ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Оила фахри ва юрт ифтихори

Оила фахри ва юрт ифтихори

Муқаддамхон учинчи қизини дунёга келтирганида юраги алланечук ғаш тортди. Ўғил фарзанд кўрмадим, дея дили ўксиди. Турмуш ўртоғи Бобурнинг: онаси ҳали кўрасан, қизларим оилам фахри, юртим ифтихори бўлади, дея ният қилиши Муқаддамнинг дилидаги сиёҳликни бир зумда тарқатди.

Чарос Зияева 2003 йил Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур туманида дунёга келди. Бошланғич таълимни тумандаги 59-хитой тилига ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида олди.

Оиланинг тўнғич қизи Чарос эндигина 17 ёшга қадам қўйди. Хитой тилини мукаммал ўрганган Чарос Хитой Республикасида таҳсил олиш учун NSK 5 даражасида имтиҳон топшириб, муваффақиятли ўтди. NSK 5 1+4, яъни Хитой тилини илк бошлаш жараёни эмас, Хитойда 4 йил олий таълим олиш имконидир.

Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Чароснинг онаси қизида рақсга бўлган қизиқишни ўз вақида илғай олди. Уни беш ёшида қўлидан тутиб “Наврўз” рақс тўгарагига олиб борди.

– 15 йилдирки, рақс оламида ҳамнафас яшайман дейди, – Чарос. –Гўё оддий ҳаракатларимда ҳам қўлларимни рақсга монанд қимирлатадиган бўлиб қолганман. 2019 йили устозим Zhang Lin билан ҳамкорликда “Хитой маданият маркази” гуруҳини ташкил этдик. Марказда шогирдларимга ўзим учун энг севимли бўлган “Ой остидаги гўзал”, “Чиройли пари”, бухороча, хоразмча ўзбек ҳамда хитой миллий рақсларини ўрганишида яқиндан ёрдам бердим. Хитой маданий маркази рақс гуруҳи ва Шанҳай Ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда турли тадбирларда иштирок этиб келамиз. Айниқса, шогирдларим билан юртимизнинг мустақиллик байрами муносабати билан ташкил қилинган тадбирларда иштирок этиш мен учун фахр.

– Чарос тимсолида мен ҳақиқий ўзбек қизининг ибосини, ҳаёсини кўрганман дейди, – устоз Zhang Lin. – Унинг оиласини, ота-онасини кўриб, Чарос ҳақиқий тарбияни оиладан олганлигига ишонч ҳосил қилганман. Ота-онаси лутфи кенг ҳақиқий танти инсонлар.

– “Қувноқ Хитойга саёҳат” дастурида қатнашиб, Хитойга бепул саёҳат қилиш имконини қўлга киритиш мен учун энг катта ютуқлардан бири эди, – дейди Чарос. – Саёҳатим давомида хитой тилини мукаммал эгаллашга ва Хитойда ўқиш қарорига келганман. Хитой тилини пухта ўрганишимни илк маҳсулини кўрдим. Мен “Хитой Давлат гранти”ни қўлга киритдим. Хитойда таҳсил олиш учун 3 та университетни танладим. Бир вақтнинг ўзида Zhong ва JiNan университетларига қабул қилинганлигим тўғрисида хабар келди. Мен JiNan университетини танладим. Пандемия туфайли дарслар онлайн усулда ўтиляпти.

– Мамлакатимиз ёшларига яратилаётган имкониятлар жуда катта. Шундай кенг имкониятлар эшиги ланг очиқ турганида ўқимаслик, юксак марраларни забт этмасликни ўзим учун уят ҳисоблайман. Бир дугонам бу дунёда улкан натижага эришиш учун ё заринг, ё зўринг бўлсин деган эди. Мен бугун қайсики муваффақиятга эришган бўлсам, на зарим, на зўрим бўлишига ҳожат бўлмади. Ўқидим, ўргандим, изладим, эришдим. Бир руҳшунос айтган эди: Орзуларингиздан сира воз кечманг, чунки улар дуога айланади. Дуолар қачон қабул бўлади дея ташвишланманг, ҳар нарсанинг хайрли бир вақти бордир.

1 395
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА