ЎзА Ўзбек

23.07.2018 15:08 Чоп этиш версияси

Одеколон – Кёльндан олиб келинган сув

Одеколон – Кёльндан олиб келинган сув
Тилимизда хориждан кириб келган кўплаб сўзлар мавжуд. Масалан, коньяк, майонез, пломбир, одеколон каби сўзларни ишлатамиз, бироқ уларнинг келиб чиқиш тарихига эътибор бермаймиз. 

Бу сўзлар ортида жуғрофий атамалар, тўғрироғи, шаҳар, водийлар турганини билмаймиз. Бугун биз номлари у ёки бу буюмларга берилган жойлар ва инсонлар ҳақида маълумот берамиз. 

  • Болонья ва Кашмир ҳақида эшитгансиз, албатта. Айни шу иккита шаҳар номи билан икки хил мато аталади. Италиянинг Болонье шаҳрида синтетик болонья плашлари кашф қилинган. Кекса авлод вакиллари яхши билишади, бу плаш ўтган асрнинг 60-йилларида анча машҳур бўлган. “Кашемир” деб номланувчи газлама тури Ҳимолай тоғидаги Кашмир номига қўйилган. Маълумки, мазкур минтақада тоғ эчкилари бўлиб, айнан уларнинг жуни “кашемир” деб аталади.
5-(6)-900x600.jpg
  • Одеколон атири Германиянинг Кёльн шаҳри шарафига қўйилган, десак, асло янглишмаган бўламиз. Француз тилида янграйдиган “эау де Cологне” сўзи ўзбек тилига таржима қилинадиган бўлса, “Кёльндан олиб келинган сув” деган маънони англатади. Бу атирнинг хушбўй ҳиди италиялик Иоганн Мария Фарина томонидан 1709 йилда ўйлаб топилган. Ўшанда бу ҳид Италиянинг эрта баҳор фаслидаги ёмғирдан кейинги тонгни, меваларни, гул ва майсаларни эслатарди. Орадан кўп ўтмай, бу одеколон бутун Европадаги қироллик оилалари учун ноёб матоҳга айланди. Айни дамда Фаринанинг уйида атирлар музейи бор.
0aed94a84b1a8578b7573b07685cef24.jpg
  • Музқаймоқнинг Пломбир тури Франциянинг Лотарингия вилоятига бориб тақалади. Ривоятларга кўра, Пломбьер-ле-Бен шаҳрида яшовчи француз ошпази ХVIII аср сўнггида десерт ўйлаб топади. У сут, тухум, қаймоқ ва мевалар қоришмасини музлатган ҳолда меҳмонларга тортади. Ана ўшандан бошлаб музқаймоқлар “пломбир” деб ҳам аталади. Пломбьер-ле-Бен шаҳри эса ҳеч қачон музқаймоқнинг ватани эканлигига даъвогарлик қилмайди. Бироқ шифобахш курорт сифатида ном қозонган. Бу ерда даволаш мақсадларида фойдаланадиган булоқлар жуда кўп. 
sorvete-de-creme-1.jpg
  • Коньяк шаҳри Шаранта дарёси соҳилларида жойлашган бўлиб, айни шу ном билан аталувчи ичимлик ватани ҳисобланади. Винонинг Коньяк тури голландиялик савдогарлар томонидан тотиб кўрилган ва жаҳонга тарқатилган. Улар ХI асрда бу шаҳарга туз учун келиб, ўзлари билан бочкага солинган винони олиб кетишган. Бироқ ичимлик тезда айниган. Шу сабабли голландлар винони узоқ муддат сақлаш мақсадида тозалаш технологиясини ўйлаб топишди. Бу ўз навбатида Коньяк ичимлигининг яратилишига сабаб бўлди. 
cognac.jpg
  • Дюссельдорфдан 10 километр шарқда жойлашган Неандерталь шаҳрида 1856 йилда 140 минг йил аввал яшаган ибтидоий одамнинг бош чаноғи топилади. Шу сабабли ҳам ибтидоий одамлар неандерталь дейилади. Неандерталь шаҳри эса 1650 йилда туғилиб, 1680 йилда вафот этган германиялик руҳоний Иохим Неандер шарафига қўйилган. Атиги 30 йил яшаган руҳоний оз умри давомида кўп иш қилишга улгурди. Шуни таъкидлаш керакки, унинг аждодлари Нойманн исми-шарифи билан машҳур эди. Нойманн “янги одам” деган маънони англатади. 
neandertalcy.jpg
  • Регби ўйини Буюк Британиянинг Рагби шаҳрида пайдо бўлган. Маҳаллий мактаб ўқувчиларидан бири Уильям Уэбб Эллис футбол вақтида ўйин қоидасини бузади. Яъни, у коптокни қучоқлаб олади ва рақиб дарвозасига олиб бориб ташлайди. Шу тариқа регби ўйини пайдо бўлади. Катта бўлгач, Уильям 1845 йилда регби қоидаларини ишлаб чиқади.
_47667702_action_huw.jpg
  • Майонез Испаниянинг Менорка ороли маъмурий маркази Маон номидан келиб чиққан. Афсоналарга кўра, 1757 йилда оролни герцог Ришелье бошчилигида французлар босиб олади. Бироқ, кўп ўтмай, Маон шаҳрини британияликлар эгаллайди. Французлар озиқ-овқат муаммоси билан тўқнаш келишади. Очликдан силласи қуриган Ришелье ошхонага келиб, таом беришларини сўрайди. Бироқ унга овқат қолмаган эди. Шунда ошпаз тухум ва гўштни ёғ соусига қовуради. Герцог овқат таъмидан ҳайратга тушади. Айнан унинг таклифи билан соусга майонез (маҳонеса) номи берилади. 
14-sousov-i-zapravok-kotorymi-mozhno-zamenit-maJonez_1518125189-1140x570.jpg
  • Британияда кема ҳалокатидан омон қолганларни умумий ном билан Хью Уильямс деб аташади. 1664 йилнинг 5 декабрида Менай бўғозида йўловчилар тушган кема ҳалокатга учради. 81 киши ҳалок бўлиб, фақат бир киши Хью Уильямс исмли фуқаро тирик қолади.
image.jpg
  • Орадан бир аср ўтиб, 1785 йилнинг 5 декабрида айни шу ерда бортида 60 киши бўлган кема ҳалокатга учрайди. Бу гал ҳам Хью Уильямс исмли йўловчи тирик қолади. 1820 йилнинг 5 августида Темза дарёсида 25 кишини олиб кетаётган кема кўмир ортилган баржа билан тўқнашади. 5 ёшли бола тирик қолади. Фаҳмлаганингиздек унинг исми Хью Уильямс эди. 1889 йилнинг 19 августида кўмир ортилган баржа сувга ғарқ бўлади. Баржада бўлган 9 кишидан икки нафари – ҳар иккисининг исми шарифи Хью Уильямс бўлган тоға ва жиян тирик қолади.

Интернет материаллари асосида Шарофиддин Тўлаганов тайёрлади
6 308