ЎзА Ўзбек

12.01.2018 19:50 Чоп этиш версияси

Обод ва озод Ватанимизнинг мустаҳкам қалқонлари

Обод ва озод Ватанимизнинг мустаҳкам қалқонлари Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида 12 январь куни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бу ерга сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ота-оналар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

1.JPG

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов ўқиб эшиттирди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармони билан 1991 йил 6 сентябрь куни Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган. Буюк Юртбошимизнинг 1992 йил 14 январдаги қарорига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган.

9.JPG

Ана шу тарихий кун – 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Ўтган вақт мобайнида Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан замон талаблари даражасида такомиллашди. Тузилмаларнинг ҳаракатчанлиги, жанговар қобилияти, ҳарбийларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлиги ошди. Қисм ва бўлинмалар замонавий қурол-яроғ ва жанговар техника билан таъминланди.

14.JPG

Хусусан, 2017 йил Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихига улкан ўзгаришлар йили бўлиб кирди. Янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринасида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойили, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни янада ривожлантириш, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилди. Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада юзага келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Мудофаа вазирлиги қўшинларини қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва алоқа воситаларининг замонавий турлари билан таъминлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.

Олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олиш учун юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг муносибларини танлаб олишда талаб оширилди. Ҳарбий академик лицейларни ислоҳ қилиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги фармонига мувофиқ барча академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилди. Мамлакатимиздаги 29 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.

18.JPG

Мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаоллигини ва ролини ошириш бўйича ишлар ҳам сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилди. “Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Барчамиз бир фикрни яхши англаб олишимиз керак: эл-юртимизнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида бугун мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қанчалик самара бериши армия ва халқнинг бирдамлигига боғлиқ".

26.JPG

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 23 августдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлимлари ташкил этилиб, ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Минтақавий бўлинмалар нафақат ҳарбий қисм ва муассасаларда, шу билан бирга, кенг жамоатчилик ўртасида, айниқса, таълим масканлари, маҳалла ва қишлоқларда ёшларимизнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан шуғулланмоқда.

Ватан ҳимоячиларининг хизматни ўташ ва яшаш жойларидаги ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, резервга бўшатилган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳам доимий эътиборда.

Ҳарбий хизматчилар учун янги турар жойлар қуриш, мавжуд турар жой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Янги йил байрами арафасида ҳам мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳарбийлар учун янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Юзлаб ҳарбийларимиз Янги йилни янги уйда кутиб олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 январдаги фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллар билан тақдирланди. Ушбу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

– Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир, – дейди "Содиқ хизматлари учун" медали соҳиби, Қуролли Кучлар академияси кафедраси цикли бошлиғи Муҳиддин Умаров. – Ватанимизнинг юксак мукофоти менга улкан ғурур-ифтихор бағишлайди. Билдирилган ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилиш учун бор билим ва кучимизни сарфлаймиз.

Тантанали тадбирда ўз хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган олти нафар тинчлик посбонининг оила аъзоларига Президентимиз номидан уй калитлари берилди. Ўз вазифасини намунали бажараётган кўплаб ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

"Содиқ хизматлари учун" медали соҳиби, подполковник Саиджон Умматов, аскар онаси Шоира Мирзоҳидова, Олимпиада ўйинлари совриндори, йил спортчиси Бектемир Мелиқўзиев, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар байрам қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тантанали маросим катта байрам концерти билан якунланди.

Зиёдулла Жонибеков, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
16 464