ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

ОГОҲЛИККА ДАЪВАТ: 620 грамм марихуанна ушланди

ОГОҲЛИККА ДАЪВАТ: 620 грамм марихуанна ушланди

Пандемия даврида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳам туну кун меҳнат қилмоқда. Улар ҳамиша ҳушёр. Ҳуқуқбузарликка мойил инсонлар эса шундай масъулиятли вақтда ҳам жиноий ҳаракатларини давом эттиришга, ҳуқуқ посбонларини чалғитишга ҳаракат қилади.

Аммо бузоқнинг югургани сомонхонагача...

«Қорадори-2020» профилактик тадбири доирасида 20 май куни Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, катта лейтенант Т.Зокиров ЙҲХБ инспектори С.Жумаев билан ҳудудда хизмат вазифасини ўташ давомида хатти-ҳаракати билан шубҳа уйғотган шахсни тўхтатиб, текшириб кўради. Бир неча гувоҳларни таклиф этиб, фуқаронинг қўлидаги халта кўздан кечирилади. Текширув ходимларнинг шубҳаси бежиз эмаслигини кўрсатди. Оққўрғон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ж.А.нинг халтасидан ҳўл ҳолдаги, яшил рангли ва ўткир ҳидли ўсимлик топилди.

Ходимлар фуқарони ашёвий далиллар билан биргаликда туман ИИБга олиб боради. ЭКБнинг судга оид кимёвий экспертизаси мутахассислар томонидан ўтказилган текширувда ушбу яшил ўсимлик 620 грамм марихуанна гиёҳвандлик моддаси экани аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Оққўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ
Ахборот хизмати.

3 579
ЎзА