ЎзА Ўзбек

23.12.2016 16:11 Чоп этиш версияси

Қоидалар янада такомиллашди

Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисиа”ги қарори ҳам бу борада олиб борилаётган ишларни замон талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш ва аҳолига юқори малакали юридик хизмат кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Отабек Тошниёзов
мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, аввалги қоидалардан фарқли жиҳатлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида юртимизда ўтган йиллар давомида кўплаб янги қонунлар қабул қилинди, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шу нуқтаи назардан 1999 йилда тасдиқланган ва шу пайтгача амалда бўлган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”га ҳам ўзгартишлар киритиш, янги қўшимчалар билан тўлдиришни даврнинг ўзи тақозо этди.

Аввалги қоидалар 18 бўлим 252 банддан ташкил топган бўлса, янги ҳужжат 17 бўлим 243 банддан иборат тарзда тузилган.

Янги қоидаларда илгариги сингари болага исм ота-онанинг розилигига кўра берилиши, қўш исм беришга йўл қўйилиши қайд этилиши билан бирга, боланинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, унга келгусида шаъни ва қадрини камситиш мумкин бўлган исм берилишига йўл қўйилмаслиги, унинг исмига доир келишув мавжуд бўлмаганда юзага келадиган келишмовчилик васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилиши белгиланган.

Шу пайтгача 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш йўқолган далолатнома ёзувларини тиклаш тартиби ва қоидаларига кўра амалга оширилар эди. Эндиликда бундай ҳолатларда туғилганликни қайд этиш суд қарори асосида амалга оширилади.

Қоидалардаги энг муҳим ўзгаришлардан яна бири туғилганлик ҳақидаги маълумотнома ва гувоҳнома билан боғлиқ. Яъни, боланинг туғилганлик тўғрисидаги тиббий маълумотномасида қуйидаги маълумотлар бўлиши зарурлиги белгиланган:

- онанинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, туғилган санаси, миллати, фуқаролиги, оилавий аҳволи, маълумоти;

- боланинг туғилган вақти, санаси ва жойи, жинси, вазни, бўйи;

- ҳомиладорлик муддати, ҳисоб бўйича нечанчи ҳомиладорлик;

- боланинг тирик туғилганлиги мезонлари (нафас олиши, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёрий қисқариши);

- тиббий маълумотноманинг берилган вақти, тартиб рақами ва тиббиёт муассасасининг номи тўғрисидаги маълумотлар.

Туғруқхонадан бошқа жойда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги маълумотнома боланинг ушбу онадан туғилганлигига гувоҳ бўлганлар иштирокида тузилган ва участка шифокори тасдиқлаган далолатнома асосида берилади. Аввалги қоидаларга кўра, бундай ҳолатларда гувоҳлар маълумотноманинг ўзини имзолар эди.

Боланинг туғилганлигини қайд этишда эндиликда унга фамилия миллий анъаналарга мувофиқ ота ёки она томонидан бобонинг исми бўйича берилади. Шу пайтгача “ота ёки бобо исми бўйича”, деган қоида мавжуд эди.

Фарзандликка олиш бўлимига киритилган ўзгартиришлар айни пайтда мазкур жараённинг суд органлари орқали амалга оширилаётгани билан боғлиқ. Яъни, эндиликда фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ёзувлар дафтарига зарур ўзгартиришлар ФҲДЁ органлари томонидан, фарзандликка олиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб 10 кун мобайнида киритилади. ФҲДЁ органига кўрсатиб ўтилган муддат тугагандан кейин мурожаат қилинган тақдирда суд қарорида ушбу қарор ўз кучини йўқотмаганлиги ҳақида ёзув бўлиши керак.

Қоидаларга қўшимча янги 73-банд киритилиб, унга кўра, эллик ёшгача никоҳ тузувчи шахслар ОИВ инфекцияси юзасидан тиббий текширувдан мажбуран ўтиши белгиланган. Бу оила қурувчиларнинг никоҳдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш тартиби билан боғлиқ.

Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаролар йиғинлари ўлимни қайд этиш ваколатига эга. Янги қоидаларга мувофиқ, фақат шахси аниқланмаган ва суд томонидан вафот этган, деб эълон қилинган шахснинг ўлими фуқаролар йиғинлари томонидан қайд этилмайди.

Умуман, янги тасдиқланган қоидалардаги янгилик ва ўзгаришлар фуқаролик ҳолати далолатномаларини сифатли, мавжуд қонунларимизга мувофиқ ҳолда қайд этиш ҳамда ҳужжат юритишнинг замонавий талабларини бажаришга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 916