ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Одил судлов - суд қарорларининг қонуний ва барқарорлиги демакдир

Одил судлов - суд қарорларининг қонуний ва барқарорлиги демакдир

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида, яъни судларни ихтисослаштириш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш, фаолиятига замонавий-ахборот технологияларининг жорий этилиши бўйича амалга оширилган қатор амалий чора-тадбирлар натижасида судьяларнинг иш хажми камайиши баробарида ишининг сифати ва тезкорлигини таъминланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, суд ишларини кўриш билан боғлиқ процессуал муддатларга риоя этиш имкониятини яратилди.

Соҳада амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар натижасида суд томонидан ҳал қилув қарорларини қабул қилиш жараёнида далилларга баҳо бериш, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланганлигини ва қандайлари аниқланмаганлигини, бу иш бўйича қандай қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилиши кераклигини ҳамда арз қилинган талаб қаноатлантирилиши лозимлигини ёки лозим эмаслигини аниқлашига доир процессуал талабларга риоя этиш натижасида судлар томонидан йўл қўйиладиган хатолар сони сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Буни судлар фаолиятига доир йиллик статистик маълумотлар ва бундан олдинги йиллар давомида чиқарилган ҳал қилув қарорлари билан айни вақтда судлар томонидан қабул қилинаётган қарорларни ўзаро таққослаш натижасида кўришимиз мумкин. Бироқ мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд қарорларининг қонунийлигига эришиш, мазмунан тўғри ва моддиф ва процессуал нормалар билан асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш юзасидан барча муаммо ва камчиликлар бартараф этилди деб айтиш фикридан йироқмиз. Чунки жамиятдаги мавжуд муносабатлар иштирокчилари ўртасидаги низоларни ҳал этиш ва қонуний, асосли ҳамда адолатли суд ҳужжатининг чиқарилиши нафақат судьянинг билими ва малакасига боғлиқдир, балки мавжуд суд тизимининг ташкилий тузилмаси, шунингдек фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ҳамда тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмлари билан бевосита боғлангандир.

Биргина мисол Фуқаролик процессуал қонунчилик талабларига мувофиқ суд ҳужжатларининг апелляция, касация ва назорат тартибида текширилиши назарий жиҳатдан суд ҳужжатларини қайта текшириш натижасида қуйи инстанция томонидан йўл қўйилган хатоларни бартараф этишга хизмат қилади, бироқ хорижий мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўз навбатида суд қарорларининг барқарорлигига, қуйи инстанция судларининг адолатли қарорлар қабул қилишига субъектив таъсир ўтказишнинг қонун билан мустаҳкамланган механизми сифатида ҳам баҳоланади.

2000 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги қонунининг 4-моддаси ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 9-моддасига мувофиқ судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланган. Бу ўринда айтиб ўтиш лозимки судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки давлат бошқарув органлари, балки юқори турувчи суднинг аралашуви ҳам ушбу қонун талабига зид саналади. Чунки олий суд, вилоят суди, туманлараро ва туман шаҳар судининг мақоми қонун талабига мувофиқ тенгдир. Қуйи турувчи судлар фақат юқори турувчи суднинг маъмурий бошқарувга оид қарорларини бажариш юзасидангина уларга бўй сунади, одил судлов фаолияти жараёнида эмас.

Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 380-моддаси «Назорат инстанцияси суди кўрсатмаларининг мажбурийлиги» деб номланиб, ушбу модда мазмунига кўра назорат инстанцияси судининг ажримда ёки қарорда баён қилинган кўрсатмалари мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир. Ишни назорат тартибида кўраётган суд ишни янгидан кўриш учун судга юборганда, у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги тўғрисидаги, бир далилнинг бошқасидан устунлиги ҳақидаги, шунингдек иш янгидан кўрилганида қандай қарор чиқариш мумкинлиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан белгилаб қўйишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Ушбу модда шу қадар мавҳум ва принципиал нормаки, назорат инстанциясининг қандай кўрсатмалари мажбурийлиги юзасидан на Олий суд пленум қарорида ёки процессуал қонунчиликда аниқлик киритилмаган.

Яна бир муаммоли масала мавжудки процессуал қонунчилик талабига мувофиқ, Фуқаролик процессуал кодексининг 10-моддаси талабларига мувофиқ фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши мустаҳкамланган. Фуқаролик процессуал кодексининг 373-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суд ҳужжатининг қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилишга, прокурор муайян ишда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан ўз ваколати доирасида протест келтиришга ҳақли кўрсатиб ўтилган.

Процессуал қонунчиликнинг 423-моддаси талабларидан келиб чиқиб прокурор томонидан келтирилган протест ҳеч қандай истисноларсиз кўриб чиқилиши лозим, ФПКнинг 46-бобида белгиланган умумий талабларга мувофиқ ишда иштирок этувчи тарафларнинг назорат тартибидаги шикояти аввал суд томонидан ўрганилиб, лозим деб топилган ҳоллардагина назорат тартибида кўрилиши мумкин.

Қонуннинг 430-моддаси назорат тартибидаги шикоят бўйича қабул қилинадиган қарорлар деб номланиб, ушбу моддада кўрсатиб ўтилган қуйидаги ҳолатлар яъни:

-Назорат тартибидаги шикоят шикоятга илова қилинган материаллар билан бирга, зарур ҳолларда эса ишни талаб қилиб олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан ўрганилади.

-Шикоятни ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси ўз ажрими билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида;

2) шикоятни иш билан бирга мазмунан кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида.

Қабул қилинган қарор тўғрисида назорат тартибида шикоят берган шахсга уч кунлик муддатда хабар қилинади деб белгиланишининг ўзи суд процесси иштирокчиларининг тенглиги ва тарафларнинг тортишуви каби зарурий принципларга зиддир. Чунки ушбу моддада белгиланган талаблар прокурорнинг протестига нисбатан ҳам белгиланганда эди тенглик тамойилига амал қилинган бўлар эди.

Мамлакатимиз 2020 йил 24 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони суд тизимида шу каби мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида қабул қилинганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу фармонга мувофиқ, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилиши нафақат суд тизимидаги ташкилий жиҳатдан тарқоқликни бартараф этади, чин маънода фуқаролик судининг умумюрисдикция суди тизимидаги мавқеини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этилиши фуқароларнинг ортиқча оворагарчилик ва сансалорликлардан ҳимоялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиниши доир таклифлари;

прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш таклифларининг маъқулланиши энг ривожланган хорижий давлатлар Германия, Англия, Францийа, Япония каби давлатларнинг тажрибаси асосида киритилаётган муҳим ўзгартишлардан саналади ва келгусида суд қарорларининг қонуний кучини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Ҳамидулло Қучқаров , Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар
малакасини ошириш маркази ўқитувчиси ю.ф.д., (PhD)

3 860
ЎзА