ЎзА Ўзбек

18.07.2018 13:45 Чоп этиш версияси

Қоидабузар тўй кортежлари жарима майдонига тортилмоқда

Қоидабузар тўй кортежлари жарима майдонига тортилмоқда
Бир кун Тошкент кўчаларига йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари чиқмаса қоидалар қанчалар кўп бузилишини тасаввур ҳам қилолмаймиз.

Аксарият ҳайдовчиларимиз фақатгина ЙПХ ходимлари бор жойлардагина телефонни қулоққа тутишмайди ёки хавфсизлик камаридан фойдаланадилар. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар қанчалар юқори бўлмасин, тартиб бузувчиларнинг сони талайгина.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён 6 ой ичида 396 554 та маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлиб, улардан 97 174 таси қўпол қоидабузарликлардир. Шунингдек, 43 496 та йўловчи ташиш қоидаларини бузиш, 4462 та ҳолатда ҳайдовчиларнинг автомобил бошқарувида уяли телефондан фойдаланиши, 23 163 та ҳолатда тезликни меъёрдан ошириш, 3 040 та автомобилни маст ҳолатда бошқариш вазиятлари, 9 070 та тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилган. 6 701 та ҳолатда эса тегишли ҳужжатларсиз автомобилни бошқараётган ҳайдовчилар жаримага тортилган.

Автомобилларнинг ҳаракатланишига халақит қилаётган тўй кортежлари ҳам ЙПХ ходимлари томонидан жаримага тортилмоқда. Йил бошидан буён йўл патруль ходимлари томонидан 30га яқин тўй кортежларига чора кўрилган.

Кунларнинг тобора исиб боришига қарамасдан ЙПХ ходимлари пойтахт кўчаларида тартиб сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун тун-у кун хизмат қилмоқдалар. Жазирама кунларда йўл четида назоратда туриб, қоидабузар ҳайдовчиларни тартибга чақиришдан чарчаётганлари йўқ.

ЎзА
17 349