Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.09.2018 15:42 Чоп этиш версияси

«Оила» марказларига автомашиналар топширилди

«Оила» марказларига автомашиналар топширилди

Фарғона вилоятидаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг шаҳар ва туман бўлинмаларига “Спарк” автомашиналари топширилди.

IMG_20180903_154146_111.jpg

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралидаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси мамлакатимиз хотин-қизларининг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.  Мазкур фармонга мувофиқ,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида “Оила” марказининг Фарғона вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлинмалари томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажришларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш мақсадида якка тартибда тушунтириш ишлари, очиқ мулоқот, сайёр қабул ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

– Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида аниқ тадбирларни белгилаб олганмиз, – дейди “Оила” марказининг  Қувасой шаҳар бўлинмаси раҳбари Мағфиратхон Ҳасанова. – Оилалар билан алоҳида суҳбатлар олиб бориляпти, сайёр қабуллар уюштирилмоқда ва тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида ўтган 7 ойда ажримлар сони 2017 йилга нисбатан 60 тага камайди, 8 ой давомида 97 та оила яраштирилди. Ҳатто суд қарори билан ажрим масаласи ҳал бўлган Абдураҳимовлар оиласи қайта никоҳдан ўтиш учун ариза топширишди. Хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик тенг ярмига камайди.

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шу боис ҳам янгидан ташкил этилган “Оила” марказлари олдида жуда масъулиятли ва долзарб масалалар кўндаланг турибди.

“Оила” марказлари шаҳар ва туман бўлинмалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида “Спарк” автомашиналари топширилди.

Тантанали маросимда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқди.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА