ЎзА Ўзбек

19.09.2018 Чоп этиш версияси

Оила масалаларини ёритишда эҳтиёткорлик муҳимдир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан журналистлар учун “Оммавий ахборот воситаларида оила масалаларини ёритиш стратегияси” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда юртимиздаги айрим кўнгилочар сайтлар, интернет ОАВларда бериб борилаётган нохуш хабарлар, жумладан, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатларнинг кетма-кет, нопрофессионал тарзда, воқеанинг туб моҳиятига етмасдан тарқатиб юборилаётгани танқид остига олинди.

Фуқаролар шахсиятига тегадиган мавзудаги хабар, репортаж ҳамда видеолавҳалар оилалардаги энг нозик ички сирларнинг оммага ошкор бўлиши ҳамда оила маънавиятининг бузилишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Психологларнинг фикрига кўра, ўз жонига қасд қилишнинг оммага ошкор этилиши жамиятда бундай ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси мутахассислари, Халқаро ислом академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари журналист этикаси, одоб-ахлоқ меъёрлари ва бошқа инсоний тамойилларга риоя этиш оилалар тинчлиги ва барқарорлигида муҳим аҳамият касб этиши ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсияларини баён этди.

Семинар якунида оилавий масалаларни ОАВ орқали ёритишда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда иш олиб бориш, бу борада алоҳида стратегия ишлаб чиқишга келишиб олинди.

2 814
Гулноза Бобоева, ЎзА