ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Огоҳликдан огоҳ этган Огаҳий

Огоҳликдан огоҳ этган Огаҳий


Тарих тақдирлардан иборат. Улуғ мутафаккирлар қисматида муайян макон, замон ва касб муҳим ўрин тутади. Бу фикрни забардаст шоир, моҳир таржимон, мироб, тарихчи, олим ва улкан давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийга ҳам нисбатан айтиш мумкин.

У 1809 йилнинг 17 декабрида Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида маърифатли ва бадавлат мироб оиласида дунёга келади. Отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шоири, хоннинг бош мироби Мунис Авазбий ўғли Хоразмий қўлида тарбия топади.


Ундаги истеъдод бадииятга ва ота касби миробликка йўғрилгани қисматини белгилагани рост. Унинг илк ноёб назмий дурдоналари кўпчиликни ҳайратга солди. 1829 йилда тоғаси Муниснинг 51 ёшида вафот этиши, ёш шоир учун катта йўқотиш бўлди. Огаҳий 20 ёшида Хива хони Оллоқулихон томонидан мироблик вазифасига тайинланади.

Сабру қаноати туфайли элда азиз, ишга фидоийлик, ватан равнақи учун жонини фидо этишга бел боғлаган Огаҳийнинг мироблик даври (1829-1857) Хоразмда кўпгина янги каналлар қазилиб, сув иншоотлари қурилгани, воҳанинг суғориш истиқболлари борасидаги муаммоларнинг оқилона ҳал бўлиши унинг номи билан боғлиқдир.

Улуғ шоир отдан йиқилиб оёғи жиддий лат егач, миробликдан истеъфога чиқади ва назм, тарих битиш, таржимонлик билан машғул бўлади. У 1874 йилнинг декабр ойида олтмиш беш ёшида вафот этади ва ўзи туғилган Қиёт қишлоғидаги “Мавлон бобо” қабристонига, амакиси Мунис қабрига ёнма-ён дафн қилинади.


У дунёнинг яралишидаги муҳим бир унсур сувга эътибор билан қарайди. Ернинг қони, экиннинг жони бўлган сув шоирнинг имкони ва дармони бўлган сўз билан ёнма ён келади. Сув танага қанчалик озиқ бўлса, сўз қалбга ҳам шу даражада малҳам бўлишини ҳис этган шоир кўнглида ҳар иккаласи учун жой ажрата олди. Сувнинг йўналишини белгилаш учун мироблик салоҳияти, сўзнинг ўрни ва моҳиятини ҳис этиш учун донишмандлик қобилияти зарур. Ҳар иккаласи ҳам Огаҳий сиймосида уйғун. У ўз ғазалларидан бирида шундай ёзади: 

Эй кўнгул, одам хаёл айлаб дема нодонға сўз 
Чунки ул инсон эмас, топсанг дегил инсонға сўз. 

Сўздур инсон кўнглида бир гавҳари қийматбаҳо 
Они хор этма дебон ҳар ҳуши йўқ ҳайвонға сўз. 

Ваҳ, на янглиғ билгуси ҳайвон гуҳарнинг қадрини 
Ким топар ҳаз етса ул кунжорау сомонға сўз. 

Ҳар бир инсоннинг ўзига хосу мос сўзни топиб айта билиш дилни қулф, тилни калит деб билган Огаҳийга ўзи яшаган замон ва маконда осон кечмаган. Унинг умр йўли саккиз нафар хон ҳукмронлик қилган даврларда кечади. У 8 хил бошқарув муҳитида ҳам ўзи танлаган саодатли йўлдан оғишмай яшаган, ишлаган ва ижод қилган. У давр Хива хонлигини Муҳаммадраҳимхон I, Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон II, Сайидабдуллохон, Қутлуғмуродхон, Сайидмуҳаммадхон ва Муҳаммадраҳимхон II Феруз идора қилган даврда яшади. Унинг тақдирида тарихчилик ва таржимонлик ҳам муҳим ўрин тутган.

Огаҳий тоғаси Мунис бошлаган “Фирдавс ул-иқбол” номли катта тарихий асарни давом эттириб, ўттиз ёшида уни 1825 йил Оллоқулихоннинг Хива тахтига ўтириш йили воқеалари баёни билан якунлайди. Муаррихнинг Оллоқулихон ҳукмронлик қилган давр (1825-1843) тўғрисидаги “Риёз уд-давла”(1844 йилда ёзилган), Раҳимқулихон салтанати даври (1843-1846) га бағишланган “Зубдатут-таворих” (1846-йилда якунланган), Муҳаммадаминхон ҳукмронлиги даври (1846-1855)га бағишланган. 

“Жомеъул-воқеоти султоний”(1856 йил ёзилган), Сайид Муҳаммадхон ҳукмронлик даври (1856-1865) тўғрисидаги “Гулшани давлат” (1865 йил ёзилган), Муҳаммад Раҳимхон соний - Феруз салтанати воқеалари хусусида маълумот берувчи “Шоҳид ул-иқбол” (1873 йил воқеалари баёнида узилиб қолган) деб номланган асарларида, Хоразмнинг 1813 йилдан то 1873 йилгача олтмиш йиллик тарихи, диний вазият, воҳада юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, шаҳар қурилиши ва суғориш ишлари, касб-у ҳунар ва бошқа кўплаб воқеалар йилма–йил, ойма–ой изчиллик билан баён этилади.

Шермуҳаммад Мунис Хоразмийнинг отаси Авазбий 1800 йилда вафот этгач, хон 22 яшар Шермуҳаммадни саройга таклиф қилади, уни қазув, қачув, (сув хўжалиги) ишлари бўйича котиб, 1812 йилда амакиси Эрниёзбек мироб ўлиб, хон Мунисни мамлакатни бош мироби қилиб тайинлайди.

Мунис ўз давридаги суғориш иншоотлари ва ер-сув муносабатларига доир “Арналар” (арна-анҳор, канал) номли рисола ҳам ёзган. Бу рисола 18-аср охири ва 19-аср бошларидаги деҳқончилик билан боғлиқ, ижтимоий муносабатларни ўрганишда аҳамиятли. Ўттиз йилдан ортиқ ижод қилган адибнинг ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган сулолавий касб мироблик ҳақида “Арналар” номли рисоласи биз учун ниҳоятда қимматлидир. Ушбу китоб туфайли биз воҳада сувчилик касби, деҳқончилик тарихи, сув учун бўлган урушлар тарихи билан боғлиқ ижтимоий сиёсий воқеалардан хабардор бўламиз. Асар Хива хонлиги ҳудудида яшовчи ўзбеклар, туркманлар, қозоқ ва қорақалпоқ халқлари тарихини акс эттириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Сув ва сўз саховатини ҳис этган Мунис ва Огаҳий Хоразм тарихида фақат санъат ва маънавият бобидагина эмас, балки ҳудудни ободонлаштириш, ер-сув ислоҳоти борасида ҳам хонга маслаҳатчи, етакчи бўлгани сир эмас. Бу касб тақозоси айни пайтда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашдир.

Ўлкамиз тарихини ўрганиш баробарида жуда катта адабий меросимизни ҳам ўзи билан олиб кетган Ҳерман Вамбери 1863 йили Хоразмга келганида Огаҳий билан танишгани ҳақида “Ўрта Осиёга саёҳат” асарида шундай ёзади: “Мен Хивада икки оға-ини билан танишдим. Бири Мунис — аъло поэмалар ёзган. Иккинчиси — мироб Огаҳийдир”, - дея таъкидлайди. Бунинг ўзиёқ, ўша давр тузуми ва тизимида ҳар иккала сиймонинг рутбаси, роли катта бўлганини билдиради. Чунки Хива хонлигида мироблик лавозими энг нуфузли мансаб ҳисобланган.

Иқтидорли журналист ва тадқиқотчи олим Умид Бекмуҳаммад шу хусусда маълумот бера туриб, сунъий суғоришга асосланган воҳа шароитида давлатнинг нафақат деҳқончилиги ва иқтисоди, балки ҳаёт-мамоти ҳам сувга, миробга боғлиқ бўлганини таъкидлайди. Унинг келтиришича, Муниснинг бобоси Жиянбий 1694 йилда хонликнинг бош мироби қилиб тайинланган. Унинг мироблик пайтида воҳадаги суғориш тизимлари тўғри йўлга қўйилиб, янги ариқ, ёплар қазилган.

Жиянбийнинг Эрниёзбий ва Авазбий исмли икки ўғли бўлиб, вафотидан сўнг Авазбий мироб, Эрниёзбек бош мироб бўлди. Авазбий олти йил фаолият кўрсатиб, 1800 йили вафот қилгач, Шермуҳаммад Хива хонлигининг қазув-қачув(сув хўжалиги) бўйича сарой фармоннавис котиби этиб тайинланди. Эрниёзбек 1812 йили ҳаётдан кўз юмгач, Шермуҳаммад Мунис Хоразмнинг бош мироби этиб тасдиқланди. У аждодлари ишини давом эттириб, ҳар йили ариқ-арналар, ёпларни тозалаш, янги сув йўллари қазиш ишларига бош-қош бўларди.

Муниснинг суғориш, сув илмига бағишланган “Арналар” асари сув хўжалигига боғлиқ муаммоларни англаш ва ҳис этишда муҳим бадиий қўлланма сифатида аҳамиятлидир. Огаҳий ҳам Мунис вафотидан сўнг мироблик ва бадиий ижодни баб-баравар олиб борди. Сув хўжалигига дахлдор бирон муаммо бўлса, уни сўз ва ақл-идрок ила ҳал этиш завқи уни бир зум бўлса-да тарк этмади.

Тасаввур қилинг, ҳар куни ариқ-арна, ёпларни айланиб, кўздан кечириш сувнинг қиймати ва қудратини англаш унга илҳом бахш этмаслик асло, мумкин эмас эди. Миробликнинг Хоразмда юқори мансаблардан экани ўша давр шароити ва географик муҳити билан боғлиқ эди. Қуйи Амударё бўйларидаги Қизилқум ва Қорақум оралиғида жойлашган воҳада сув ҳаёт манбаи эди. Бу касб юрт ободонлиги, давлат иқтисодиёти, деҳқончилик билан боғлиқ бўлган. Тадқиқотчи Умид Бекмуҳаммаднинг келтиришича, Хива хонлигида махсус “бегор” солиғи ҳам қўлланилган. Ушбу солиқ сувдан фойдаланадиган ҳар бир хонадон учун мажбурий эди. Ариқ ва каналларни тозалашга йилнинг куз фаслида барча жалб этилган. Қазувни бевосита хон, кейин мироб бошлаб, сўнгра омма давом эттирган. Ўша даврларда сув сатҳи ер юзасидан паст бўлгани учун мироблар сувни юқорига кўтарадиган қурилма — чиқирдан фойдаланишган. Натижада ариқ, канал(ёп) сувлари анча баландга кўтарилиб, керакли жойларга чиқариларди. 

Мана бу маълумотларнинг ўзиёқ, Хоразм ҳудудида сув билан муроса қила олиш катта тажриба ва идрокни талаб этган. Бу хизмат унга тақдир тақозоси бўлгани борасида “Таъвиз ул-ошиқин” девонида Огаҳий шундай ёзганди: “фақир абан анжад Хоразм мамлакати султонларининг давлатхоҳ умароси зубдаларидин ва ўзбекия тавоифидин юз дудамони у

мдаларидин мироблиғ мансаби олийсиға мансуб ва садрнишинлик мартабаи мубталосиға мансубдурман”. Бу мазмунан шундай “шоирнинг аждодлари амирлар (хонлар) сулоласидан ва ўзбеклар тоифасининг юзлар уруғидан, мироблиғ мансаби олийсиға мансуб ва улуғ мансабдорлик мартабасиға дахлдор“ бўлган. 

Огаҳий дастлаб мироб ёрдамчиси кейинчалик эса, бош мироб сифатида ишлаган пайтларида Хоразмдаги бутун ариқ, ёпларни тозалатиш, янги сув йўлларини қаздириш билан сидқидил шуғулланган.

Хоразмнинг ерлари шўрангиз, уч-тўрт марталаб кеч куздан эрта баҳоргача шўри ювилмагунча ҳосил олиш қийин бўлган. Ерларга дарёдан арна (анҳор)га, ундан ёплар орқали далага сув чиқаришнинг ўзи бўлмаган. Бундай ғоятда масъул ишларга эса мироблар бошчилик қилган. Хонликдаги мироблик ишлари, умуман сув муаммосини бартараф этиш эса бош мироб Огаҳийнинг зиммасидаги юксак вазифа эди. Табиийки, бош мироблик вазифасига ишбилармон, ер ҳолатини, сув йўлларини яхши биладиган, мудомо дала-сув йўлларида юришга лаёқатли, соғлом инсон тайинланган дея маълумот келтиради Умид Бекмуҳаммад. Сунъий суғоришга мўлжалланган арна, ёпларни қаздириш, ҳар йили куз ва эрта баҳорда Амударёнинг лойқа сувидан каналларни тубига ўрнашиб қолган чўкиндиларни тозалатиш ундан-да катта машаққат, наинки экин майдонларини, балки хонлик ҳудудини дарё тошқинидан сақлашга ҳаракат қилиш бош миробнинг зиммасида эди.

Хоразмда дагиш дея дарёнинг тошқинидан содир бўладиган ўпирилиш, катта офат назарда тутилган. Баъзида жўшқин Жайҳун дарё қирғоғини тагидан ўпириб, 30-40 метрлаб жойини ютиб кетади. Натижада атиги бир лаҳзагина олдин экилиб турган ер бўтанага айланади, ҳудудни сув босади. Айнан ана шундай ўпирилиш-тошқинларнинг олдини олиш учун дарё қирғоғини дамбалар кўтариб (бу Хоразмчасига “қочи” дейилади) мустаҳкамлаш қадимдан ўта масъулиятли вазифа бўлиб, бу ишга бош мироб бошчилик қилган. Дамбаларни кўтарганда назорат қаттиқ бўлиб, тупроққа бирорта чўп-ўтин аралашмаслигига эътибор қаратилган. Чунки, сичқон инидай тирқишдан не бир қочиларнинг ўпирилиб кетиши фожиани-сув тошқинини келтириб чиқарган. Дамбалар дарё қирғоғи бўйлаб, бир неча қаторлаб, миробларнинг аниқ ҳисоб-китоблари асосида олиб борилган. Дамбанинг пастдан юқоригача кенглиги 15-18 метр, усти бўлса 8 метргача, дарё сатҳидан 3-4 метр баланд қурилган. Дамба кўтариш, арна, ёпларни қазишга хонликдаги барча эркаклар жалб этилган.

Огаҳий ҳазратлари 36 ёшида -1845 йили хонликдаги қазув ҳаракати авж олган пайтда отдан йиқилиб, оёғи сингани боис бироз оқсоқланиб юрган. Қолаверса, мироблик иши ғоят қийин вазифа бўлиб, сув муаммоси, низо-жанжалларни бартараф этиш ҳам унга боғлиқ эди.

Яхши тахаллус, ном тангридан инъом. Тоға ва жияннинг адабий тахаллус танлашида ҳам бир сир-синоат бордек гўё. Мунис - дўст, улфат, ўртоқ демакдир. Бу яқинлик, қардошлик маъносини беради. Ўз ҳаётий фаолиятида, ижодиётида бу хусусият яққол сезилиб туради. Халққа яқин бўлиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини бартараф этишга интилишдек хайр ва савоб бор унда. Мунис ижодиётида ишорат бўлса, Огаҳий ижодида башорат бор. Огоҳлик хавф-хатар ва қувончларни олдиндан сезиш, идрок этиш асносида эътироф этишдир. Сергаклик, зийраклик ва ҳушёрликкина огоҳликни тақозо этади. Огоҳлик давр талаби дейилишида ҳам чуқур мантиқ бор.

Алишер Навоий ҳазратларининг “Эрурсан шоҳ, агар огоҳ сен, сен, Агар огоҳ сен, сен, шоҳ сан сен”, деб айтган тарбиявий фикри бежиз айтилмаган. Эҳтимолки, ўзининг пири раҳнамоси деб билган Навоийнинг ушбу даъвати Муҳаммад Ризонинг Огаҳий деб адабий тахаллус танлашларига боис бўлгандир. Балки, Баҳоуддин Нақшбандийнинг ушбу ҳикмати унга таъсир қилгандирки, шу тахаллусни мақбул кўрган бўлса не ажаб. 

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ, 
Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Огаҳий сўзда сувдайин оқиб зилол маънолар ила қалбларни зийнатлади. У мироб сифатида сувнинг камайиб кетиши-ю сув тошқинидан хавфда яшади. Бунга бефарқлик халққа фалокат бўлишини уқтирди. Бугунги кундаги лоқайдлигимиз, Оролдек ҳайбатли денгизни қуритди. Биз огоҳ бўлганмизда эди, ҳар куни дунёда 6 мингга яқин бола ичишга яроқсиз сув истеъмол қилгани боис касалликка чалиниб, вафот этмаган, сувнинг ифлосланиши туфайли одамлар ошқозон-ичак, буйрак, жигар, аллергик хасталикларга дучор бўлмаган бўларди.

Экспертларнинг хулосаларига кўра, 2025 йилга бориб, 5 миллиард киши сув танқислигига дучор бўлади. 2050 йилга келиб ер юзи аҳолиси 9 миллиардга етиши башорат қилинмоқда. Ичимлик суви захираларининг камайиши ва ифлосланиши, экин майдонларининг шўрланиши, сув исрофгарчилиги давом этмоқда. Тугаб бораётган сув захиралари ҳам борлигидан кўз юма олмаймиз. Буларнинг барчаси “Сувдек сероб бўл” деган дуонинг моҳиятини, “Сувга тупурма, ахлат ташлама, қудуққа тош тўкма, ювиндини ариққа оқизма”, “Дарё бўйида ўтирсанг ҳам сувни исроф қилма“ деган ўгитларнинг хосиятини билмаганимиздан эмасмикан. Сувга масъуллик Огаҳий каби огоҳликка чорловчи мироб ва шоирларнинггина эмас, балки ҳаммамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Тўғри, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 майдаги “2017–2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу муаммоларни бартараф этишга қаратилди. Бу борада қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Лекин то ҳануз етарли эмас. Шунингдек, мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация объектларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш ишлари учун Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ташкил этилгани ҳам эътиборли бўлди. Лекин бу сув тақсимоти борасидаги қусурларимизни бутунлай бартараф этди дейишдан йироқмиз.

Кези келганда айтиш керакки, буюк адибимизнинг ўша замондан туриб бугунни ўйлаб ташвиш тортиши, огоҳликка чақириши унинг маънавияти юксак, башорати буюк эканини билдиради. Шундай экан, унинг номини улуғлаш, қилган эзгу ишларини абадийлаштириш, мироблик бобидаги ҳамда шоир, тарихчи, таржимон сифатидаги фаолиятини теран тадқиқ этиш маънавий фарзимиз, маърифий қарзимиздир. Бу борадаги ҳаракатни янада жонлантириш учун дадил қадамни Президентимиз бошлаб берганига шубҳа йўқ.

Бунга асос Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг жорий йилнинг 20 мартидаги “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида“ги 238 - сон қароридир. Қарорда қайд қилинишича, ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 210 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда ижодини тарғиб қилиш, издошларини кашф этиш ва улар ўз истеъдодларини намоён қилишларига шарт-шароит яратиб бериш асосий мақсаддир. Шунга мувофиқ Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, белгиланган чора-тадбирлар сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш, юзага келадиган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари ташкилий қўмитага юкланди.

Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги мажмуа таркибига кирган иншоотларни, жумладан, шоир мақбарасини таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ“ нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси билан биргаликда 2019-2021 йилларда Огаҳийнинг асарлар тўпламини нашр этиш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда “Огаҳий - шоир, тарихнавис, таржимон ва давлат арбоби“ мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда Огаҳий ижодига бағишланган “Назм ва наво“ кечасини ўтказиш ана шу борадаги хайрли ишлар сифатида қайд этилди.

Айниқса, Хива шаҳрида Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисидаги таклифнинг маъқулланиши нур устига аъло нур бўлди. 2019-2020 ўқув йилида Ижод мактабининг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилиниши дастлабки маърифий ҳаракатнинг бошланишигина бўлиб қолмай, балки мамлакатимизнинг янада тараққий этишига замин ҳозирлай оладиган интеллектуал салоҳиятли ёшларнинг камол топиши сари ташланган дадил ва қутлуғ қадамдир.

Огаҳийдан мерос қолган адабий мерос, у қаздирган ариқ ва каналлар, ўз қўли билан ўтқазган тут дарахти бугун унинг боқийлиги ва барҳаётлигига нишондир. Огоҳликнинг сирли садоси сифатида сизу бизни ҳушёрликка чорлайди. 

Раҳимбой Жуманиёзов 
ТИҚХММИ Матбуот хизмати раҳбари. 
Баҳриддин Муқимов 
ТИҚХММИ “Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси


876
ЎзА