ЎзА Ўзбек

24.07.2018 14:18 Чоп этиш версияси

Оддий қумдан экспортбоп маҳсулот

Оддий қумдан экспортбоп маҳсулот
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги “Чироқчи дала шпатли кварц” ишлаб чиқариш корхонаси дарё ва сойликлар ўзанидаги қум таркибидан саноат учун муҳим хомашё бўлган дала шпатли ажратиб олади.

Мазкур хомашёдан тоза ичимлик суви етказиб беришга ихтисослашган корхоналар сувни турли чўкиндилардан тозалаш жараёнида махсус қумли фильтр сифатида фойдаланади. Бундан ташқари, турли қурилиш материаллари, жумладан, канализация қувурлари, сопол, шиша ва яна бир қанча маҳсулотлар ишлаб чиқаришда дала шпатли муҳим хомашё саналади.

Дала шпатли ва кварцдан ташкил топган жинслар пегматитлар, деб аталади ва чинни буюмлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Айни вақтда ана шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган бир нечта корхона “Чироқчи дала шпатли кварц”нинг асосий мижозидир.

2.jpg

– Корхонамиз 2011 йилда фаолият бошлаган, – дейди корхона раҳбари Шомурод Қиличев. – Маҳсулотларимиз ташқи бозорда ҳам харидоргир. Хусусан, ўтган йили 1 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулотни ички бозорга сотган бўлсак, 40 минг долларлик маҳсулот Туркманистон ва Қозоғистонга экспорт қилинди. Ҳали режаларимиз кўп. Мисол учун, шиша буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Агар бу лойиҳа амалга ошса, яна юзлаб иш ўринлари яратилади. Бу лойиҳани туманнинг “Еттитом” массиви ҳудудида амалга оширишни режалаштирганмиз. Хориждаги шиша ишлаб чиқарувчи корхоналар тажрибасини ҳам ўрганяпмиз. Лойиҳани ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, энг мақбул варианти танлаб олингач, қурилиш ишларини бошлаймиз. Шу билан бирга, дала шпатли хомашёсини тайёрлаш қувватини янада ошириш, янги мижозлар жалб этиш борасида ҳам иш олиб борилмоқда.

Корхонадаги иш жараёни оддий: тумандаги Қумдарёдан қум келтирилади ва лойқадан тозаланади. Сўнг махсус элакдан ўтказилади. Шундан кейин буюртмачи талабига кўра, ҳар хил ўлчамда майдаланади, яъни эзилади. Бу ишларнинг барчаси махсус ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Шу йўсинда кунига 60 тонна қум қайта ишланади ва ундан 20 тонна тайёр хомашё олинади. Бунинг учун айни пайтда корхонада 20 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
6 115