ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

“Обод ва хавфсиз маҳалла” осойишталик кафолати

“Обод ва хавфсиз маҳалла” осойишталик кафолати

Муносабат

Жорий йил 12 февраль куни Юртбошимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш бўйича маҳалла тизимини такомиллаштириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Мазкур йиғилишда маҳаллани “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида мутлақо янгича тизимда ташкил этишда эътибор қаратиш лозим бўлган устувор вазифаларга алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, айни кунда маҳаллаларда мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш, хавфсизликни таъминлашда амалга оширилаётган ишларни бирлаштириш ва келгусида бутунлай янги тизимни жорий этиш, ушбу йўналишдаги ишларга масъул бўлган алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Янги вазирликнинг ташкил этилиши нафақат жамиятда маҳалла мавқеини оширади, балки ушбу соҳада таъсирчан тизимни йўлга қўйиш билан бир қаторда, белгиланган вазифалар ва топшириқларни самарали ташкил этишга хизмат қилиши ҳам айни ҳақиқат.

Янги ташкил этилаётган вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи эса ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳисобланиши белгиланди.

Ушбу янги лавозимларнинг амалиётга татбиқ этилиши Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги билан Ички ишлар вазирлигининг маҳалла, қишлоқ ва овулларда аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларни ҳал этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда яқиндан ҳамкорликни таъминлайди.

Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилиб, унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилиши, айниқса, профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари бўлиши – бу маҳалла билан ички ишлар органларининг узвий ҳамкорлигини мустаҳкамловчи кўприк бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Профилактика инспекторининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари этиб белгиланиши – бу катта ишонч билан бир қаторда, юксак масъулият ҳам юклайди.

Эндиликда, маҳалла раиси ва профилактика инспекторининг 5 йиллик муддатда бир жойда ишлаши – муаммоларнинг ичигача кириб, уларни қисқа муддатда илдизигача тўлиқ бартараф этиш имкониятини яратади.

Юртбошимиз ташаббуси билан республикамизнинг ҳар бир маҳалласида алоҳида профилактика инспектори фаолияти йўлга қўйилиши – ушбу ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятдан хабардор бўлиш имкониятини яратди. Шу билан бирга жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларида профилактика инспекторларининг шахсий жавобгарлигини ҳам кучайтирди.

Шунингдек, профилактика инспекторларининг фаолиятига хос бўлмаган вазифаларнинг бекор қилиниши бевосита зиммасига юклатилган ишлар билан шуғулланиш имкони яратади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони ишлаб чиқилиши ва рейтинг асосида уларни муносиб рағбатлантириб бориш механизмининг жорий этилиши – бу фақат иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосидаги янги тизим аҳоли осойишталигини таъминлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда маҳалла мавқеини янада ошириб, ишларни профилактика инспекторлари билан ҳамжиҳатликда самарали ташкил этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Азизбек ИКРАМОВ
Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини
сақлаш бўйича ўринбосари, генерал-майор.

2 196
ЎзА