Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 17:27 Чоп этиш версияси

Очилмаган етти ўғрилик фош этилди

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасида ўтказилган брифингда профилактика ходимлари томонидан жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, суд ва тергов жараёнларига алоқадор ҳолатлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Жорий йил 3 августдан 10 августга қадар вилоят ҳудудида содир этилган 141 жиноятнинг 121 таси тезкор-тергов ҳаракатлари туфайли фош этилди. Фош этилмаган жиноятлар бўйича айбдорларни қидириб топиш ҳамда уларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш борасида барча чоралар кўрилмоқда.

– Ҳафта давомида қидирувда юрган 30 нафар шахс ушланиб, 7 ўғрилик жинояти фош этилди, – дейди вилоят ИИБ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ж.Мамасолиев. – Тадбир давомида шубҳа уйғотган ёки ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди. Қонуний тартибда фаолият юритишнинг асослари тушунтирилди. Йўл-патруль хизмати блок-постларида, чегара масканларида автоулов ва жамоат транспортлари текширувдан ўтказилди. Жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва учрашувларга 115 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олинди.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида профилактика инспекторларига муносиб турмуш шароити яратиш ва хизмат уйлари ажратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда профилактика инспекторларига 176 уй-жой берилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 19 уй қуриб битказилди.

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари биносида профилактика инспекторлари учун 612 таянч пункти ташкил этилди.

Ҳафта давомида вилоятда 5 минг 400 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. “Ҳаракат хавфсизлиги” тадбирлари доимий ўтказилиб, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва бошқа ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари иштирокида корхона-ташкилотлар, маҳаллалар ва аҳоли гавжум жойларда тушунтириш ишлари, суҳбатлар ўтказилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 778






Все о погоде - Pogoda.uz