ЎзА Ўзбек

15.05.2019 22:39 Чоп этиш версияси

"OGU 2019" ва "Power Uzbekistan 2019” кўргазмалари иштирокчилари таассуротлари билан танишинг

"OGU 2019" ва "Power Uzbekistan 2019” кўргазмалари иштирокчилари таассуротлари билан танишинг

ЎзА мухбири кўргазмаларнинг амалий аҳамияти, иштирокчи компаниялар фаолияти ва улар намойиш этаётган маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида соҳа мутахассислари билан суҳбатда бўлди.

Аввал хабар қилинганидек, бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган "Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2019" йигирма учинчи ва "Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2019” ўн тўртинчи халқаро кўргазмалари павильонлари иштирокчилар билан гавжум бўлди. Кимдир нефть-газ соҳасида янгиликлар билан танишса, яна кимдир энергетиканинг олд ютуқларидан хабар олишга шошилди.

ЎзА мухбири кўргазмаларнинг амалий аҳамияти, иштирокчи компаниялар фаолияти ва улар намойиш этаётган маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида соҳа мутахассислари билан суҳбатда бўлди.

Виталий ДРАГУНОВ, «Ўзатом» агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари:

photo5395837881949465331.jpg

– «Ўзатом» агентлиги кўргазмада илк маротаба иштирок этмоқда. Бугун бизнинг вазифамиз тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда атом станцияси қурилиши лойиҳаси, атом энергиясининг хавфсизлиги ва танланган технологиялар ҳақида мaълумот беришдир. Ёшлар ва талабаларни атом соҳасига жалб қилиш ҳам мақсадларимиздан бири. Кўргазма экспозициясидан ташкилотимизга ишга қабул қилиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича хизматлар ҳам жой олган. Биз атом энергетикасида ишлашнинг афзалликлари, ўқиш ва малака ошириш имкониятлари ҳақида маълумотлар беришга тайёрмиз.

Феруз ҚУРБОНОВ, «Ўзбекэнерго» акциядорлк жамияти бошқаруви раиси ўринбосари:

– Бугун мамлакатимиздаги ўзгаришлар туфайли ҳар жабҳада халқаро ҳамкорликлар мустаҳкамланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буни исботи сифатида бугунги кўргазмалардаги жараёнларни айтиш мумкин. Негаки, юртимиздаги ислоҳотлар нафақат биздаги, балки хорижий компаниялар фаолиятига, уларнинг фаол ишлашига имкон яратмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ўрнида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад эса электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий услубларига ўтишдир.

Масалан, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминотида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимиздаги 6 миллион 601 мингдан ортиқ аҳоли хонадони ва 303 минг 940 га яқин юридик истеъмолчини 1629 та 35-110 кВ кучланишли подстанциялар, 79 минг 122 та трансформатор пункти ҳамда 240,7 минг километр узунликда 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари орқали электр энергияси билан таъминланиши ҳам бу каби ўзгаиршларнинг амалдаги натижасидир.

Фарҳод НУРМУРОДОВ, Хитойнинг «Каифа» компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича ҳудудий менежери:

– «Каифа» ақлли ҳисоблагичлар ва автоматлаштирилган тизимни яратиб берувчи етакчи компания ҳисобланади. У Европада 60 миллиондан ортиқ ақлли ҳисоблагичларни амалиётга татбиқ этиб, автоматлаштирилган тизим яратган. Италиядаги «Enel» компаниясининг ана шундай хизмат кўрсатадиган асосий ишончли ҳамкоридир.

Мамлакатимизда ҳам бу борада ишлар жадал олиб борилмоқда. Масалан, бу йил компания Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларида 1 миллион 400 мингдан ортиқ ақлли ҳисоблагичларни ишга туширишни режалаштирган. Шу билан бирга, Ўзбекистон орқали МДҲ ва Ўрта Осиё давлатлари билан ҳам бу борада ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда. Компания ўзбекистонлик ҳамкорлар билан инвестициявий лойиҳани амалга ошириб, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.

Ақлли ҳисоблагичларга изоҳ берадиган бўлсак, оддий ҳисоблагичлардан фарқ қилган ҳолда, улар кўпгина функцияларни бажаради. Масалан, коммунал тўловларда қарздорлик бўлса, масофадан туриб ўчириш ёки қайта улаш каби бир қанча имкониятларга эгадир. Уч кунлик кўргазмада маҳсулотларимиз ҳақида батафсил маълумот бериб, ҳамкорларимиз сонини кўпайтирмоқчимиз.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.
6 684