ЎзА Ўзбек

17.07.2018 17:46 Чоп этиш версияси

“Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳасига 338 миллион сўм сарфланди

“Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳасига 338 миллион сўм сарфланди
Бугун Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси – “Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда федерация Марказий ижро этувчи аппарати ходимлари, Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмаcи, туман (шаҳар) жамиятлари раислари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқадиган вазифалар доирасида лойиҳа ишлаб чиқилди. Унда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш йўлида жойларда амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашиш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали уларни ижтимоий фаоллик сари етаклаш, уларнинг уй-жойга доир ҳуқуқларини амалга ошириш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кўмаклашиш мақсад қилинган.

Федерация томонидан жойларда сайёр чиқишлар орқали аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва уларни тизимли бартараф этиш мақсадида халқ билан мулоқот кунлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, авария ҳолатида бўлган 12 та хонадон танлаб олинди ва Федерация маблағлари ҳисобидан обод хонадонга айлантириш мақсадида белгилаб олинди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим вазифаларидан бири – аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий фаоллик сари етаклаш, уларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишдан иборат. Бу борада ҳам бир қатор амалий ишлар қилинди. Жумладан, Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Баҳриддин Отаевнинг хонадонида лимон кўчатлари етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона барпо этилиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Хоразмлик Шаҳло Собирова хонадонида гул кўчатлари етиштириши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Ҳанифа Раҳимова (Наманган), Умид Тоҳиров (Бухоро), Тоҳир Қобилов (Сурхондарё)ларнинг моддий аҳволларини яхшилаш мақсадида ушбу хонадонларга товуқлар учун махсус катаклар қурилиб, 20 донадан товуқ беғараз олиб берилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож Ҳанифа Раҳимованинг (Наманган) набираси ва Баҳриддин Отаевнинг (Фарғона) фарзандлари учун янги қуриб фойдаланишга топширилган обод хонадонларда суннат тўйлари ўтказилиб, эҳсон дастурхонлари ёзилди.

Федерация ташаббуси кўплаб ҳомийлар, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган сектор раҳбарлари ҳам лойиҳага жалб қилди.

“Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳаси доирасида амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишларига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан жами 338 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлади.

Бир сўз билан айтганда, инсонлар қувончига сабаб бўлаётган, қишлоқларда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар юрт истиқболи, эл манфаатига хизмат қилади.

ЎзА
6 769