ЎзА Ўзбек

18.08.2018 16:06 Чоп этиш версияси

Ободлик кўнгиллардан кўнгилларга кўчмоқда

Ободлик кўнгиллардан кўнгилларга кўчмоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрами олдидан ободонлаштириш ва тозалик ойлиги доирасида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Андижон вилоятида ҳам уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Ҳашарда вилоят аҳолиси фаол иштирок этиб, ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқлар, кўчалар, хиёбонларни, қабристонларни тозалаш, умуман, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.

Ҳашар вилоятнинг ҳар бир гўшасини озода ва орасталигини, покиза ва ободлигини таъминлаш, халқимизнинг кексалар, етим-есирлар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишдек азалий қадриятлари давомийлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Ободонлаштириш ишларида 1 миллион 650 мингдан зиёд киши қатнашмоқда. Уларнинг 1,7 миллиони ёшлардир.

– Мустақиллик байрами олдидан маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари вилоятимизда уюшқоқлик билан ўтмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими раиси Улуғбек Абдуллаев. – Икки кун давомида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади, зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларга моддий ёрдам кўрсатилади.

Ўтаётган ҳашарда, умуман, юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда вилоят аҳолиси фаол иштирок этмоқда.

– Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан биридир, – дейди Шаҳрихон туманидаги Ўрта Шаҳрихон қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Ҳайдарали Мамиталиев. – Шу боис ҳам ушбу тадбирда катта-ю кичик бирдек фаол иштирок этмоқда. Ҳашарда байрам тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ўтказилаётган ҳашарда 456 минг киши иштирок этди, 1093 гектардан зиёд ер майдони ободонлаштирилди, 796 километрга яқин ариқлар тозаланди, 1 минг 358 тонна чиқиндилар чиқариб ташланди, бу ишларни бажариш учун 397 та турли техника воситалари жалб этилди. Бундан ташқари, 459 та зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади. Вилоят бўйича 468 та оиланинг 21 минг 623 квадрат метр ҳажмдаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирлаб берилади, 817 та эҳтиёжманд оилага, 358 нафар ногирон ва ёлғиз кексаларга 108 миллион 560 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 

Хайрия ҳашари уюшқоқлик ва аҳолининг фаол иштирокида давом этмоқда.

Ҳашар юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этиш иштиёқи билан яшашга, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтаришга, миллий қадриятларимизни улуғлаш, юртимиздаги тинчлик учун шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга ва Истиқлол байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилади.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
10 366