ЎзА Ўзбек

14.09.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Обод қишлоқлар кўпаймоқда

Обод қишлоқлар кўпаймоқда Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги Истиқлол ва "Лайлаккўл" маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Дастурга мувофиқ, ҳар икки маҳаллада жами 16,6 километрлик ички ва хўжаликлараро йўл ҳамда 5,3 километр пиёдалар йўлакларини таъмирлаш режалаштирилган. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, гулзорлар барпо этиш, шунингдек, замонавий тунги ёритгичлар ўрнатиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ижтимоий иншоотлар ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини қуриш-таъмирлаш назарда тутилган.

– Мазкур қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уларга қулай шароит яратиш мақсадида махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган, – дейди Боёвут тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Қўшоқов. – Дастурда белгиланган тадбирларни амалга оширишни мувофиқлаштириш юзасидан туман ишчи гуруҳи тузилиб, тегишли корхона-ташкилот ва муассаса раҳбарлари шахсан масъул этиб бириктирилган.

“Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 548 оилада 2 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Жамоатчилик асосида ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилган фуқаролар ва ҳашарчилар кучи билан 195 якка тартибдаги уй-жойларнинг том, фасад, дарвоза қисмларида таъмирлаш, томорқасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Маҳалла ҳудудидаги мактаб учун қўшимча бино қуриш ва мукаммал таъмирлашга 960 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Муассаса биносининг ички, ташқи ва том қисмини мукаммал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 3 километр электр ўтказиш тармоғи тортилиб, 2 та янги трансформатор платформаси ўрнатилди. Алишер Навоий кўчасига тунги ёритгичлар, Обод, Омилкор, Бунёдкор, Боғишамол ва Саботли кўчаларига 100 дона бетон симўтказгич ўрнатилди. Боғишамол кўчасида 50 метрлик янги ичимлик сув қувури тортилиб, Алишер Навоий ва Саботли кўчаларида пиёдалар йўлакчаси барпо этилди. Ойдин ҳаёт кўчасига тош тўкилиб, текисланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида “Истиқлол“ маҳалла гузари барпо этилиб, бу ерда гўзаллик салони, сартарошхона, косибчилик хизматлари йўлга қўйилди. 10 иш ўрнига эга тикувчилик цехи фаолият бошлади. Шунингдек, Алишер Навоий кўчасида кичик бозорча, турли савдо ва автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, музқаймоқ ишлаб чиқариш цехи ишга туширилади. Шу кунларда қурилиш ишлари қизғин бораётган ҳаммом ва болалар ўйин майдончасини кейинги йил фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

– Маҳалламиздаги очиқ спорт мажмуаси яроқсиз аҳволга келиб қолган эди, – дейди “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғ.Эшқулов. – Айни пайтда бу майдон маҳалламиз ёшлари, тадбиркорлар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида таъмирланмоқда.

Туман ҳокимлигининг маълумотларига кўра, Лайлаккўл маҳалласида 283 якка тартибдаги уй-жойларнинг том ва фасад қисми, дарвоза ва деворларида таъмирлаш, суваш, бўяш ва тартибга келтириш ишлари бажарилмоқда. Ҳудудни чиқиндилардан тозалаш ишлари якунланди. Кўчалар 45 та тунги ёритгич лампалари билан таъминланди. 2,7 километрлик электр узатиш линияси янгидан тортилиб, 2 трансформатор платформаси ўрнатилди. 5,5 километр ички йўллар жорий таъмирланиб, 0,5 километр йўл асфальтланди.

Туман “Сувоқова” корхонаси томонидан 322 миллион сўм маблағ сарфланиб, 3,5 километрлик сув қувури янгидан ётқизилди. Натижада Гулистон, Маърифатпарвар, Анорли боғ, Дўстларобод ва Кўркам кўчалари аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди.

“Обод қишлоқ“ дастури доирасида амалга оширилаётган бундай ишлар ҳудудлар қиёфасини ўзгартириш билан бирга, одамларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Абдужалол Қаюмова, ЎзА
2 004