Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 17:30 Чоп этиш версияси

“Очиқлик индекси”: Соғлиқни сақлаш вазирлиги пешқадам

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг эълон қилинган “Очиқлик индекси” рейтинг натижаларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 92 балл билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида 5-, вазирликлар ичида эса 3-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берди, вазирлик ахборот хизмати.

Ўтган галги рейтинг баҳолашда вазирликка 88 балл билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ичида 12-ўрин берилган эди. Жорий йил 1 январгача бўлган даврда “Очиқлик индекси” рейтинги 52 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Вазирлик ахборот хизмати фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш, давлат органлари ва жамият ўртасида ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини яратиш бўйича қатор амалий ишлар олиб бормоқда.

Маълумот ўрнида: Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилган эди. Ушбу кенгаш экспертлар иштирокида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиб, баҳолаш натижаларини ҳар йили икки маротаба эълон қилиб боради.

ЎзА
6 200