ЎзА Ўзбек

12.07.2019 17:11 Чоп этиш версияси

“Очиқ айтиш керак, аввал “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибида молхонаям, товуқхонаям, иссиқхонаям бўлган”

“Очиқ айтиш керак, аввал “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибида молхонаям, товуқхонаям, иссиқхонаям бўлган”

“Тараққиёт стратегияси марказида Адлия вазирлигининг “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан табиий газни ва электр энергиясини сотишдан тушадиган маблағлардан Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар, қўшилган қиймат ва акциз солиғини чегириб ташлаб, 5 фоиз миқдорда амалга оширилади.

Илгари тушган маблағларнинг 10 фоизи ўтказилган. 2019 йил охиригача Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланганлар сони 2,5 млн.га етказилади ҳамда 2020 йил охиригача 100 фоиз истеъмолчилар тизимга уланади. Бунинг учун Жамғарма маблағларидан 100 млрд сўм маблағ ажратилади. 2020 йил 1 январдан прокуратура органлари ходимлари бир қисмининг таъминоти Жамғармадан Давлат бюджетига ўтказилади.

Шунингдек, “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика ишчи комиссияси тузилди.

Комиссия углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш, газ-транспорт тизимини модернизация қилиш чораларини кўради. Энергетика вазирлигида нефть-газ тармоғини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил қилинади. Қарор билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви тизими такомиллаштирилиб, самарали ташкилий тузилмаси шакллантирилди. 

— Тизимда қатор ечилмаган муаммолар сабаб “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг молиявий аҳволи жудаям оғир даражага келиб қолган эди — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров. — Бу ҳолат ўз вақтида молиялаштириш манбаларининг аниқ бўлмаганлиги, геологик қидирув ишлари ўз вақтида амалга оширилмаган, белгиланган нархлар харажатларни қопламаган ва ҳоказо муаммоларни келтириб чиқарган. Энди очиқ айтиш керак, молхонаям, товуқхонаям, иссиқхонаям бўлган. Президентимиз қарори билан “Ўзбекнефтгаз” нинг таркибий тузулмаси қайтадан кўриб чиқилди. “Ўзтрансгаз” АЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқарилди.

“Ўзтрансгаз” АЖ устав капиталидаги давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди ва унинг ҳудудий филиаллари негизида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ташкил қилинди. “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ нинг фермерларга хизмат кўрсатувчи 1 381 та автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари тадбиркорларга аукцион орқали сотилади. “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги ташкилотларнинг 13 та бозор, савдо ва чорвачилик комплекслари устав капиталидаги улушлари маҳаллий ҳокимликларга ўтказилди. Қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2024 йилга келиб углеводород хомашёси, шу жумладан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 млрд. метр кубга ва суюлтирилган газни 1,5 млн. тоннага етказиши лозим. 2020-2022 йилларда Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш дастури ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ташкил этилди. Унда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларидан ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Инобат Аҳатова, ЎзА
3 337