ЎзА Ўзбек

06.09.2018 13:06 Чоп этиш версияси

Ободонлаштириш соҳасида қонунийлик таъминланиши зарур

Ободонлаштириш соҳасида қонунийлик таъминланиши зарур

Халқимиз саранжом-саришталикни, ободликни доим қадрлаган. Шаҳару қишлоқларимизда янги уйлар, равон йўллар барпо этилаётгани юртдошларимизнинг кайфиятида, уларнинг эзгу мақсадлар сари интилишлари кучайиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда.

Ободонлаштириш ишларига эътибор кучайгани аҳолига қулай экологик муҳит яратилишига сабаб бўлаётгани ҳам қувонарли. Чунки бу жараёнда хушманзара ландшафт дизайнига эътибор кучайтирилди.

Барча соҳаларда бўлганидек, ободонлаштириш тизимининг ҳам қонуний асослари мавжуд. Соҳада қонун талабларига қандай риоя этилаётгани Адлия вазирлиги томонидан ўрганилди.

Таҳлил натижалари ободонлаштириш ишларининг юқори самарадорлигига эришишда тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Айтиб ўтиш керакки, ободонлаштириш ишлари маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар, бошқача айтганда, солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Бунда ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар туташ ҳудудларни ободонлаштиришда ҳеч қандай мажбуриятга эга эмас.

Хорижий давлатлар тажрибасида эса ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларга уларнинг кўчмас мулкларига туташ ҳудудларни ободонлаштириш мажбуриятини юклаш амалиёти мавжуд. Хусусан, Нью-Йоркда (АҚШ) юридик шахслар ўзларининг кўчмас мулкларига туташ бўлган майдонларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишга мажбур. Жанубий Кореяда эса қурилиш компаниялари томонидан бино, иншоотларни қуришга тегишли ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш шарти билан рухсат берилади.

Ободонлаштириш соҳасида молиялаштириш манбаларининг чегараланганлиги малакали мутахассисларни жалб этишда тўсқинлик қилмоқда.

Ободонлаштириладиган ҳудудларнинг аниқ майдони белгиланмагани ҳам соҳадаги муаммолардан бири. Бу борадаги паспортларнинг ҳолати қониқарсиз аҳволда. Таҳлиллар ҳақиқий ободонлаштириладиган майдонлар ҳажми паспортда қайд қилинган майдонлардан бир неча маротаба катта эканлигини кўрсатган.

Айрим майдонлар, хусусан, аҳоли пунктларининг марказлари (хиёбонлар, парклар, марказий кўчалар) қисман ободонлаштириш бошқармалари, давлат органлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ободонлаштирилаётган бўлса, ҳудудларнинг қолган қисми эса қаровсиз ҳолда.

Туманлар ва шаҳарларнинг аҳоли пунктларида, шунингдек, жамоат жойларида чиқинди қутиларининг етишмовчилиги муаммоси мавжуд. Чиқинди қутилар учун талаблар, уларни ишлаб чиқиш, босқичма-босқич жойлаштириш графиклари жорий этилмаган. Фуқароларни тозаликни таъминлашга чорлайдиган талаблар мавжуд эмас.

Шунингдек, сув объектлари ҳамда қирғоқбўйи ҳудудлари ҳам қониқарсиз аҳволда. Бу ушбу муаммога кўпроқ эътибор тортиш зарурлигини тақозо этади.

Ободонлаштириш бошқармаларининг иш ҳажми мавжуд имкониятлардан 3-4 марта кўплиги иш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Республика бўйича 201 ободонлаштириш бошқармаси мавжуд бўлиб, уларда жами 52 мингдан зиёд штат бирлиги бор. Ўрганиш давомида қарийб 1,5 минг иш ўрни бўш эканлиги маълум бўлди.

Республика ободонлаштириш бошқармалари балансида жами 4 минг 522 техника воситаси мавжуд бўлиб, улардан 20 фоизи носоз аҳволда. Қолган техника воситаларининг кўпи эскирган.

Ободонлаштириш бошқармаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларининг моддий таъминотини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириладиган маблағларни жамлаш имкониятини берувчи бюджетдан ташқари жамғармалар мавжуд эмас.

Инновацион ривожланиш даврида замонавий техника ёрдамида фойдали иш коэффициентини сезиларли даражада ошириб, ресурслар иқтисод қилинаётган бир пайтда, ободонлаштириш ишларининг аксарияти ҳануз қўл меҳнати ёрдамида амалга ошириб келинмоқда.

Давлат-хусусий шериклик элементларининг мавжуд эмаслиги, қўшимча самарали ресурсларни жалб этиш имкониятини чеклайди. Мазкур шерикликни алоҳида талаблар асосида жорий этиш хусусий секторнинг моддий-техника ва меҳнат ресурсларини жалб этишга имкон яратади. Бу борада тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик ўрнатиш иш сифати ошишига ёрдам бериши шубҳасиз.

Бу борада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари хусусий секторга топширилган Жанубий Корея тажрибаси диққатга сазовор. Мазкур мамлакатда табиат ва боғдорчиликни муҳофаза қилишга ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектлари танлов асосида шаҳар ландшафти бўйича ишларни маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Соҳада аҳолининг озодалик ва тартибини таъминлашда қизиқишини оширадиган самарали жамоатчилик назорати ўрнатиш муҳим. Реал вақт режимида аҳоли билан фаол ўзаро ҳамкорлик қилишга имкон берувчи электрон майдонча яратилиши бугунги кун талабларидан биридир.

Шаҳар, вилоят ва туман марказлари, овул ва қишлоқ аҳоли пунктларини ободонлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Аҳоли пунктларини ободонлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу ободонлаштириш соҳасида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этишда зарур ҳуқуқий асос бўлади. Тизимда ишлар самарадорлиги ортиши эса халқимиз турмуши фаровонлигига хизмат қилади.

Матлуба Мирзаабдуллаева,
ҳуқуқшунос

ЎзА
7 806