ЎзА Ўзбек

29.07.2020 Чоп этиш версияси

ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди

ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бугун илк бор видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Тадбирда Банкка аъзо 82 мамлакатдан ОИИБ Бошқарувчилари ва уларнинг ўринбосарлари, Банк раҳбарияти, халқаро экспертлар ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Йиғилишни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин очиб, Банк акциядорларини тараққиётнинг янги, кўп томонлама молиявий институти муваффақиятли шаклланиши билан табриклади.

Кун тартибидаги асосий масала ОИИБ президентини сайлаш бўлди. Овоз бериш натижасида амалдаги президент Сзин Лисюн Бошқарувчилар кенгаши аъзоларининг якдил қарорига кўра, 2021-2025 йиллар даврига Банк раҳбари этиб сайланди.

photo5265215861914972118.jpg

Тадбир доирасида ташкил этилган давра суҳбатида глобал ва минтақавий иқтисодиётда рўй бераётган тенденциялар, халқаро иқтисодий муносабатларга COVID-19 таъсири, пандемия келтириб чиқарган муаммоларни енгишда Банкга аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, корпоратив стратегияни тайёрлаш ҳолати муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида ОИИБ фаолиятининг қисқа ва узоқ муддатли устувор йўналишлари белгиланди, лойиҳаларни амалга оширишда Банк томонидан мультипликатив самарага эришиш имконини берадиган тизимли ёндашув қўлланиши зарурлиги, шунингдек, ОИИБга аъзо давлатларда иқтисодиётни тиклаш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида мунтазам равишда фикр алмашиб туриш лозимлиги таъкидланди.

Раҳбарият томонидан Банкнинг 2019 йил якунлари бўйича, шунингдек, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш йўлидаги фаолиятига доир ҳисоботлар тақдим этилди.

photo5265215861914972117.jpg

Йиғилиш иштирокчиларига 10 миллиард доллар миқдоридаги ОИИБ "COVID-19 инқирозидан кейин тикланиш" махсус дастури амалга оширилиши тўғрисида маълумот берилди. Бугунги кунга қадар дастур доирасида 12 мамлакатга молиявий ёрдам кўрсатиш учун 6 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилгани қайд этилди.

Ушбу дастур доирасида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш тизимини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 300 миллион доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган. Умуман, истиқболли лойиҳалар тўплами 10 та мамлакатни қамраб олиб, ҳозирги вақтда тайёрланиш ва маъқулланиш босқичида.

2019 йилда ОИИБ томонидан эришилган асосий ютуқлар ҳақида гап кетганда, тўққизта янги акциядор-мамлакат аъзоликка қабул қилингани, маҳаллий валютада молиялаштириш, кредитни қисман кафолатлаш, ўзгарувчан спредли ва мустаҳкам валютада кредит ажратилишини қамраб оладиган молиявий маҳсулот турлари кенгайиши, ўтган йилга нисбатан инвестиция ҳажми 12 фоиз ўсгани, қиймати 2,5 миллиард долларга тенг беш йиллик облигациялар чиқарилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Облигациялар чиқарилиши 27 мамлакатдаги 90 дан зиёд инвесторнинг 4,4 миллиард доллар маблағини жалб этишга имкон яратди.

photo5265215861914972123.jpg

Ўзбекистон Республикасидан ОИИБ Бошқарувчиси, Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ўз нутқида жаҳон иқтисодиётида юзага келган вазият ҳукуматлар ва тараққиёт ҳамкорларидан миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда қатъий ҳамда самарали чора-тадбирлар амалга оширишни талаб қилаётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан, ҳозирги вақтда ОИИБга аъзо мамлакатлар ва Банк томонидан қўйидаги устувор соҳалар ва йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилди: ОИИБга аъзо мамлакатларда касаллик орттирган одамлар учун ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли эҳтиёжини қондириш, шунингдек, инфекция тарқалишини камайтириш учун етарли даражада захира яратиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш; солиқ тўловлари муддатини узайтириш, айланма маблағларни молиялаштириш ва транзакция харажатларини камайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва инфратузилманинг барқарор ишлашини қўллаб-қувватлаш; ташқи савдо ва инвестиция оқимларида пайдо бўлаётган янги тўсиқларнинг салбий таъсирини камайтириш, қолаверса, ижобий иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиш учун узилган таъминот занжирини тиклаш; ривожланаётган мамлакатларнинг инқироздан кейинги даврдаги эҳтимолий муаммо ва имкони
ятларини ҳар томонлама баҳолаш.

photo5265215861914972116.jpg

Йиғилиш давомида Бошқарувчилар кенгаши Либерия Республикасининг ОИИБ акциядорлари сафига қўшилиш тўғрисидаги аризасини маъқуллади. 2021 йил 27-28 октябрь кунларига режалаштирилган ОИИБ Бошқарувчилар кенгаши навбатдаги йиллик йиғилиши БАА Дубай шаҳрида ўтказилиши белгиланди.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Осиё - Тинч океани минтақасида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2014 йил 24 октябрда ташкил этилган. Ўзбекистон 2016 йил 29 ноябрдан ОИИБ аъзоси ҳисобланади. 

Айни пайт Банк билан биргаликда сув таъминоти, канализация, автомобиль йўлларини қуриш ва қайта таъмирлаш, темир йўлларни электрлаштириш, ҳудудларда базавий инфратузилмани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қиймати 2,0 миллиард доллардан зиёд қатор кенг кўламли инфратузилма лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

5 874
ЎзА