ЎзА Ўзбек

09.08.2018 16:23 Чоп этиш версияси

Очиқлик одил судловни таъминлашга хизмат қилади

Очиқлик одил судловни таъминлашга хизмат қилади
Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан суд тизими тубдан такомиллашди. Фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашнинг янги босқичи бошланди. 

Суд ҳокимиятининг ягона олий органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Унинг таркибида маъмурий ва иқтисодий судлар иш бошлади. Судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилди. Шунингдек, ушбу соҳадаги қонунчилик такомиллашди, жумладан, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ҳамда янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳани янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди.

Фармонда судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлари қониқарсиз экани суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаётгани ҳамда аҳолининг суд ҳокимиятига ишончи пасайишига олиб келаётгани қайд этиб ўтилди.

Судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими суд ҳокимиятининг алоҳида мавқеи ва обрўсига, судьялар мустақиллиги принципларига мувофиқ эмаслиги касбий ўсишни янада рағбатлантиришга тўсқинлик қилиб, кадрлар қўнимсизлигига олиб келаётганига эътибор қаратилди.

Ушбу камчиликлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигига салбий таъсир кўрсатиб, кенг аҳоли орасида судга бўлган ишончнинг етарли даражада юқори эмаслигига сабаб бўлмоқда. Одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида тизимда тегишли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Эндиликда Олий суд веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад судларнинг қарор қабул қилишдаги масъулияти ва эътиборини ошириш, қарорларнинг қонуний ва асослантирилган бўлишини таъминлашдир. Бунда албатта, шахсий дахлсизлик ва шахсий маълумотларнинг ошкор этилмаслиги тўла кафолатланади. Хусусан, эълон қилинаётган суд ҳужжатида фуқароларнинг шахсига оид маълумотлар ўзгартирилади.

Томонлар ошкор қилишга қарши бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, уларнинг розилигини олиш талаб этилади. Агар розилик олинмаса, бироқ суд эълон қилишни зарур деб топса, қарор суднинг веб-сайтида шахсни кўрсатмай (процесс иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмай) жойлаштирилади. Ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини ҳар қандай ҳолатда эълон қилиш тақиқланган. Энг асосийси, суд қарорлари марказлаштирилган тарзда, яъни ҳар бир суднинг веб-сайтида алоҳида эмас, балки Олий суд сайтида эълон қилинади.

Қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини амалиётга жорий этиш кўзда тутилмоқда. Маълумки, суд мажлиси якунлангач, судья томонидан суд ҳужжати (ҳал қилув қарори, ҳукм, қарор, ажрим ва ҳоказо) қабул қилинади. Унинг мазмуни ҳар доим ҳам тарафлар учун тушунарли бўлмай, аҳоли учун мураккаб бўлган терминлар ишлатилиши мумкин. Шу сабабли, суд нима учун айнан шундай тўхтамга келганини, ушбу ҳужжат суд процесси иштирокчилари учун қандай оқибатларга олиб келиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига қай даражада таъсир этиши батафсил тушунтирилади.

Бу қабул қилинган суд ҳужжати барча учун тушунарли бўлишига хизмат қилади. Ўз навбатида, суд ҳужжати мазмун-моҳиятини англамасдан туриб, қайта шикоят қилиниши каби ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнииг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш йўлга қўйилмоқда. Маълумки, очиқлик ва ошкоралик ҳар қандай ҳокимиятга бўлган ишончнинг асосий кафолатидир. Шу сабабли, суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, унинг халққа ҳисобдорлигини кафолатлаш мақсадида ўрта бўғин (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари, иқтисодий ва маъмурий судлар раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан оммавий ахборот воситалари иштирокида чораклик ҳисоботни эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

Юқори турувчи судлар туманлараро, туман ва шаҳар судлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни қайта кўрувчи, агар мавжуд бўлса, ундаги камчилик ва хатоларни тузатувчи тизим ҳисобланади. Шу сабабли, юқори турувчи судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишлар юзасидан умумлаштирилган таҳлилларнинг эълон қилиниши йўл қўйилаётган камчиликларни тузатиш, келгусида уларнинг олдини олиш, амалиётчи ходимлар учун суд амалиёти материалларидан фойдаланиш имконини яратади.

Кутилаётган яна бир ўзгариш – бу Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг холислиги ва шаффофлигига ишончни ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссиялар тузиш режалаштирилмоқда. Ушбу комиссия кенг жамоатчилик билан фаол иш олиб бориб, судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг холислиги ва шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

Бу каби ўзгаришлар суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Ирода Қурбонова,
Тошкент вилояти Зангиота туманлараро
иқтисодий суди судьяси

ЎзА
8 178