Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 19:21 Чоп этиш версияси

Огоҳлик ва якдиллик куни

Ёрдам сўраган аёлнинг овози барчани сергак торттирди. Унинг ёнига етиб келган ички ишлар органи ходими аёлнинг пуллари зўрлик билан тортиб олиб кетилганини аниқлади...

Сир эмас, жиноятчилар кўпинча аҳоли гавжум жойлар, айниқса, бозорлардан «ўлжа» қидиради. Бундай ҳудудларда хизмат ўтаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳам буни яхши билади. Шунинг учун ҳам Бектемир тумани ички ишлар бошқармаси ходимлари туманда жойлашган «Қўйлиқ» деҳқон ва буюм бозорларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратади. Мазкур бозорларни видеокамералар орқали кузатиш билан бирга ички ишлар органлари ходимларининг бевосита назорати ҳам қатъий амалга оширилади.

Деҳқон бозори ҳудудида тезкор «Тузоқ» тадбири эълон қилинди. Рация орқали ўғрининг белгилари ҳақида хабар берилди. Ўғри бозордан чиқиб кетишга ҳам улгурмади. Унинг чўнтагидан аёлга тегишли бўлган 253 минг сўм пул далилий ашё сифатида олинди. Рад қилиб бўлмайдиган далил олдида Х. исмли фуқаро ноилож қолди.

– Ҳар бир жиноятни вақтида очиш, бундай ҳолатларга йўл қўяётган шахсларни улар истиқомат қилаётган маҳаллаларда аҳоли иштирокида муҳокама қилиш кутилган самарани бермоқда, – дейди Бектемир тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғининг профилактика бўйича ўринбосари Маҳкам Вафоев. – Президентимиз томонидан қўйилган талаб асосида ишимизнинг ана шундай асосда қайта ташкил этилгани бунга замин яратди. Натижада жиноятлар камайиши билан бирга маҳаллаларда соғлом муҳит янада барқарорлашаётгани яққол кўзга ташланмоқда.

Кенг жамоатчилик, ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида ҳар пайшанба куни жиноятларнинг олдини олишга доир комплекс тадбирлар ўтказилаётгани хайрли иш бўлди. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимизнинг 5,2 мингдан зиёд маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилмагани шунинг натижасидир.

– Профилактика кунида ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш алоҳида эътиборда, – дейди Бектемир тумани прокуратураси терговчиси Дилшод Ҳазратқулов. – Уларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, ўқувчи ва талабаларнинг машғулотларда қатнашиш давоматини муҳокама қилиш, бу борада тартиб ўрнатиш юзасидан таълим муассасалари маъмурияти ва ота-оналар жавобгарлигини ошириш бўйича ташкилий-тушунтириш тадбирлари ўтказилаётир. Натижада таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи кескин ошди.

Тумандаги мактабларда айни пайтда давомат 95 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Демак, дарс қолдираётганлар кам бўлсада ҳамон учраб турибди. Профилактика кунида тумандаги 293-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Юқори синфлардан бирида ўқувчиларнинг дарс жараёнини кузатиш асносида тўрт ўқувчи дарсга келмагани аён бўлди. Шулардан иккитаси бетоб, қолгани сабабсиз. 1,8 мингга яқин ўқувчи таълим олаётган бу даргоҳда давомат 4-5 фоиз кам бўлса, 80-90 бола дарсга келмаганини англатади. Шунча боланинг қаровсиз қолаётгани ташвишланарли ҳолат, албатта.

Профилактика кунида тумандаги Роҳат маҳалласида гиёҳвандлик моддасини тайёрлаб истеъмол қилгани етмагандай, буни вояга етмаган болага ўргатган С. ва И. исмли шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши сайёр очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Тоғни урса талқон қилгудек бу йигитларнинг бирор фойдали ишнинг бошини тутмагани, боз устига бир ўспиринни нопок йўлдан юришга ундагани суд муҳокамасига йиғилганларни ранжитмай қўймади. Қилмиш-қидирмиш, деганларидай, суд ҳукмига кўра уларнинг бири 5,5, яна бири 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

– Ёшлар ўртасида бу жиноятнинг муҳокама этилгани кимнингдир кўзини очган, кимнидир огоҳликка чорлаган бўлса, биз кўзлаган мақсадимизга эришамиз, – дейди жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судьяси Акмал Мирзахонов. – Президентимиз ташаббуси билан бундай амалиёт жорий этилгани фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ошишига олиб келмоқда. Суд муҳокамаси билан чекланмай, аҳоли билан бевосита очиқ мулоқот қилиб, турли мавзуларда суҳбатлар ўтказиш жараёнида бунга амин бўлмоқдамиз. Ҳар бир йиғилишдан сўнг аҳоли дуч келаётган муаммолар аниқланиб, мутасаддиларга етказилаётгани уларнинг бартараф этилишига замин яратаётир.

Дарҳақиқат, ҳар бир соҳа, айниқса, аҳолининг иши кўпроқ тушадиган ҳокимлик, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳар ҳафта аҳоли ҳузурида бўлаётгани, қилинган ишлар бўйича ҳисоб бериш билан бирга турли мавзуларда муҳокама, суҳбат ва очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидан халқимиз кутган амалий натижани бермоқда. Пайшанба – нафақат профилактика – огоҳлик, балки якдиллик кунига ҳам айланаётир.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 603






Все о погоде - Pogoda.uz