ЎзА Ўзбек

20.07.2018 23:46 Чоп этиш версияси

Обод бўлаётган сув соҳиллари

Ёши катталарнинг айтишича, бир замонлар Тошкентдаги ариқ ва анҳорлар сувини аҳоли истеъмол қилган, сувга нон ивитиб ейишган... Бугун манзара ўзгарди. Энди бу сувни ичиш бир ёқда турсин, ҳатто чўмилиш ҳам хавфли.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, олиб борилган таҳлиллар вазият ачинарли аҳволга келиб қолганини кўрсатди. Хусусан, ариқ ва каналларнинг муҳофаза худудларида ўзбошимчалик билан 1400 дан ортиқ турли бино ва қурилмалар, яшаш хонадонлари, савдо дўконлари, овқатланиш масканлари, гаражлар ва молхоналар қуриб олинган.

Энг ачинарлиси, қирғоқлар атрофидаги юзага келган бундай аянчли ҳолатлар сувнинг ифлосланишига, сув ва сув бўйидаги ўсимлик, ҳайвонот дунёсининг йўқ бўлиб кетишига, экологик, эпидемиологик ҳолатнинг кескин ёмонлашувига сабаб бўлмоқда. Шу кунларда пойтахтимизнинг барча туманларида ариқ ва каналлар, уларнинг ўзанлари, қирғоқ бўйларини тозалаш ва ободонлаштириш, муҳофаза ҳудудларида барпо этилган ноқонуний бино ва қурилишларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар яхши самара бермоқда. Сув каналлардан ҳеч қандай тўсиқларсиз равон оқмоқда. Кўриб турганингиздек, кимгадир ғайри-табиий туюлган бу вазият ўзгармоқда. Жумладан, пойтахтимизнинг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларидан оқиб ўтувчи канал атрофида мақсадли ишлар олиб борилаяпти.

Пиёдалар йўлаклари қайтадан таъмирланиб, йўл четига замонавий чироқлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида канал атрофига тўсиқлар ўрнатилиб, дарахтларнинг қуриб қолган шохлари олиб ташланди. Икки ярим километр масофадаги пиёдалар йўлаклари атрофига ётқизилган майса қопламалар ҳам кўркам қиёфа касб этмоқда. Айни дамда бу ҳудудда 500 га яқин ҳашарчи ва 100 га яқин техникалар жалб қилингани иш суръати ва самарадорлигининг оширишга хизмат қилмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 952