ЎзА Ўзбек

02.06.2020 Чоп этиш версияси

Об-ҳаво ҳақидаги маълумотларга нималар таъсир қилади

Об-ҳаво ҳақидаги маълумотларга нималар таъсир қилади

Ижтимоий тармоқларда коронавирус пандемияси об-ҳаво маълумотлари сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим.

Соҳа мутахассислари изоҳлашича, бунга авиақатновлар тўхтатилгани сабаб бўлаяпти экан. Дунё осмони бўйлаб фуқаро авиациясининг кечаю кундуз парвозда бўлган юзлаб самолётлари бортидаги гидрометеорологик қурилмалар муайян маҳаллий об-ҳаво маълумотлари ҳақида сунъий йўлдошларга нисбатан анча аниқ маълумот тақдим қилар экан.

Кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, об-ҳавода турли минтақаларда шу ҳудудга хос бўлмаган, аномалик ҳолатларнинг кузатилиши туфайли кишиларнинг олдиндан айтиб бериладиган об-ҳаво маълумотларига қизиқишини кучайтирди. Бугун одамлар орасида ҳафталик, ҳатто ойлик режаларини телевидения орқали тарқатиладиган об-ҳаво маълумотларига қараб, уяли телефон воситасида интернетга кириб, кунига уч-тўрт марта «прогноз погода»ни кузатиб белгилайдиганлар кўп учрайди.

Дарҳақиқат, об-ҳаво нафақат шахслар, балки дунё мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини белгилашда муҳим аҳамият касб этадиган омиллардан биридир. Бу борада дунё миқёсида сунъий йўлдошлар орқали олинадиган маълумотлар баробарида маҳаллий гидрометеорология хизматларининг ҳам ўз ўрни бор.

Наманган вилояти гидрометеорология бошқармаси бошлиғи Эркинжон Абдулаҳатов бу ҳақда бизга қуйидагиларни гапириб берди.

– Кўпчиликда гидрометеорология тўғрисида гап кетганида, об-ҳавони олдиндан айтиб бериш билан шуғулланадиган ташкилот деган номукаммал тушунча мавжуд, – дейди Э.Абдулаҳатов. – Тўғри, фаолиятмиз асосан шунга қаратилган бўлсада аслида унинг бошқа йўналишлари ҳам бор. Вилоят гидрометеорология бошқармаси тўрт бўлимдан иборат. Гидрология бўлими вилоятимиз ҳудудидан ўтган Сирдарё, Амударё, Норин дарёларидаги гидрологик постлар ёрдамида мунтазам кузатув олиб боради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Норин дарёсининг Учқўрғон туманидаги кузатув пости 1910 йилда ташкил қилинган бўлиб, мана бир асрдан кўпроқ вақтдан буён мунтазам фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бундан ташқари, Поп ва Чуст туманлари ҳудудидан ўтган Чодаксойда ҳам кузатув постларимиз бор. Ҳамма гидрологик постлар узлуксиз дарё ва сойлардаги сув оқими маълумотларини кузатиб бормоқда. Йиллар мобайнида базага киритиб борилаётган кузатув натижаларини қиёсий таҳлил қилиб, сув билан боғлиқ табиий офатларнинг олдини олиш истиқболлари белгилаб борилади. Бўлим мутахассислари томонидан сувнинг, ҳарорати, кимёвий таркиби, радиоактив ҳолати, оқим тезлиги қатъий назорат қилиб борилади. Олинган натижалар таҳлил учун Республика марказига жўнатилади.

Бошқарма таркибидаги иккинчи бўлим – агрометеорология бўлими қишлоқ хўжалиги - пахта, буғдой, боғларнинг иқлим билан боғлиқ тарафларини тадқиқ этиш билан шуғулланади. Ҳозирда учта туманда мазкур бўлим постлари об-ҳавонинг келишига қараб ҳосилдорликнинг қандай бўлиши эҳтимолини кузатиб бормоқда. Масалан, пахтанинг иқлим қандай келганига қараб, қачон экилиши, гуллаши ва кўсаклашидан тортиб, қўшимча ишловлар берилишигача, шунингдек, мевали дарахтлар ривожи ўрганиб, тавсиялар ишлаб чиқилади. 

Туманларда шу мақсадга хизмат қилувчи бешта кузатув дала майдонимиз ҳам бор ва уларда пахта, ғалла етиштирилади, мевали дарахтлар парваришланади. Уларнинг ривожига қараб биз ҳосилдорлик прогнозини ишлаб чиқамиз ва умумий хулосаларни доимий равишда ҳокимликларга, бошқа мутасадди ташкилотларга бериб борамиз. Жойларда юз берган табиий офат оқибатларини ўрганган ҳолда ҳосилдорликка қанчалик зарар етказилганини аниқлаймиз.

Кимё бўлими атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражаси устидан назорат ўрнатган. Бу йўналишдаги учта пост Наманган шаҳрининг Лола, темирйўл вокзали ва А. Хўжаев кўчаси ҳудудида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи тўрт параметр, яъни, чанг, углерод оксиди, олтингугурт диоксиди ва азот диоксиди миқдори бўйича кунига уч маротаба ўлчов ўтказиб, таҳлилга тақдим этади.

Бундан ташқари, Наманган халқаро аэропорти ичида Наманган фуқаро авиаметеорологик станцияси, Поп туманида Поп метеорологик станцияси ҳам мавжуд. 1878 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган Наманган метеорологик станцияси Наманган шаҳри об-ҳавоси маълумотларини ҳар ярим соатда бутун дунёга маълум қилиб боряпти.

Шуни айтиш керакки, об-ҳао маълумотларининг аниқ ва ишончлилиги тизимнинг техник таъминотига боғлиқ. Очиғини айтганда, 2018 йилга қадар соҳа эътибордан анча четда қолган эди. Хусусан, бизнинг бош идорамиз ўтган аср ўрталарида қурилган бинода жойлашган, бўлимларимиз ҳам аллақачон муддатини ўтаб бўлган анжом, асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатишга мажбур эди. 

Аммо, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан соҳага алоҳида эътибор қаратилди. Республика миқёсида гидрометеорология марказлари моддий техника базасини мустаҳкамлаш, бино-иншоотларини модернизациялаш, реконструкция қилиш, янги, замонавий ускуналар билан таъминлаш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.

Жумладан, вилоятда ҳам соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида 2019-2022 йилларга мўлжалланган дастур асосида иш олиб борилмоқда. Эски бош биномиз ўрнига Наманган шаҳрининг Юксалиш даҳасида икки қаватли, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган янги бино қурилади. Бу мақсадга давлат бюджетидан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. 0,2 гектар майдонда жойлашган мажмуада янги метеостанция ҳам жойлашади ва йигирма беш мутахассис фаолият юритади.

Яқинда Поп шаҳридаги метеорология станциясини тўлиқ янгитдан қуриш, модернизация қилиш бўйича танлов ўтказилиб, пудратчи аниқланди, лойиҳалар ҳам тайёр. 325 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган станция қурилиши бошланиш арафасида турибди.

2021 йилда эса Косонсой туманида метеорологик станцияси барпо этилади. Қарийб чорак асрдан бери вилоятнинг тоғли ҳудудларида бу турдаги метеорологик кузатув станциялар бўлмаганлиги боис об-ҳавони аниқ таҳлил қилишда кўплаб муаммоларга дуч келинар эди.

Қамчиқ довонида Ангрен-Поп электрлаштирилган темирйўлининг қурилиши водий вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлашда ўта муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз. Биз эса, «Яшил иқлим фонди» халқаро лойиҳалар фонди томонидан ўтказилган мазкур электрлашган темирйўл туннелларининг кириш-чиқиш қисмида иккита қор кўчки станцияси лойиҳасини ютиб олдик. Унга асосан, 2019-2020 йилларда умумий қиймати 1 миллиард 570 миллион сўмга яқин иккита станция бино-иншоотлари барпо этилди.

Шунингдек, фонд томонидан 2021 йилга Наманган ва Тўрақўрғон туманлари оралиғида ўрнатилиши режалаштирилаётган локаторлар ёрдамида булутлар таркибини аниқлаш имкониятларига ҳам эга бўламиз. Бу ускуна ёрдамида қайси ҳудудда кучли жала, ёғинлар ёғиб ўтиши тўғрисида 2-3 соат олдин тўлиқ маълумот олиш мумкин. Ҳозирги глобал иқлим ўзгараётган пайтда унинг қанчалик фойдали эканини бир сўз билан ифодалаш жуда ҳам қийин. Яна шуниси аҳамиятлики, 1 миллион 200 минг долларлик мазкур лойиҳа водийда ягона бўлади.

Худди шу каби вилоятдаги барча гидрометеорология станциялари, постлари ва бўлимлари ҳам модернизация қилинади. ФВБ ахборот-таҳлил хизмати билан биргаликда сел, сув тошқини хавфи мавжуд ҳудудларга сиреналар ўрнатиш, локатор маълумотлари ёрдамида қўшни ҳудудларда юз бераётган кучли ёмғир, дўл, жала ва селларни олдиндан огоҳлантириш, аҳолини реал эвакуация қилиш ишларини амалга оширишни режалаштиряпмиз.

3 435
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА