ЎзА Ўзбек

10.08.2018 22:41 Чоп этиш версияси

Одам савдосига қарши курашиш – жамият олдидаги муҳим вазифа

Одам савдосига қарши курашиш – жамият олдидаги муҳим вазифа "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази "Одам савдосига қарши курашиш – жамоатчилик нигоҳида" мавзуида ижтимоий сўров ўтказди. Сўровдан кўзланган мақсад аҳолининг одам савдоси муаммоси тўғрисидаги хабардорлик даражаси, ушбу иллатга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самараси тўғрисидаги фикрларини аниқлашдан иборат.

Сўров мамлакатимизнинг барча ҳудуларида ўтказилди. Унда шаҳар ва қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган турли ёшдаги респондентлар иштирок этди.

Одам савдоси – бу жаҳоннинг деярли барча мамлакатларидаги миллионлаб инсонлар ҳаётига даҳл қилувчи глобал муаммодир. У инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қўпол равишда бузган ҳолда, эркак, аёл ва болаларни ўз қурбони, эксплуатация объектига айлантиради, жисмоний ва руҳий жиҳатдан азоб бериб, ҳаётдан маҳрум қилади.

Ушбу глобал муаммо тўғрисида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш одам савдосига қарши курашишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Чет элда ноқонуний ишга жойлашиш ва фуқароларнинг одам савдоси билан шуғулланувчилар исканжасига тушишнинг сабабларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилишининг аниқ омиллари ва салбий оқибатлари тўғрисида аҳолини хабардор қилишда тарғиботнинг турли шаклларидан фойдаланган ҳолда кенг кампания фаолият юритади.

Ижтимоий сўров фуқароларнинг одам савдоси каби жиноятнинг бундай кўриниши мавжудлиги тўғрисида хабардорлик даражаси юқорилигини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг аксарияти мазкур муаммо ҳақида билишини тасдиқлади.

Респондентларнинг 93,2 фоизи улар учун одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги асосий ахборот манбаи телевидение ҳисобланишини таъкидлади. Фуқаролар улар билан боғлиқ бундай ҳолатлар ва муаммолар тўғрисида янада тўлиқ, чуқур, тезкор ва кенгроқ ахборотга эҳтиёж сезмоқда.

Сўров натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон аҳолиси одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни миллий хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида баҳолайди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги фуқаролар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, эркак ва аёллар ёши, ижтимоий келиб чиқиши ва маълумотидан қатъи назар, шундай фикрда.

Сўров доирасида ҳамюртларимизнинг одам савдоси билан шуғулланувчилар тўрига илиниш ҳолатлари тўғрисидаги ахборот аҳолига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди. Сўров иштирокчилари "одам савдоси билан шуғулланувчиларга нисбатан ғазаб ва нафрат", "уларга адолатли жазо тайинлаш истаги"ни ҳис қилишини таъкидлади. Одам савдоси қурбонлари эса респондентларда "ачиниш ва раҳм-шафқат", "ёрдам бериш истаги"ни уйғотади. Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 76,2 фоизи бу бахтсизликда инсонларнинг ўзи айбдор деб ҳисоблайди.

Қуллик чангалига тушишнинг олдини олишда сўров иштирокчилари оиланинг муҳим ролини қайд этди. Оила болаларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, уларда мустақиллик, ўзини ҳурмат қилиш туйғуси, ғурури, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилинишига чидай олмаслик каби муайян фазилатларни тарбиялашга масъулдир.

Сўров натижаларига кўра, одам савдоси билан шуғулланувчилар тўрига тушиш хавфига касбининг тайини йўқ, маълумоти ва ҳуқуқий билими паст, енгил ва тез пул топишга умид қилувчи, табиатан ишонувчан, ўзига ишончи бўлмаган, ёт таъсирларга берилувчан фуқаролар дучор бўлади. Респондентлар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун мигрант жўнаб кетаётган мамлакат тилини билмаслиги одам савдоси қурбонига айланиш хавфини оширишини алоҳида таъкидлади.

Сўров иштирокчилари фуқаролар мажбурий меҳнатга жалб қилинган асосий меҳнат фаолияти соҳалари сифатида қурилиш ва қишлоқ хўжалиги, уй ҳайвонларига қараш ва бошқаларни қайд этди.

Сўров давомида мамлакатимиз фуқаролари орасида эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ одам савдоси қурбонига айлангани аниқланди. Фуқаролар жиноятчилар тўрига асосан нотаниш шахсга хорижда ишга жойлашиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилган вақтда, ноқонуний меҳнат миграциясини амалга ошириш учун чиқиш жараёнида илинган.

Тадқиқот давомида сўнгги йилларда ўз оила аъзоларини қулликдан халос этишга уринишларни мустақил равишда амалга оширган респондентлар сони камайганлиги аниқланган. Бу одам савдоси ҳолатлари билан боғлиқ жиноятларни очиш бўйича давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қулувчи органлар иши ҳамда жабрланган фуқароларни Ватанга қайтариш Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия фаолиятининг самарадорлиги билан тушунтирилмоқда. Бу ишнинг натижадорлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси институтларининг жорий қилиниши билан ошди.

Сўров иштирокчиларининг кўпчилиги одам савдосига қарши кураш бутун жамиятнинг вазифаси ҳисобланиши ва фуқаролар ушбу ҳодиса билан курашишда давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам беришга тайёрликларига ишонади. Ушбу курашнинг самарадорлигига фуқаролик институтлари ва фуқароларнинг узвий ҳамкорлиги ва фаол қўллаб-қувватлаши орқали эришилади.

Респондентлар одам савдоси ҳолатларининг профилактикасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ўтказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, салоҳиятли меҳнат мигрантларини мавжуд хавф-хатар ҳақида хабардор қилиш муҳим ўрин тутишини таъкидлаган. Иштирокчилар мамлакат ҳудудида янги иш ўринлари яратиш ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш, шунингдек, бошқа давлатга ишлаш учун кетган фуқаролар устидан тегишли органлар томонидан янада қаттиқ назоратни амалга ошириш одамларнинг жиноятчилар тўрига тушиш хавфини камайтиради, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг амалга оширилишини таъминловчи истиқболли йўналишлар одам савдосига қарши курашишда муваффақиятли ислоҳотларнинг кафолатига айланади. Сўров Ўзбекистон фуқаролари мазкур муаммонинг муҳим ва жиддийлигини англаши ҳамда ушбу ижтимоий ёвузлик барҳам топиши йўлида курашда фаол ёрдам кўрсатиш бўйича интилишларини тасдиқламоқда. 

"Ижтимоий фикр" маълумотлари асосида М.Анисимова тайёрлади, ЎзА
7 972