, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажримларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Ажримлар билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат этувчи фуқаролар турли сабабларни рўкач қилади, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди раиси Т.Усмонов. – Жумладан, айрим аёллар оиладаги иқтисодий етишмовчилик туфайли ажралиш истагини билдиради. Баъзи ёш келинлар эса, оилага қайнона ва қайинсингилларнинг асоссиз аралашуви сабаб ажрашишга қарор қилади. Афсуски, кейинги пайтларда эр ёки хотиннинг хиёнати баҳонасида ажралиб кетаётганлар ҳам учраб турибди. Биз бу каби омиллар билан оилаларга дарз кетишининг олдини олиб, имкон даражасида уларни яраштириб қўйишга ҳаракат қилаяпмиз. Шунингдек, жойларда давра суҳбатлари, учрашув, очиқ мулоқот ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Мавзуга оид видеоролик намойиш этилди. Ажрашиш ёқасида турган 10 га яқин оила яраштирилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 449