Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2017 21:01 Чоп этиш версияси

Офицерлик – шарафли касб

Офицерлик – шарафли касб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида тезкор-стратегик бошқарув бўғини офицерлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш олий курслари тингловчиларининг навбатдаги битирувига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Битирувчиларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги номидан мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Ш.Норматов, устозлари ва сафдошлари ушбу унутилмас кун билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида "...мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлиши даркор. Ушбу ўқув маскани Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналарини ва ҳозирги мавжуд академия ҳамда мамлакатимиздаги етакчи илмий-таълим муассасаларида тўпланган фаолият тажрибасини ўзига қамраб олиши керак. Ишончим комил, бу академия ҳарбий таълимнинг ягона тизимида ҳақиқатан ҳам асосий ўринни эгаллайди, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланади. Академияда лейтенантлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган офицерлар малакасини ошириш ва шунингдек, армиямиз бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш давом эттирилади", деб таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида ўқиш жараёни офицерларни тайёрлашнинг тўртинчи босқичи ҳисобланади. Биринчи босқичда улар ўзи танлаган олий ҳарбий-таълим муассасасида ўқийди. Иккинчи босқичда Қуролли Кучлар академияси ҳузуридаги офицерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш олий курсларида ўқишни давом эттиради. Учинчи босқичда тактик бошқарув бўғини офицерлари академия ҳузуридаги қўмондонлик таркиби офицерларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш олий курсларида, тўртинчи босқичда академияда икки йил ўқийди. Бешинчи босқичда тезкор-стратегик бошқарув бўғини офицерлари қайта тайёрланиб малакасини оширса, олтинчи босқичда олий раҳбар кадрлар малакаси оширилади.

Шу куни тезкор-стратегик бошқарув бўғини, шунингдек, шифровка қилиш органлари офицерларига диплом топширилди. Улар устозларига миннатдорлик билдириб, эгаллаган билим ва кўникмаларидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада оширишда самарали фойдаланишга ваъда берди.

– Узлуксиз таълим офицерлар тайёргарлигининг юқори даражасини таъминлашнинг асосий таркибий қисмларидан биридир, – дейди битирувчилардан бири, полковник Зокиржон Сайфуддинов. – Ҳарбий фан бир жойда тўхтаб турмайди ва жанговар ҳаракатларни амалга ошириш усуллари ҳам ўзгармоқда, шунга муносиб равишда миллий армиямизнинг тайёргарлик даражаси мунтазам такомиллаштирилмоқда.

– Қуролли Кучлар академиясида тингловчи сифатида ўқиб, диплом олгандан сўнг ўз бурчимизни бажариш учун хизматни бошлаганимизга кўп вақт бўлгани йўқ, – дейди подполковник Баҳодир Янгибоев. – Аммо, шу йиллар давомида дунёда ва мамлакатимизда рўй берган кўплаб муҳим воқеалар тезкор-стратегик бошқарув бўғини офицерларини тайёрлаш жараёнига ҳам таъсир кўрсатди. Буларнинг барчаси ўқув дастурлари ва машғулотлар режасида ҳисобга олинди.

– Устозларимизга берган билими учун миннатдорлик билдирамиз, – дейди майор Сергей Химич. – Бу ерда офицерлар маҳоратини ошириш учун барча қулайликлар мавжуд, ҳар томонлама билимли юқори малакали ўқитувчилар меҳнат қилмоқда.

Қуролли Кучлар академияси ҳузуридаги олий курслар битирувчилари энди бу ерда олган билим ва кўникмаларини миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлигини такомиллаштириб, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга сафарбар этади.

Аблай Камолов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
4 321






Все о погоде - Pogoda.uz