ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

“Одамлар, авайланг, бир-бирингизни...”

“Одамлар, авайланг, бир-бирингизни...”
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Жуманиёз ЖАББОРОВ таваллудининг 90 йиллигига

Адабиётимиз тарихида не-не дурустгина истеъдоди бор ижодкорлар унвон, мавқе, амал талашиб, бошқаларда бўлмаган ноёб иқтидорларини шамолга совурганини биламиз. Ҳозир ҳам бундай салбий тоифага мансуб қалам соҳиблари оз бўлса ҳам бор. Лекин иликни мардлар қоқиб, тайёрга айёр номардлар еган замонлар ортда қолди.

Ота-боболаримиз баҳорда куркурак кўрмагунча токни очмаган. Устоз Жуманиёз Жабборов ҳар бир шеъри, ҳар бир асарини пишиқ-пухта яратган сўз заргари. Айрим замондошлари минбарларда уззукун маъруза ўқиган йилларда у босиқ, вазмин ҳолда ўз ижоди билан машғул бўлди, жаҳон адабиётининг буюк асарларидан бири “Шоҳнома”дан ўн беш минг мисрасини маҳорат билан ўгирди, ўнлаб ажойиб достонлар, драмалар ёзди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларидаёқ шоирнинг 4 та шеърий тўплами китобхонга етиб борган эди. Алломаи замон Иброҳим Ғафуров ёзганидек, “у йигитлик умрининг ширин дамларини шеърга бағишлади, юрагининг қўрини шеърга тўкди”. Юзлаб мукаммал, қуйма, теша тегмаган шеърлар битди. Масалан, шоирнинг 1980 йили Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босилган 470 бетлик “Сайланма”сининг биринчи жилдига уч юзга яқин шеъри ва 3 достони киритилган. Иккинчи жилдга шеърлар, достонлардан ташқари пьесаларидан намуналар киритилди.

Арча хуш бўй таратгани учун мингга кирар экан. Атоқли шоирнинг энг гўзал шеърлари нафақат мамлакатимизнинг муаззам маросимлари, балки халқаро мақомга эга тантаналарда ҳам баралла янгради. 2016 йилнинг 24 июни. ШҲТнинг Тошкент саммити ниҳоясига етмоқда. Пойтахтимиздаги муҳташам анжуманлар саройида ШҲТга аъзо давлатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистондан ташқари Туркманистон, Беларусь, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Мўғулистон раҳбарлари, Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокидаги байрам концерти намойиш этилди. Уни Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков ва Гулсанам Мамазоитовалар устоз Жуманиёз Жабборов сўзи, Анор Назаров мусиқаси билан “Жон Ўзбекистон” қўшиғини айтиб якунлади:

Нафосат йўғрилган эй азиз диёр,

Меҳрдан туғилган эй азиз диёр,

Навқирон ёшингни қутлаймиз бу кун,

Саодат чамани, абадий баҳор.

Бу ойдин кечалар, жон Ўзбекистон,

Бу ёруғ кўчалар, жон Ўзбекистон.

Бу боғу чаманим, жон Ўзбекистон,

Бу гўзал Ватаним, жон Ўзбекистон...

Ўша олий даражадаги анжуман концерти видеотасвирини қайта кўрар эканман, азиз оғам, туғишган биродарим, моҳир таржимон, “Алаш” халқаро ва О.Шарафиддинов номидаги адабий мукофотлар соҳиби Меҳмонқул Исломқуловнинг ижобий маънодаги армону афсус билан: “Янгибой! Биз иккимиз устоз Носир Фозилов билан ўн-ўн беш йил кечикиб учрашибмиз!” дегани эсимга тушди. Аммо кейинги ўн беш йилнинг ўзидагина Носир оға иккимизнинг ҳам қаламимизни бир қадар чархлаб бергани, қардош қозоқ адиблари билан янада яқинлаштириб кетгани кўпчиликка маълум. Худди шундай мен Жуманиёз ака ҳаётининг кейинги ўн беш йилида унга энг яқин иниларидан бири бўлганим билан фахрланаман. Устоз билан камида 6-7 марта Зомин семинарига бордик. У чоғлардаги қаҳрамон раисимиз Абдулла Орипов Ўриклисойга етганимиздан сўнг қадрдон оғамиз Сирожиддин Саййиддан:

- Қани, ким-ким билан жойлашади? – деб сўраганида:

- Бошқаларни билмадиму Жуманиёз бобо ҳар галгидек Маҳмуд ака билан Янгибой оғани ўз чодирига олади. Салимжон Ашуровни қўшсак, “великолепная четвёрка” бўлади-қўяди! – деб жавоб берган эди. Тун ярмида учовимиз уйқуга кетганимизда Жуманиёз ака ҳамон ён дафтарига ниманидир ёзиб ўтирарди. Тонгда уйғонсам, устоз йўқ. Чиқсам, сой бўйидаги чорпояда юзлари ёришиб ўтирибди.

- Сизнинг исмингиз Янгибой. Шу боис янги шеъримни биринчи бўлиб Сизга ўқиб берсам! – дедилар камтарлик билан.

- Бажонидил. Аммо ижозат берсангиз, устоз, янги шеърингизни мен Қўчқоров билан бирга синглим Қўчқорова ҳам эшитса! – дедим ажриқзор орасидаги ёлғизоёқ сўқмоқдан кулимсираб келаётган Хуршидага ишора қилиб. Андижонлик кайвони қиз келгач, устоз завқ-шавқ билан тандирдан янги узилган шеърни ўқий кетди:

Бул кеча Ўрикли сой ухлатмади,

Нақ тепамда турди Ой, ухлатмади.

Бир ҳавоким, жон ҳузури, кўз нури,

Ярми қаймоқ, ярми мой, ухлатмади...

Бироздан кейин Қашқадарё вилоятининг у кезлардаги раҳбари Нуриддин Зайниев воҳадан келиб Тошкентда ижод қилаётган 18 ижодкорни Қаршига чорлабди. Сафар тадориги чоғи Жуманиёз бобо Абдулла акага:

- Рўйхатга яна 3 нафар “қашқадарёлик”ни қўшиш керак! – депти.

Абдулла ака:

- Мана, Сирожиддин, қўлида қалам ва қоғоз билан ҳузурингизда турибди, “Диктовка” қилинг!

- Биринчиси “Ўйнатур сўзларни мисли “Дилхирож”, Чун аруз вазнида ҳам моҳир Сирож”. Бир пайтлар Сурхон билан Қашқадарё бир вилоят бўлган. Иккинчиси – Маҳмуджон Тоиров. Учинчиси – Янгибой Қўчқоров. Ҳаммамиз бирга бўлсак, гап-сўзга ҳам ўрин қолмайди...

Уч кун давомида вилоятнинг еттита туманида бўлдик. Хўжа Илғорда Темур бобо машқ қилган ботмондай тошни бир полвон йигит азот кўтарди. Тош билан кўкрагига ура бошлаган эди, Жуманиёз бобо автобусга қараб юрди. Борсам автобуснинг охирги ўриндиғида ўй ўйлаб ўтирибди. Индамасдан берироққа чўкдим. Ҳамма ўз ўрнини эгаллагач, Абдулла ака:

- Жуманиёз бобо! Қўлингизни кўтаринг! – деди. Жуманиёз бобо эса автобуснинг дарчасига бармоқлари билан ненидир ёзарди. Имласам:

- Лаббай, Абдуллажон! – деди.

- Имомликдан бўшадингиз. Михли ака! Фотиҳага қўл очинг!

Мингчинор томондаги улкан чинорни кўздан кечираётганимизда у Абдулла акага қараб:

- Гулдай қудаси бўлсам ҳам аямади-я? – деди шивирлаб. Кулай десам кулолмайман. Ўзбекистон КП МҚ бўлим мудири Саид Шермуҳаммедов ўринбосарликка чақирганда бормаган гўдакдек беғубор Жуманиёз Жабборов эди бу. Аммо ўрни келганда ҳар қандай муддаосини аниқ айта олар эди. Бир гал торгина доирада раҳбарларнинг коррупция ботқоғига ботаётгани айтилганида ҳеч ким кутмаган кескин иборани айтгани ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Шеърларида романтик ва реалистик хулосалар мўл:

Туннинг қора мушкин сочларингга қўшиб ўрай,

Офтобни эритиб, ёноғингга сурай;

Кўмир олмоқдамиз ердан тоғу тоғ,

Темир олмоқдамиз ундан ҳам кўпроқ;

Гўёки қоплонга дуч келар оҳу,

Одамни, аслида, одам ўлдирар;

Аму билан Сирнинг додин эшитмай,

Қуритиб қўйибмиз Оролни;

Аёл чор атрофга боқаркан карахт,

Бу юртнинг эрлари ўлганми дейман;

Банк кўп, жамғарма кўп, ошхона тўп-тўп,

Фақат не учундир кам… кутубхона.

Шаҳрисабздаги адабий анжуманда иқтидорли адиб Жаббор Халилнинг уюшмага ўтиши мавҳумлашиб бораётган эди. Шунда Жуманиёз бобо шартта ўрнидан туриб:

- Мен Жаббор отанинг ўғли, Халил бобонинг неварасиман. Шуни ҳисобга олинг, Абдуллажон. “Дадам”ни уюшмага аъзо қила қолайлик! – деди.

- Битта шарт билан қабул қиламиз. Иккинчи марта адабиёт билан кинони “каша” қилмасин!

Ҳаммамиз қўл кўтардик. Жаббор Халил уюшма аъзоси ва уюшманинг Шаҳрисабз туманлараро шўъбаси раҳбари қилиб сайланди. Анжумандан чиққанимизда Жуманиёз ака: “Сўранг-чи, Қаерда қовун туширган экан?” деди. Гап нима ҳақда кетаётганини англаган Жаббор ака:

- Ҳазораликлар содда бўлади. альманахга кинорежиссёр дўстимнинг бир неча суратини берган эдим. Бир хурсанд қилай дегандим-да. Лекин Абдуллажон ҳақ: бу киноальманах эмас-да! – деди. Ёнимизда турган қадрдон оғам, халқ шоири Маҳмуд Тоир жилмайиб “Оқсоқол! Ижодни кучайтиринг энди!” деди. Кейин билсак, “Шаҳрисабз баёзи” деган альманах тадбирга кираётганимизда ҳаммамизга берилибди-ю, Абдулла ака минбарга бораётиб, тезгина варақлаган экан. Ўн беш йиллик “дастёр” чоғимда Абдулла аканинг бундай “яшин тезлиги”даги “акс садолари”дан камида эллик-олтмиштасини кўрганман.

Автобусда Жуманиёз ака Абдулла Қаҳҳор иштирок этган бир адабий учрашувдан гап очди: “Қаҳри тошдек қаттиқ, меҳри мойдек юмшоқ эди, устоднинг. Кучи бўлмай курак синдирганларни хуш кўрмас эди. Мамарасул Бобоевнинг юбилейида ўртамиёна ижодкорларга “Нега оёғингиз тагига қайта-қайта ғишт қўяверасизлар. Барибир Мамарасул ўз ижоди билан сизлардан баланд кўринаверади!” деди. Ойбек домла теран тафаккурга, Ғафур ака жўшқин эҳтиросга, Шайх домла ўткир идрокка, Қаҳҳор домла метин нуқтаи назарга эга эдилар, Ҳар қайсиси ўзига хос бир олам десам янглишмаган бўламан!”

Устоз Шайхзоданинг “Азизим Жуманиёз!” деб бошланадиган бебаҳо хатлари-чи? Дарвоқе, Жуманиёз аканинг 1952 йили Ўрта Осиё (1959 йилдан Тошкент) давлат университетини (атоқли шоира Саида Зуннунова билан бирга), 1953 йили М.Горький номидаги Москва адабиёт институтининг бир йиллик курсини (Султон Акбарий ва Пўлат Мўмин билан бирга) битиргани ва шу йили Мирмуҳсин раҳбар “Шарқ юлдузи” ойномасига ишга ўтганини назарда тутсак, у Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳордек устодлардан ўн-ўн беш йиллар давомида дуо олгани, чорак аср Миртемир домланинг ўгитларига қулоқ осгани аён бўлади.

Бир одам омочнинг бошини ушласа етти одам чўмич кўтариб кутар экан. Ҳолбуки ерга дон сочилганидан то қозонда ҳалим ҳил-ҳил бўлгунча не-не тонглар отиб, не-не кунлар ботади. Эллигинчи йилларнинг бошида ҳам адабиёт саройига қалам ва қоғоз кўтарган юз нафардан ортиқ шоир, ёзувчи, драматурглар гурас-гурас кириб келишган. Аммо ҳар жанрда бармоқ билан санарлик яъни насрда Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Носир Фозилов, Жонрид Абдуллахонов, Худойберди Тўхтабоев, Фарҳод Мусажонов, Ўлмас Умарбеков, назмда Жуманиёз Жабборов, Саида Зуннунова, Азиз Абдураззоқ, Ҳуснитдин Шарипов, Ҳайритдин Салоҳ, Нормурод Нарзуллаев, Охунжон Ҳаким, Тўра Сулаймон, драматургияда Муҳаммаджон Хайруллаевдек профессионал адибларгина бўй тиклай олдилар. Ўнлаб “косиблар”нинг юзлаб номдаги “китоблари” эса ўқирманларга етмасдан макулатурага айланди. Айнан ўша чоғлари адабиётимизга чақмоқдек чақнаб Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов авлоди кириб келди.

Жуманиёз аканинг 70 ёши нишонланган кун кечагидек эсимда. Даврани ҳамюрт шогирди, эндигина халқ шоири унвонини олган Нормурод Нарзуллаев “Яъни Назрийким, чечандир гапга ҳам” олиб борарди. Юбилярни аввал Озод Обидович Шарафиддинов қутлади. Кейин уч қаҳрамон адиб – Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Абдулла Ориповлар самимий табрик сўзлари айтдилар.

Эркин ВОҲИДОВ:

- Ассалому алайкум, Жуманиёз ака! Саид Аҳмад акага микрофонни бериб табрикни бошланг, десам, аввал сен гапир, кейин мен давом эттираман, деяптилар. Бизнинг авлод адабиётга Сизнинг этагингиздан тутиб кириб келганмиз. Буни ҳеч қачон унутмаймиз. Биз ҳали бошланғич синф ўқувчилари бўлганимизда, эллигинчи йилларда “Альпинист” номли шеър ёзган эдингиз. Шу эсингизда борми? У пайтлари фақат партия, доҳий, СССР деган шеърлар ёзиларди, холос. Муҳаббат ҳақида ёзиш-ку, мутлақо “запрет” қилинган эди. Сиз ўта жиддий ва ўта қувноқ инсонсиз. Эсингиздами: бир ардоқли устозимиз машинада пинакка кетганида мен рулда, Абдуллажон ёнимизда бир ғазал бошладингиз ва бизлар қўшилдик:

Ақлу фаҳмингиз калта-ю, бўйни дароз ўлмай кетинг,

Шогирд ўлмай биз ўлайлик, Сиз устоз ўлмай кетинг.

Кўп ичишдан нусхангиз ҳам шишага ўхшаб кетар,

Ҳам “закуска”нгиз каби аччиқ пиёз ўлмай кетинг.

Дунёда ҳеч бир азоб йўқ маст етаклашдан бўлак,

Эркину Абдулла-ю ҳам Жуманиёз ўлмай кетинг.

Яна бир бора юбилейингиз муборак бўлсин, доимо шундоқ қувноқ бўлиб юринг!

Саид АҲМАД:

- Жуманиёз 70 ёшга кирибди. Бундоқ ўйлаб қарасам, муносабатларимизга 45 йил бўлибди. 1955 йилда ўша “сафарлар”дан келганимдан бошлаб ҳисобласак, 45 йилдан буён ҳар куни десам, тўғри бўлмас, ҳар ҳафтада учрашиб келаётганимиз аниқ. Лекин шу 45 йил давомида Жуманиёзнинг бирор марта бирор одамга қаттиқ гапирганини, бирор одамни беҳурмат қилганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман. Бировдан нолиганини ҳам билмайман. У Тошкентга келиб, бирин-кетин болалари кўпайгач, кеча-ю кундуз “миҳнат”, фақат “миҳнат” билан машғул бўлди. Чукотка бўладими, бошқа жойми, яхши ёзувчиларнинг асарларини топиб, яъни уйғурчаданми, қорақалпоқчаданми, тожикчаданми, ўрисчаданми, бақувват таржималар қилди. Эфирни эгаллаган қўшиқчи шоирлардан бири бўлиб турибсан. Сенинг қўшиғингни айтмаган ҳофизнинг ўзи йўқ. Азизлар! Жуманиёз халқ шоири бўлди. Аммо ундан олдин Яхши инсон деган ажойиб унвонни олган эди. Дилбар аёлининг уйни уй қилишдаги хизматини айтмасам бўлмайди. Шундоқ аёл билан узоқ яшамаслик мумкинми? Мен Сенга, оилангга, болаларингга узоқ умр тилайман!

Абдулла ОРИПОВ:

- Мен даврани очиб берган улуғ устозимиз Озод Шарафиддиновнинг, мана, Саид Аҳмад аканинг, сафдошингиз, укангиз Эркин Воҳидовнинг улуғ довонни эгаллаганингиз ҳақидаги қутловларига қўшиламан. Биринчи навбатда Жуманиёз ака униб-ўсиб, яшаб, ижод қилаётган маҳалласи аҳлига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мана, улуғ ёшда Малик домла Набиев ўтирибдилар, оқсоқолларимиздан Исмоил Сулаймонов, Мақсуд Қориев, Назармат боволар ўтиришибди. Мен уларнинг пир бўлиб давру даврон суришларини, мамлакатимизнинг катта-катта йиғинларида оқсоқоллар сифатида тўрда ўтиришларини истар эдим. Мен Сизга, қўни-қўшни, қавму қариндошга, вилоятлардан келган азиз биродарларимизга, бу ердаги барча меҳмону мезбонларга, шу жумладан, Саид Аҳмад бовога узоқ умр тилайман!

Бир кўнгил иморати – минг макка зиёрати. Ўриклисой бўйида икковлон гурунглашганимизда устоз бир неча китоблик режаларини сўзлаб бердилар. Жуманиёз акага: “Ҳозир республикамизда юзта нашриёт бор!” десам ишонгиси келмади. “Ўша жилдларни бир неча нашриётга топширинг-да, қаймоғини биттасига беринг!” дедим. У дарҳол папкаларини тита бошлади. Мен катта йўл томонга чиқиб кетдим. Оромгоҳ дарвозаси ёнида қурут шимиб турсам, милиция либосидаги бир безовта йигит келди. У пайтлари Ўриклисойда уяли телефонлар ишламас эди. Мендан:

- Шоир Жуманиёз Жабборов шу ердами? – деб сўради.

- Шу ерда. Тинчликми?

- Ўғли оламдан ўтибди! – деб шивирлади сержант.

- Ҳеч кимга индаманг! – деб юқорига чопдим. Маҳмуд акани кўриб вазиятни тушунтирдим. У Абдулла акага айтиб, ўзининг “ГАЗ-31” русумли хизмат машинасини ҳозирлади. Бу 2005 йилнинг ёзи эди. Тошкентга қайтсак, Жуманиёз аканинг қизи Қундузхоннинг эри, Халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг ўғли Бахтиёржон оламдан ўтган экан.

Эркин акам айтганидек, Жуманиёз устоз билан кўп яхши, кўп қийин кунларда бирга бўлдик.

Марварид игна эмас, доимо бут қолади. Шу муносабат билан забардаст шоир шажарасига бир шингил тўхтаб ўтсак ўринли бўлар. Бугун улуғ ватандошимиз Абу Райҳон Берунийни бутун жаҳон билади. Аммо унинг беқиёс аллома бўлиб етишишида устози Абу Наср Ироқнинг хизмати каттадир. Бобокалони Эгамберди новвой, бобоси Халил Косондаги Пўлати қишлоғининг ироқлик арабларидан. Шоирнинг отаси Жаббор Халилов (1904-1990) Пўлатида сельпо, яъни қишлоқ матлубот жамияти раиси бўлган. Онаси Ражаббиби. Аслида ёш Жуманиёз қариндоши Чиннихон аянинг ва албатта Азиза ая Файзулла қизининг (1920-2003) қаноти остида улғайди. Тақдирнинг ширин шарбати уни ва оқила рафиқаси Шамсиябибини Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман, Муҳиддин Қориёқубов кўчаси, 2-тор кўча, 30-уйга бошлаб келди.

Шу ерда, 1952 йилнинг 20 июнида тўнғич фарзанд Ҳамиджон туғилди. У аввал Тошкент давлат университетининг шарқ, кейин М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг журналистика факультетларини битирди. Ҳинди ва урду тили билимдони сифатида Покистон, Ҳиндистон, Индонезияда ишлади.

1954 йили туғилган Анвар Жабборов Тошкент давлат университетининг филология факультетини тугатди. Ўз кучи, саъй-ҳаракатлари билан филология фанлари номзоди бўлди. У ЎзРФА Тил ва адабиёт институтининг кичик илмий ходимлигидан Вазирлар Маҳкамаси департамент мудири, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири лавозимигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди. Анвар ака билан жуда қадрдон эдик. 2012 йилнинг май ойида бу ажойиб инсоннинг умр йўли фожиали якун топди. Бу ўринда шу кунгача дилимнинг бир чеккасида қолиб келаётган бир тафсилотни айтиб ўтмасам бўлмас. Айнан ўша кунлари Урганчда устозим Ошиқ Эркин таваллудининг 75, Нукусда яна бир устозим Шароф Уснатдинов таваллудининг 70 йиллиги кенг нишонланаётган эди. Мен у тантаналарда иштирок эта олмадим. Илойим, иккаласи ҳам юзга кирсину мен ўша дамларда Тошкентда, раҳматлик Анвар Жабборовнинг маъракасида эдим. Наинки ака-укалар, балки қайнотаси, азиз устозим, халқ шоири Охунжон Ҳакимнинг ёнида турмасам бўлмас эди. 26 март куни Охунжон ака ҳам оламдан ўтди. У бир дунё адабий мерос қолдирди. Лекин юрагимда бир армон қолди: устоз уч йилдан буён биз билан бирга нашрга ҳозирлаган янги “Тошёнғоқ” романининг чоп этилганини кўролмай кетдилар.

1956 йил туғилган Фарҳод Жабборов кўп йиллар “Тошкентгеология” бирлашмаси, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Универсалбанк”,, “Ипотекабанк” тизимида, 1959 йили туғилган Ҳабибулла Жабборов узоқ йиллар Ўзбекистон Фанлар академиясида масъул вазифаларда фаолият кўрсатдилар. Ҳабибулланинг академик Саидкарим Зиёдуллаевга муносиб шогирд бўлганини илм аҳли яхши билади. Юлдузхон ва Қундузхон халқ таълими, олий таълим соҳасида муаллималик қилишди. Устознинг сингиллари, укаларидан Моҳира, Тўймурод, Гулнора, Тўлқин, Эркин, Уйғун, Гулвералардан ҳар бирида бир этак фарзандлар бор. Ҳаммасини йиғсангиз, бир тўйхонага сиққулик сулола тўпланади. Тўй-ҳашамларда, юртнинг тантаналарида устоз қаламига мансуб қўшиқлар – Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ижросидаги “Дўстлар”, Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодиров ижросидаги “Кўринг”, Алижон Эркаев ижросидаги “Гўзалим”, Қобилжон Юсупов ижросидаги “Бугун”, “Фаёд” гуруҳи ижросидаги “Нозланажакдир”, атоқли бастакорлар – Анор Назаров ва Мустафо Бафоев билан ҳамкорликда яратилган қўшиқлар ҳамиша янграб турибди. Шоир либреттоси асосида яратилган “Фарғоний” операсини бир неча марта кўрганмиз. Ўнга яқин пьесалар республика ва вилоят театрлари саҳналарини безади. Устознинг кўп адиблар, бастакорлар, режиссёрлар хонандалар билан ҳамкорлиги умрбод дўстликка айланиб кетган. 2010 йилнинг 24 август куни Тошкентда Жуманиёз акага “Энг улуғ, энг азиз” танловининг 1-ўрин дипломи топширилди. Томоғи оғригани учун унинг миннатдорчилик сўзларини Сирожиддин ака ўқиб берди. 2-ўрин ва 3-ўрин дипломларини мен олиб, ўзим ва Урганчда хаста бўлиб ётган Матназар Абдулҳакимнинг ташаккурини айтдим. Жуманиёз ака бир парча қоғозга “Суратга тушайлик!” деб ёзди. У, мен ва актриса Дилноза Кубаева суратга тушдик. Орадан бироз ўтгач, радио уйи яқинидаги ғиштин бино қироат залида устоз ижодига бағишланган адабий анжуманда қатнашдим. “Фарғоний” операсига ўзим чипта олиб кирсам, қоғозга “таклифнома берган баъзи оғайниларим келмай, Сиз келибсиз!” деб ёзди. “Асосийси халқ зални тўлдириб ўтирибди!” дедим. Бир неча дақиқа бағрига босиб турди. Ўша куз биз учун ўта совуқ келди. Сентябрда Тўлепберген оға ва Матназар акадан, декабрда Жуманиёз ака ва Пиримқул акадан айрилиб қолдик.

- Агар мендан “Бола бўлиб қачон ишга ярагансиз?” деб сўрасалар, “Миртемир домлаган чой кўтариб кирган куним!” деб жавоб берган бўлардим. – дейди Ҳабибулла Жабборов. – “Қачон ўспирин бўлгансиз?” деб қўшимча савол берсалар, табиийки, “Уйга келган атоқли адиб Одил Ёқубовнинг “ГАЗ-21” русумли машинасини ижозатсиз ҳайдаб қочган куним” деб жавоб бераман. Ҳақиқатан ҳам отам Миртемир домла, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Носир Фозилов, ва албатта муҳтарам қудалари Худойберди Тўхтабоев, Охунжон Ҳакимов, Абдулла Орипов, бошқа ўнлаб ҳамкасблари билан қадрдон эдилар. Эсимни таниганимдан буён қора қозонимиз тагидаги олов бирор марта бўлсин, ўчганини билмайман. Саид Аҳмад, Матёқуб Қўшчонов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуровлар ҳам тез-тез келиб туришарди. Асқад ака билан Эркин аканинг ташрифлари режали бўларди. Энг кўп келадиган ҳамкасби Пиримқул Қодиров ва унинг рафиқаси Сафия ая эдилар. Янглишмасам, иккови Москвада ўқиганларида ўта қадрдон бўлиб қолишган. Худойберди ака Санобар ая билан, Охунжон ака Дилбар қудағайимиз билан, Абдулла ака Ҳанифа опамлар билан ҳам келишарди. Бастакор Анор Назаров кириб келса дарҳол сосиска келтириш учун дўконга чопардим. Отам бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев билан ҳам самимий муносабатда эди. Комил Яшин, Иззат Султон, Зулфия, Шароф Рашидов, Шуҳрат, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Туроб Тўла, Раҳмат Файзий, Шукрулло, Рамз Бобожон, Сарвар Азимов, Озод Шарафиддинов, Мақсуд Қориев, Ўлмас Умарбеков, Шоислом Шомуҳаммедов, Икром Акбаров. Отамнинг устозлари, сафдошлари, қадрдонларини тўлиқ рўйхат қилсам, юз кишидан ошиб кетиши аниқ. 2010 йилнинг 13 декабрида отам оламдан ўтганида кўчамизга одам сиғмай кетган эди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев (у кезлари ҳукумат раҳбари эдилар) онамга ва бизга таъзия изҳор қилаётиб, “Жуманиёз ака бутун мазмунли умри, ноёб ижодини халққа, Ўзбекистон равнақига бахш этди. Ватан эса ўзининг муносиб фарзандларини ҳеч қачон унутмайди!” дедилар. Истиқлол байрамлари, наврўз тантаналарининг очилиши ва ниҳоясида отам ёзган ажойиб шеърлар асосидаги тароналар янграр экан, ўша самимий сўзлар ёдимга тушади. Ардоқли уйимизда бизлар дунёларга алишмайдиган бебаҳо хазина бор. Бу у кишининг кўз нури, қалб қўри, ўткир тафаккури билан битилган китоблари. Улар юз йиллардан кейин ҳам элга беминнат хизмат қилишига ишонаман!

Ҳабибулла укамиз тўла ҳақ. Устоз адибнинг ўндан ортиқ тилларда чоп этилган элликдан зиёд китоблари орасида барча нашрлари каби ўзига азиз, аммо алоҳида ардоққа эга биттаси бор. Бу – 2010 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида босилган 524 бетлик “Кўнглим китоби”. Жуманиёз ака унга Зомин сафари чоғи тартиб бера бошлаганини айтган эдик. Унга 150 га яқин сара шеърлари, 2 достони, Ал-Маарий, Фирдавсий, Румий, Ширвоний, Зоконий, Ҳофиз, Хўжандий, Мушфиқий, Ғолиб, Байрон шеърларидан таржималар, М.Лермонтов достони ўгирмаси, Ойбек, Ғ.Ғулом, М.Шайхзода, А.Қаҳҳор, С.Абдулла каби адабиётимиз чинорлари ҳақидаги эсселар, шоирнинг 17 ҳамкасбига ўртоқлик ҳазиллари кирган. Ушбу китобни варақлар эканман, Абай ҳазратларининг камтарин бир таржимони сифатида қуйидаги мисра кўз олдимда жилоланди:

— Ўлди, деса бўладими? Айтинглар-чи,

Орқасида ўлмайдиган сўз қолдирган?!

Шу сатрларни ёзаётганимизда ойнайи жаҳон орқали Анор Назаровнинг тантанавор мусиқаси янграб, экранда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси, профессор Муяссар Раззоқова кўринди ва устоз Жуманиёз Жабборов қаламига мансуб ажойиб қўшиқни миллион-миллион юракларга улаша бошлади:

Дунёда Ватандан азизроқ не бор,

Не мавжуд Ватандан гўзал, улуғвор,

Ватандир ҳаётнинг кўрки, гултожи,

Яшамоқ маъноси, умр ривожи,

Одамлар, авайланг бир-бирингизни,

Асрангиз келажак, тақдирингизни.

Юракдан юракка нур ёғсин фақат

Ватанга бахшида меҳру муҳаббат!

Келинг, азиз Ватандош, шу даъватга “Лаббай!” деб жавоб бериб, бир-биримизни, келажагимизни, Ватанимизни асрайлик, бу ўткинчи синовдан мардонавор ўтиб, бир ўзи ўттиз тўрт миллион жонни ўйлаётган давлатимиз раҳбари теварагида жипслашайлик!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

7 270
ЎзА