ЎзА Ўзбек

07.07.2020 Чоп этиш версияси

Одил судлов: фуқароларимизда судга бўлган ишонч ошдими ?

Одил судлов: фуқароларимизда судга бўлган ишонч ошдими ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида судлар олдига ўта муҳим вазифалар қўйилди.

Энг асосийси, суд идорасига келган ҳар бир шахс Ўзбекистонда адолат борлигига ишониш кераклиги, бу Давлат раҳбарининг талаби эканлигини Президентимиз алоҳида таъкидладилар.

Суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, бундай аралашиш – давлат сиёсатига хиёнат деб баҳоланишига Президентимиз алоҳида урғу бердилар.

Давлат раҳбарининг одил судловни таъминлаш борасида бундай жонкуярлиги таҳсинга сазовор.

Бу биз судьялардан ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндашишимизни талаб қилади.

Президентимиз судлар олдига қўйган талабни бажариш ҳар бир судья фаолиятининг асосий мақсади бўлиб қолиши шарт ва зарур.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди томонидан 2020 йил

1-ярмида одил судловни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 68 нафар шахсга нисбатан 58 та жиноят ишлари кўриб тамомланди.

Кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича 50 нафар шахсга нисбатан 41 та иш бўйича айблов ҳукмлари чиқарилган, 18 нафар шахсга нисбатан 17 та ЖКнинг 66-1-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича жабрланувчилар гумон қилинувчи ёки судланувчилар билан ярашганлиги муносабати билан тугатилган, 3 нафар шахслар 3 жиноят ишлари бўйича ЖКнинг 71-моддасига асосан жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинган.

1 нафар шахсга нисбатан 1 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов органи томонидан асоссиз қўйилган айбловлар олиб ташланган, 3 нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов органи томонидан асоссиз қўйилган айбловлар енгилроғига қайта квалификация қилинган.

Жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки тергов олиб боришда йўл қўйилган процессуал қонунбузарликлар бўйича 1 та хусусий ажрим чиқарилган.

Хўш, ушбу ишлар натижасида фуқароларимизда судга бўлган ишонч ошдими, деган саволга бир фуқаронинг Президент виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатидаги жумлани келтирсак...

«ЖИБ Тошлоқ тумани судида ишловчи судьяларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. 2020 йил 26 июнь куни фарзандимнинг иши бўйича суд бўлиб ўтди. Ушбу суд жараёни одилона кўриб чиқилди. Мен бундан жуда хурсандман. Судьяларга катта раҳмат деб қоламан»

Бу - дастлабки тергов органи томонидан асоссиз оғир айблов билан айбланган, суд томонидан ушбу айбловлар асосли равишда бошқа енгилроқ айбловга қайта квалификация қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинган судланувчи З.Т.нинг онаси М.М.нинг мурожаати.

Тўғри, бу билан суднинг фаолиятидан ҳар бир судга иши тушган шахс шундай миннатдор дейишга ҳали эрта. Бироқ, Президентимиз бошчилигида қатъият билан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасининг жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди фаолиятидаги инъикоси десак, адашмаган бўламиз.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган судьялар корпуси Президентимизнинг судлар олдига қўйган талабни, яъни суд идорасига келган ҳар бир шахс Ўзбекистонда адолат борлигига ишонишини таъминлашга қатъий киришган. Албатта, бу жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда барча ислоҳотларимиздан кўзланган мақсадга эришишда муҳим омил бўлади.

А.Ҳабибуллаев, Жиноят ишлари бўйича

Тошлоқ туман суди раиси

3 802
ЎзА