Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 19:51 Чоп этиш версияси

Одамлар оғирини енгил қилиш – барчанинг иши

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари одамларни ташвишга солаётган муаммоларни жойида ва аниқ ҳал этишнинг самарадор институтига айланди. Бугун мазкур ноёб механизм наинки давлат идораси эшигини қоқиб келган фуқаро ташвишини енгиллатиш, балки одамлар ичига кириб, очиқ ва самимий мулоқот қилиш, дардини тинглаш ҳар бир мансабдор шахс олдидаги бирламчи вазифа эканини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси томонидан пойтахт туманларида ўтказилаётган сайёр қабулларда бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда мурожаатлар ҳар томонлама ўрганилиб, уларнинг ижобий ҳал этилиши учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Навбатдаги сайёр қабул пойтахтимизнинг Сергели тумани аҳолиси учун ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Сергели тумани ҳокимлиги масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларини уларнинг эгалари иштирокида кўриб чиқди.

Шу йилнинг 27 апрелигача Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Сергели тумани аҳолисидан 13 минг 800 га яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5 минг 700 дан зиёди туман ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига туман аҳолисидан йўлланган мурожаатларнинг кўпчилик қисмини уй-жой, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, банк-молия ва солиққа тортиш, фуқароликни қабул қилиш, паспорт олиш ва пропискага ўтиш, судларда ишлар кўрилиши, суд қарорларининг ижро этилиши, меҳнат ва бандлик, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги сингари масалалар ташкил қилмоқда.

– Ўғлим хасталаниб қолди, шифохонага ётқизиш учун қўлимиз калталик қилди, – дейди Анна Абрамова. – Муаммога ечим тополмай турган бир пайтда туманимиз ҳокими маҳалламизда сайёр қабул ўтказди. Дардимни тинглаб, ўғлимнинг имтиёзли асосда даволаниши учун кўмаклашди. Бугунги қабулга бизнинг оғиримизни енгил қилишга барчани бирдек сафарбар этаётган давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдиргани келдим.

Маҳаллий ҳокимият органларида халқнинг дардини тинглаш, муаммоларига ечим топишда сансалорликларга йўл қўйилаётган, асоссиз важ-карсонлар билан фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари поймол этилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Сергели тумани ҳокимлигига жорий йилда келиб тушган 360 га яқин мурожаатнинг муддати ўтиб кетгани бу борада амалга ошириладиган ишлар кўплигидан далолат бермоқда. Муддати ўтган мурожаатларнинг ярмидан ортиғи уй-жой олиш ва қуриш учун ер ажратиш, таъмирлашга оид масалаларга тааллуқлидир.

– Ўтган йилнинг декабрь ойида телевизорда туманимизда кўп қаватли арзон уйлар қурилиши ҳақида хабар қилинганда барчамиз бирдек хурсанд бўлгандик, – дейди Нодира Йўлдошева. – Лекин туман ҳокимияти вакиллари мазкур квартиралардан бирини олиш ҳақидаги ариза ва тегишли ҳужжатларимни қабул қилишни бир неча ой давомида пайсалга солгач, Президентимиз Виртуал қабулхонасига ёзишга мажбур бўлдим. Шундан кейингина тегишли комиссияга ҳужжатларимни топширишга муваффақ бўлдим.

– Жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахслардан туман прокуратурасига 800 дан ортиқ ариза келиб тушган, – дейди Сергели тумани прокурори Тоҳиржон Ҳусанов. – Уларнинг 60 фоиздан ортиғи туман прокуратураси томонидан ҳал этилди, 53 таси қаноатлантирилди. Аҳолини ўйлантираётган муаммоларни тизимли ҳал қилиш мақсадида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилмоқда.

– Бугунги сайёр қабул фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар кўплигини яна бир бор тасдиқлади, – дейди Сергели тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зафар Атаев. – Ҳар бир мурожаатнинг моҳиятига кириб бориш, муаммоли вазиятларни келтириб чиқараётган сабабларни чуқур таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимлигини кўрсатди.

– Иш фаолиятимиз мобайнида аҳоли билан бевосита мулоқот қилишга эътибор қаратмоқдамиз, – дейди Сергели тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Фахриддин Абдунабиев. – Инспекция раҳбариятидан тортиб инспекторларгача барчаси маҳаллаларга бориб, одамлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг муаммо ва таклифлари ҳам ўрганилиб, уларга ечим топиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Халқ билан мулоқотнинг янги самарали усул ва шакллари инсон манфаатларини таъминлашда муҳим механизмга айланиб бораётганини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси томонидан Учтепа тумани аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабул ҳам тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, Учтепа тумани аҳолиси томонидан Президентимиз Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 14 минг 800 дан зиёд мурожаат йўлланган. Мурожаатларнинг қарийб 6 минг 300 таси туман ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ бўлиб, уларнинг қарийб 82 фоизи кўриб чиқилган.

Патила Усмонова Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида меҳнат қилган, лекин меҳнат фахрийларига белгиланган имтиёзлардан фойдалана олмай келмоқда.

Қабул давомида П.Усмонованинг мурожаати тингланиб, қўшимча ўрганиладиган бўлди.

– Аввалроқ Учтепа тумани 25-мавзедаги чиқиндихонани олиб ташлаш юзасидан Президентимиз Виртуал қабулхонасига қилган мурожаатимиз ижобий ҳал қилинган эди, – дейди Ольга Беничинко. – Лекин чиқиндихонанинг ўрни охиригача тозаланмай ташлаб қўйилди. Шундан сўнг яна мурожаат қилдим ва бугун туман мутасаддилари бу муаммони ҳам бартараф қилишга ваъда берди.

– Мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги коммунал уй-жой ширкатлари тўлақонли фаолият кўрсатмаётганидан арз қилмоқда, – дейди Учтепа тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев. – Бундан ташқари, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, хусусан, янги бунёд этилаётган кўп қаватли уйлардан квартира олиш масаласи бугунги сайёр қабулнинг асосий мавзуси бўлди.

– Туман прокуратураси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси алоҳида назоратга олинган, – дейди Учтепа тумани прокурори Элбек Иномжонов. – Жорий йилнинг ўтган даврида туман ҳокимлиги ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармасида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими ўрганилиб, тегишли тақдимномалар киритилди, битта маъмурий иш қўзғатилди.

– Мурожаатларни ўрганиш аҳоли ўртасида ўтказилаётган профилактика чора-тадбирларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда, – дейди Учтепа тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Нурилла Султонов. – Бунда ходимларимизнинг касб тайёргарлигини ошириш асосий масала бўлиб турибди. Чунки мутасаддининг ҳуқуқий билими-малакаси етарли бўлса, ҳар бир мурожаатни ўз муаммосидай қабул қилса, уни ҳал этиш учун бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилади.

...Мурожаатлар ортида одамлар тақдири ётган экан, уларга оқилона ечим топиш мамлакатимизнинг изчил тараққий этишига хизмат қилади.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
5 972






Все о погоде - Pogoda.uz